Президентнинг эрка қизи йиллар давомида ўз халқи бойликларини ғорат қилди. Гўё мамлакат онаси маҳрига берилгандек, барча даромадли соҳаларни зўравонлик билан қўлга киритди. Халқи кулбаларда жон сақлаётган бир пайтда у дунёнинг номдор шаҳарларида данғиллама қасрлар сотиб олди. Миллионлаб миллатдошлари бир бурда нонга зор яшаётган бир паллада у жаҳонга машҳур «юлдуз»лар даврасида базми жамшидлар уюштирди. Падари президент эмасми, арзанда маликанинг мушугини пишт дейишга ҳеч ким журъат эта олмади...
Гап олис Африканинг Ангола давлатини салкам 40 йил (1979-2017) давомида темир мушт билан идора қилган Жозе Эдуарду душ Сантушнинг қизи Изабель хоним ҳақида кетмоқда. Африканинг энг бой аёли деб тан олинган Изабель душ Сантушнинг жиноий қилмишлари Халқаро текширувчи журналистлар уюшмаси (ICIJ) томонидан фош этилди.
«Luanda Leaks» деб аталган текширув саккиз ой давомида 120 дан зиёд журналист томонидан олиб борилди. Зийрак ва закий журналистлар юз минглаб ҳужжатларни синчковлик билан ўрганиб, ўзини ҳалолу пок тадбиркор ва саховатпеша малика тимсолида кўрсатиб келаётган Изабель душ Сантушнинг асл қиёфасини очиб ташладилар. Маълум бўлишича, Ангола президенти ўз раҳбарлик даврида халқ мулини ўмариш борасида қизи Изабелга чексиз-чегарасиз имкониятлар туҳфа этган. Изабель ҳамда унинг бизнес ҳамкори ва турмуш ўртоғи Синдика Доколо ўн йиллар давомида Ангола бойликларини талон-торож қилган. Эр-хотин 40 дан зиёд мамлакатдан юзлаб сохта ширкатлар ташкил этган. Мальта, Ҳонконг, БАА, Маврикий каби ўлкаларда рўйхатдан ўтган қўлбола ширкатлар орқали Ангола бойликлари усталик-ла ўмарилган.
1999 йили эндигина 26 ёшга кирган Изабель «Angola Selling» компаниясини таъсис этади. Ота суюкли қизига тегишли мазкур компанияга мамлакат олмосларини эксклюзив тарзда сотиш ҳуқуқини пешкаш қилади. Бир йил ўтиб, Ангола ҳукумати Unitel уяли алоқа компаниясига лицензия тақдим этади. Уяли алоқа бозорида монопол мавқега эга компаниянинг эгасию таъсисчиси ҳам президентнинг эрка қизи эди. Шу тариқа 30 ёшга кирар-кирмас Изабель миллионлаб доллар бебилиска бойлик орттиради, Лондону Лиссабонлардан серҳашам саройлар сотиб олади. Қисқа фурсатда йирик банклар, нефть, коммуникация ширкатлари ва заргарлик уйлари акцияларига эга чиқиб, Африканинг энг давлатманд аёлига айланади. Маълумотларга қараганда, унинг бойлиги 2-3 миллиард долларни ташкил этади.
«Luanda Leaks» деб аталган кенг кўламли текширув эълон қилиниши ортидан Ангола ҳукумати Изабель душ Сантушни ватанига қайтариб жиноий жавобгарликка тортиш учун барча чоралар ишга солинишини эълон қилди. Мамлакатда унга қарши жиноий иш очилди ва маблағлари «музлатилди». Табиийки, Изабель душ Сантушнинг ўзи бу айбловларни буткул рад этмоқда. 2017 йилда кекса мустабид Жозе Эдуарду душ Сантуш сиёсий босимлар остида президентликни топширишга мажбур бўлган эди. Ўшандан буён собиқ малика Лондон ва Дубайда яшамоқда.
Изабель душ Сантушнинг қинғир ишлари Ўзбекистоннинг собиқ маликаси Гулнора Каримованинг жиноятларини ёдга солади. Бу икки хоним тақдирида ўхшашликлар талайгина. Улар деярли бир пайтда, бир маконда (собиқ Иттифоқ ҳудудида) дунёга келган: Гулнора Каримова 1972 йили Фарғонада, Изабель эса 1973 йили Озарбойжоннинг Боку шаҳрида туғилган (Анголанинг бўлажак президенти Жозе Эдуарду душ Сантуш рафиқаси, СССР фуқароси Татьяна Куканова билан Боку университетида таҳсил йиллари танишган эди). Икки хонимнинг ҳаёт тарзи, шахсий тутумию бойлик орттириш усулларида ҳам ўхшашликлар талайгина. Аммо бу – алоҳида мақолага мавзу бўладиган масала... Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|