12 апрель куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева 70 ёшини қарши олди. Актрисанинг фарзандлари, куёвлари ва неваралари ушбу сана муносабати билан видеотабрик тайёрлади. Видеоролик актрисанинг кенжа фарзанди Муқаддас Саъдуллаеванинг Instagram’даги саҳифасига жойлаштирилди.
«Онажоним, она бўлиб қадрингизни билдим, меҳрингизни яна ҳам ҳис қилдим. Тун ярмига оғганда, бор дунё уйқуга кетганда ҳам мени ўйлаб, жойнамоз устида дуо қилиб ўтирганингизни биламан. Сизни ва адажонимни дуолари мени бахтли қилди, балолардан асраяпти. Онажоним мени, кўнглимдаги адоғсиз соғинчимни, ададсиз меҳримни доим сизга етказа олмайман. Қаршингизда турганимда, оқ оралаган сочларингизни силаб, ажинларингизни ўпиб, иссиқ қўлларингизни юзимга босиб, меҳримни, раҳматимни айтгим келади.
Аммо доимгидай болаларнинг чуғур-чуғури мени чалғитади. Бугун юртимиз бошига келган қайғули дамда, синовларга бардошимиз имтиҳон қилинаётганда бизни дуоларингиз кучи ҳимоялаяпти, онажоним. Олдингизга етиб боролмайман. Кунда бир неча марта телефон орқали гаплашсак-да, тўймайман сизга. Нафасингизни ҳис қилгим, тафтингиздан қувват олгим келяпти, онажон!
‘Ҳозирги ҳавога ишонма, оёғингга иссиқ кийиб ол’ — дейсиз телефонда. Онагинам-ай, ўзингиз-чи, деб сўраб улгурмайман. Яна қайғумни қиласиз, болаларимни бирма-бир сўрайсиз, мен эса сиздан ҳол-аҳвол сўраб улгурмайман. Кичкинам йиғлаб қолади ва доимгидай тезгина хайрлашиб, ўз ташвишларимга шўнғиб кетаман. Сиз эса мени ўйлаб жойнамоз томон юрасиз. Биламан... Ҳозир ярим тун. Тунда меҳримни сизга изҳор этишни истадим. Мен сизни жуда яхши кўраман, онажоним!
Борлиғим билан Аллоҳдан сизга соғлик, юртимизга ва дунёга офият сўрайман. Аллоҳнинг меҳри буюк.
Онажон, барчамиз ушбу кунда ўз хонадонларимизда турган ҳолда, фақат акажоним уйдан олисда, ватанимиз халқимиз учун посбон бўлиб хизматда турган ҳолда ушбу соғинчли табригимизни сиз томон армуғон этаман. Таваллуд кунингиз, улуғ 70 ёшингиз ҳаммамизга муборак бўлсин, онажоним! Биз халқимиз билан бу синовли кунларни Иншааллоҳ, албатта, енгиб ўтамиз! Тез орада дийдор кўришамиз», — деб ёзади Муқаддас Саъдуллаева.
Видеотабрикда Гулчеҳра Саъдуллаеванинг ўғли, қизлари Гулираъно ва Муқаддас, куёвлари Фатҳулла Маъсудов, Йигитали Мамажонов ҳамда неваралари актрисага дил изҳорини баён этган.
Маълумот учун, Гулчеҳра Саъдуллаева кўплаб фильм ва спектаклларда бетакрор образларни гавдалантирган. Актриса дубляж санъати ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшган. Унинг «Ўткан кунлар»даги Зайнаб, «Баҳор қайтмайди»даги Муқаддам образлари айниқса томошабинлар ёдида қолган. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot https://nemolchi.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|