Мен Дўлтаев Дамин ёруғ дунёда беармон яшадим. Еганим олдимда, емаганим ортимда бўлди. Қоп-қоп пул топдим. Қўша-қўша саройлардек уйлар қурдим. Мен таниган ҳар бир одам қаршимда қуллуқ қиларди. Ҳеч ким менинг сўзимни кесишга журъат этолмасди. Аммо одамнинг оласи ичида бўларкан. Гоҳи-гоҳида уйимдан ҳов анча наридаги мачит ёнидан ўтиб қолсам, Саминбой деган муллавачча мени тўхтатиб нуқул бўлар-бўлмас гаплар билан бошимни қотирарди. Бир кўнглим битта гап билан қайириб ташлай дердим-у, қилиб юрган ишимни, қай йўл билан пул топишимни билиши шаштимдан қайтарарди. Чунки бу муллавачча устимдан ёзиб юборишини билардим…
— Одам ўлгач, — дерди Саминбой. — Руҳи арши аълога парвоз қилади. Олдин қабрдаги мунканнакрларга сўроқ-савол беради. Худонинг қудрати билан фаришталар ўлган одам жасадини қабрнинг ичидаёқ тик кўтариб, руҳини вақтинча вужудига киритишади. Ҳар бир қилган гуноҳларига сўроқ бермагунча тинч қўйишмайди…
— Вей, — дедим кунларнинг бирида. — Сен муллавачча кимнинг қулоғига лағмон осяпсан ўзи-а? Қанақа руҳ? Қанақа мунканнакр? Қанақа сўроқ-савол? Вей, эшакмия, одам ўлдими, тамом, ўчди, тошга айланди дегани. Руҳ арши аълога чиқармиш… Нима, ўша руҳнинг қаноти бормидики парвоз қилса? Бўладиган гапдан гапиргин, муллавачча!
Саминбой бу таҳдидли гапларимдан сўнг, шубҳасиз, тилини тийди-ю, ими-жимида жўнаб қолди…
Афсус, бузоқнинг югургани сомонхонагачайкан. Куни кеча улфатлар билан маишат қилиб, нормани оширворибман. Бошимга бало бўлди. Аварияга учрадим…
Мен бекор Самин муллаваччани койиган эканман. Гаплари ҳақиқатга йўғрилганини мана, ўлганимга икки кун бўлгач, тан олиб турибман. Тўғри, қабрда сўроқ-савол берганимча йўқ. Балки умуман бермасман ҳам. Бироқ қийноқлар… Ҳа, руҳий қийноқлар мени адойи тамом қилмоқда. Ана, саройлардек қилиб қурган уйим қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишга лиқ тўлган. Тез-тез ҳовлининг оппоқ парда илинган четидан аёлларнинг уввос солиб йиғлаётганларини эшитиб қоляпман. Улар орасида қизим Маржона, хотиним Салтанатларнинг йиғиси жуда юрагимни эзиб ташлаяпти. Баъзида уларга берида туриб Маннопбой деган ёлғиз ўғлим ҳам жўр бўлиб қўйяпти…
Йўқ, чидай олмайман. Ғалчага ўхшаб йиғлашлари асабимни бузяпти. Дарвоза ортидан уларнинг йиғисини эшитгандан кўра, ичкарига кираман…
Қизиқ, буниси ғалати бўлди-ку! Дарвоза ёпиқ эди. Аммо мен очмасдан уни гўё ёриб ўтиб кетдим. Наҳотки, мурдалар шундай қудратга эга бўлса?..
Ичкарига қадам қўйдим-у, шошилмасдан ҳар бир таниш, қавм-қариндош, хотиним, ўғлим, қизимнинг қаршисига яқин бориб юзларидан силашга тутиндим. Ё алҳазар! Ҳеч кимнинг юзини силай олмадим. Қўлим ҳавода муаллақ қолаверди. Баттар хунобим ортиб хотинимни қучишга аҳд қилдим. Қуча олмадим, биродар, қучолмадим уни!..
Ғазабдан базўр ўзимни тийиб овозим борича ҳайқирдим.
— Ҳой, ғалчалар! Мен шу ердама-ан! Хоти-ин, нега қоққан қозиқдай турволиб йиғлашдан бўшамайсан? Мана, мен қаршингдаман! Кирмайсанми бағримга?..
Не қилайки, ҳеч ким ҳайқириғимга жавоб қилмасди. Ҳатто, қилт этиб қўймасди…
Шу маҳал оғилхонадан боқиб қўйган ҳўкизимни икки тансоқчим етаклаб чиқаётганига кўзим тушди. Тутаб кетдим, ишонасизми!?. Ахир, бу ҳўкизни не ниятда манаман деган фермерларни ёллаб боқтирганман! Нега тегишади унга?
Жонҳолатда бориб ҳўкизга ёпишдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, қўлим тегиши билан ҳўкизим пишқириб тансоқчиларнинг қўлидан чиқиш учун ҳаракат қила бошлади. Силтанарди, лекин кучи етмасди. Тансоқчиларим икки арқонни маҳкам ушлаб олишганди…
Буниси ҳам ғазабимни баттар жунбушга келтирди. Ахир… Хотиним қаёққа қараяпти? Нега уларга ҳўкизни бериб қўйди?..
Афсуски, қўлимдан ҳеч вақо келмади. Қолаверса, аллакимларнинг гапи қулоғимга чалиниб пича шаштимдан тушгандек бўлдим. Худойига шу ҳўкизни сўйишмоқчи экан.
Аламим келди-ю, худди ўзбошимча хотиним, йиғилганларнинг барчасига, тансоқчиларга зарда қилган каби томорқамга ўтиб кетдим. У ерда севимли овчаркам «Рекс»нинг уйчаси зоҳир эди. Овчаркам уйчаси ёнида ётганча пинакка кетган экан. Мен яқин бормасдан дафъатан бошини кўтарди-ю, ўрнидан турди ва вовиллай бошлади.
Мен унга яқин бориб бошини силамоқчи бўлдим. Бахтга қарши тириклигимда нуқул оёғимга суйкалиб эркаланадиган ит ўзини нари олди-ю, қаттиқроқ вовиллай бошлади…
Бу манзара ҳам қалбимни тилкалаб ташлаганди гўё. Қаранг, яқинларим мени кўришмаса, ё кўриб кўрмаганга олишса. Ит кўрди-ку! Нима ўзи бу? Қайси айбим учун «Рекс» мени ёмон кўриб қолдийкин? Ҳеч қачон уни ранжитмагандим-ку!..
Хуллас, саволлар кўп, аммо биронтасига жавоб йўқ эди.
Маҳзун тортиб осмонга боқдим.
Қош қорая бошлабди.
Ҳа, менга, аллақачон тошга айланиб улгурган бандага ўз уйимда ҳам жой қолмабди. Энди жасадимнинг ёнига бораман. Унга ҳасратларимни тўкиб соламан.
Агар рози бўлса, ярим тунда қабристонни биргаликда сайр қиламиз.
Шу баҳонада кўнгилни тинчлантирамиз.
Тақдирга тан берамиз!..
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|