Баҳром жуда бахтиёр эди. Унинг бахти, яхши кунлари ҳеч кимда йўқ эди гўё… Ўқиб-ўрганиб катта бир жарроҳ даражасигаетиш, яна Мавлудадек ақл- фаросатли қизга уйланиб осуда, ширин ҳаёт кечириш ҳар қайси йигитга ҳам насиб қилавермасди-да!.. Аммо… Ўша ер ютгур фалокат қаддини букиб қўйди. Тасодифан трамвай тагида қолиб бир ҳолатга етган Мавлудасини ўзи ишлаётган касалхонага олиб келишганида… Ичида… Вужудида қандай тўфонлар бўлмади… Ўзи билади… Буни ким ҳам тушунарди… Севиклиси, якка-ю, ёлғиз суянчиғи ҳушсиз, оғир ётса-ю, катта бир жарроҳ бўла туриб ёрдам беролмаса, ҳушига келтиролмаса… Қандай бедодлик?.. Қандай кўргулик?.. Нима қилсин?.. Қандай йўл тутса, хотинини ҳаётга қайтаради?..
Баҳром шуларни ўйлаб умид билан бир ойдан бери ҳануз ҳушсиз ётган Мавлудага тикилди. Қони деярли қоча бошлаган қўлларини юзига босиб оғир уф тортди.
— Мавлуда, кўзингни оча қолсанг-чи!.. Қара, баҳор ҳам келди… Кеча кичик уканг Дилмурод сенга атаб бир даста гул опкепти, қарагин!..
— Баҳром, оғайни, бардам бўл!.. — у кутилмаган овоздан сесканиб бошини кўтарди-ю, тепасида бош врач Шокир акани кўриб оҳиста ўрнидан турди, — Кўриб турибсан, қўлимиздан келган ҳамма ишни қилиб кўрдик… Фойда қани?.. Бечора… Кундан-кунга музлаб боряпти…
«Йўқ… Баҳромга бу гапни айтишмаса бўларди… Ахир у ҳали нафас олаётган суюклисидан қандай умид узади?.. Наҳотки, худо ҳам ундан марҳаматини дариғ тутаётган бўлса?.. Наҳотки, ўша сабил трамвайни деб хотинидан айрилиб қолаверса?..»
Баҳром беихтиёр Мавлудани маҳкам қучди-ю, ўкириб йиғлаб юборди…
***
Ўша куни Баҳром навбатчилик қилаётган юрак жарроҳлиги бўлимига янги беморни олиб келишди. Исми Насиба экан… Юраги порог бўлган эди шўрликнинг… Баҳром уни текширишда давом этаркан, кўзларига ишонмасди… «Наҳотки… Одам одамга шунчалик ўхшаса?.. Кўзлари, қошлари… Ҳатто лабларигача Мавлуданинг ўзи-я!.. Нима қилиш керак?.. Касаллик муддати ўтиб кетибди… Нари борса, ўн беш кун яшайди… Ундан ўтолмайди… Лекин… Хотини-чи?.. — Баҳром миясига келган фикрдан сесканиб кетди… — Йўқ… Бундай қила олмайди… Ҳали ўлмаган хотинини… Худо кечирмаса-чи?.. Балки… Мавлуда яшаб кетар… Билмайди… Билмайди…
— Ҳамшира!.. — Баҳром телбаларча югуриб йўлакка чиқди.
— Лаббай!.. Бирор нарса керакмиди?..
— Тез бош врачга қўнғироқ қилинг… Янги келган бемор оғирлашиб боряпти…
Орадан бир соатча вақт ўтгач, Шокир ака ҳовлиққанча палатага кириб келди.
— Нима гап?.. Нима фалокат?.. — Баҳром беихтиёр бош врачнинг кўзларига тик қаради.
— Шокир ака, фақат… Ростини айтинг… Хотинимнинг қанча умри қолди?.. — Шокир аканинг боши эгилди… Афтидан, у ҳақиқатни айтишга ботинолмасди…
— Буни сенга айтиш жуда оғир, — деди у ниҳоят кўзларини олиб қочиб, — Бироқ… Сен шифокорсан… Худонинг қудрати билан қанча бемор кўз ўнгимизда жон берган… Нимаям қила олардик?.. Ўлим ҳақ-да, ука!.. Хотинингга келсак, хафа бўлма… Қаддингни тик тут… У… Эрталабгача етсаям катта гап…
— Нима?.. — Баҳром худди ток ургандек сапчиб ўрнидан туриб кетди. — Нега энди?..
Аммо… Уни яна бир куч орқага — илгариги ҳолига қайтарди. Йўқ… У тақдирга тан беришга мажбур… Ахир… У шифокор-ку!.. Бир ойдан бери хотинини тузата олмади… Нега энди яна дод солмоқчи?.. Дунёни бузмоқчи?.. Шу кунгача ким худодан устун келибди?..
Баҳром иложи борича ўзини босиб қайтадан Шокир акага юзланди:
— Майли… Пешонамдан кўрдим… Фақат… Менда бир фикр бор… — деди у зўрға ерга боқиб. — Шу… Мавлуданинг юрагини… Насибага қўйсак… Ҳеч бўлмаса, шу аёл тузалиб кетармиди…
Шогирдининг кутилмаган таклифидан ҳайратга тушган Шокир ака бир зум каловланиб қолди. «Нималар деяпти у?.. Қандай?.. Ахир бу ишни қилиш учун унга темирдан тоқат керак!..»
— Гапингга тушундим, — деди Шокир ака Баҳромнинг елкасига қўлини қўйиб, — Нима бўлгандаям менинг шогирдимсан-да!.. Шифокорсан-да!.. Лекин… Бундай оғир ишга сени қўлинг борармикин?.. Ўз қўлинг билан мосламаларни ўчира олармикинсан?.. Йўқ… Бундай йўл тутишга сени нима мажбур этди ўзи-а?..
— Насиба нимаси биландир хотинимга ўхшаб кетаркан… Қолаверса… Мавлуда… Барибир тузалмаса…
Қанчалик оғир бўлмасин, бу гаплардан сўнг Шокир ака ҳам лом-мим демади. Ердан кўзларини узолмай ҳамширани чақирди ва Мавлудага ўрнатилган мосламаларни ўчиришга буйруқ берди.
***
Барибир Баҳромнинг ҳаракатлари зое кетмаганди. Баҳром ҳақидаги турли мақтовлар, қўнғироқлар кўпая боргани сари Шокир акага алам қиладиган бўлиб қолди. Ҳасад қон-қонига сингиб кетган врач қаёқдан билибди?.. Бу «аҳмоқ» шогирдининг марҳума хотини баҳонасида шунақанги машҳурлашиб кетишини хаёлига келтирибдими?!
«Ўл-а, ярамас, — асабий пичирларди Шокир ака ҳар сафар шу нарса эсига тушганда, — Ном чиқараман деб ўз хотинингни жувонмарг қилдинг-а!.. Яна керилишингга бало борми?.. Қизиқ… Қўлига бир вақтлар пичоқ тутиб кесишга ўргатган устози буёқда қолиб, қаёқдаги она сути оғзидан кетмаган шогирдча ҳамманинг кўз ўнгида илгарилаб кетса… Шу ишни шерикчиликда қилсаям ўлиб-нетиб қолмасди баттол… Йўқ… Сен ҳали мени билмас экансан… Устозга беҳурматлик қилишни кўрсатиб қўяман сенга!.. Шундай қилайки, дардингни бировга айтолмай, мум тишлаб қолгин…»
Насиба янги юрак билан яна ҳаётга қайтди. Тез орада аста-секин оёққа туриб, ҳатто ўзи палатани айланиб юрадиган бўлди. Бундай жиддий ишга умрида илк маротаба қўл уриб бутун республикада тилга тушган Баҳром тез-тез ундан хабар олар, Насибани ҳар кўрганида ҳаётида ҳеч бўлмаса битта одамга яхшилик қила олганидан ғурурланар, бошқа томондан эса, Мавлуда кўз ўнгида гавдаланган сари эзиларди… Баъзан Насиба икковлари ҳам бир-бирларига узоқ вақт сўзсиз термулиб қолишар, шунда ҳам… Беихтиёр Баҳром сесканиб кетиб… дарров кўзларини олиб қочар, кейин… Анчагача ўйланиб юрарди: «Нега бу аёлдан узоқлаша олмай қолдим?.. Нега ундан кўзимни узолмаяпман?.. Севиб қолдимми уни?.. Йўқ… Мен Мавлуданинг руҳига хиёнат қилишим мумкин эмас… Мумкин эмас…»
Ана шундай ўйлар гирдобида юрган кунларининг бирида тўсатдан яна бош врач чақириб қолди.
— Бу нимаси энди?.. — дея беихтиёр пўписа аралаш сўз бошлади Шокир ака, — Савоб иш қилишга-қилдинг… Манаман деган дўхтирлар журъат этолмаган ишни қилиб машҳур бўлишга-бўлдинг… Энди нега у аёлнинг палатасидан кетолмай қолдинг?..
— Мен нима ёмон иш қилибман?..
— Э, бутун касалхонада дув-дув гап… Нимаймиш, Баҳром ўзи даволаган бемор аёл билан дон олишиб юрганмиш… Ахир… Хотининг яқинда ўлган бўлса…
Бу гапни эшитиб, Баҳромнинг аъзойи бадани музлаб кетди.
— Ахир… У касал-ку!.. — дея олди зўрға, — Қандай қилиб?..
— Йўқ, оғайни, — деди бош врач бармоғи билан столни асабий чертиб, — Сен, албатта, шогирдимсан… Озми-кўпми, ҳарқалай, сени шу даражага етишингга меҳнатим синггандир… Аммо… Менам нима қилай?.. Қўлимдан нимаям келади?.. Ана шу миш-мишлар «катта»нинг қулоғига етибди… Очиғини айтсам… Энди бироз уйда дам олиб туришингга тўғри келади шекилли… Шу… Миш-миш ўлгурлар пасанда бўлгунгача-да!..
— Шунақами?.. Буларнинг ҳаммаси шунча қилган меҳнатим эвазигами?.. Майли… Майли… Лекин… Лекин… Буни сиздан кутмагандим… Ҳа, кутмагандим. — Баҳром шундай деди-ю, бошини қуйи солганча хонадан чиқиб кетди. Бош врач эса икки қўли билан бошини чангаллаганча ҳануз ичидан зил кетарди.
***
Баҳром ҳақиқатан адолатсизлик, таъмагирлик қурбони бўлди. Ҳам ишидан, ҳам суюкли хотинидан айрилиб уйда ўтиришга маҳкум этилган йигит учун дунё қоронғи эди. У шу кўйи икки ойни ўтказди… Бироқ қай томонга боқмасин, кўз ўнгида ўша Насиба гавдаланаверарди. Ҳар сафар уни ўйлаганида Мавлуда ёдига тушар, гўёки Насибани топса, Мавлуда қайтиб келадигандек туюлаверарди… Аммо у қани?.. Унинг на манзилини, на телефонини билади… Ҳойнаҳой, аллақачон тузалиб ҳам чиққандир…
Кунларнинг бирида Баҳром бирор егулик сотиб олиш илинжида бозорга тушди. Бозор кенг, тўполон. Бу ерда оломон орасига тушиб қолсанг, орқага ўгирилиш учун имкон тополмайсан киши. Шу пайт Баҳром ўзи сезмаган ҳолда бир аёлни туртиб юборди. Аёлнинг қўлидаги сумка ерга тушиб, нарсалари ҳар тарафга сочилиб кетди. Аёл жаҳл билан Баҳромга қаради. Эҳтиётсизлиги учун яхшилаб уришиб қўймоқчи бўлди, чамаси… Баҳром эса, хижолат тортиб шошилинч аёлга ўгирилди-ю… Ҳушини йўқотаёзди… «Наҳотки, бу ўша?..»
Таниш кўзлар бир-бирига тўқнашди. Аёл ҳам уни таниб… Бирпас каловланиб қолди.
— Насиба… Сиз ўша Насибасиз-а?.. — Ниҳоят жимликни бузди Баҳром, — Сиз ўшасиз-а, тўғрими?..
Насиба жавоб бериш ўрнига кўзида ёш билан ҳануз Баҳромдан нигоҳини узолмасди.
— Мен… Тўғриси… Сизни бутунлай йўқотдим деб ўйлагандим… Қаранг… Бахтим бор экан…
Насиба яна жавоб бермади… Аниқроғи, ўпкаси тўлиб сўз айтишга куч тополмади ўзида. Фақат, халоскорининг елкасига беихтиёр бошини қўйди-ю, зўрға дея олди:
— Мен сизни кутгандим…
Бу тасодифий учрашув икковларига ҳам бахт келтирди. Тез орада мўъжазгина ресторанда тўй бўлди. Тўйдан сўнг эса келин-куёв Мавлуданинг қабрига бориб уни ёд этишди. Ўша куни Баҳром Мавлудани тушида кўрибди. Тушида Насибанинг ўрнида келинлик либосига ўралиб…
Мавлуда ўтирганмиш. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|