Сабриниса тепасида кимнингдир беўхшов шанғиллашидан уйғониб кетди.
Қаноат қўшмачи экан.
У Сабринисанинг тепасига туриб олганча қошлари чимирилган кўйи сўзланарди.
— Ҳа-а, жонидан, соат 11 бўлди! Ҳалиям сасиб ухлаяпсанми? Пулни чўз, пулни! Қани Мерган ака? Нега ёнингдамас? Қачон кетди?..
Сабриниса кўзларини ишқалай-ишқалай, ўрнидан туриб ўтирди-да, тепасида икки қўлини белига тираганча чақчайган кўйи турган қўшмачига жавдираб боқди.
— Ҳа-а, нега қотиб қолдинг алламбалонинг алламбалосига ўхшаб? — дўқлай кетди қўшмачи. — Қани деяпман Мерган? Пулларни бермайсанми?..
Сабриниса яна бир муддат сукут сақлаган ҳолда ўтириб қолди-ю, қўрқа-писа ўрнидан қўзғалди.
— У… Пул бергани йўқ, опа, — деди эшитилар-эшитилмас. — Менга… Бир балони ичирганди. Кейин… Ухлаб қолибман…
— Нима? — қўшмачи Сабринисанинг икки елкасига чанг солди. — Нима дединг? Пул йўқ? Ичирди? Нима ичирди?
— Қайдам? — бўйин қисди Сабриниса. — Ҳеч нарсани эслай олмаяпман.
— Бекорларнинг бештасини ебсан, уқдингми? Сени билмасаканман. Шунақа одатларингам бормиди ҳали? Минг долларлик мижозни қўйнингга солиб қўйсам-у, сен у билан келишиб, пулини беркитиб олсанг. Э йў-ўқ, ойимча, мен сенлар ўйлаганчалик гўл эмасман. Ҳарқалай, ўн беш йилдан бери шу бегона шаҳарда қўшмачилик қиламан. Бойваччаларнинг ҳожатини чиқараман. Сендақаларни-чи, кўпини кўриб қўйган хотинман. Бўл тез, асабимни бузмай, Сабри, пулларни яхшиликча қўлимга бер-да, қури беттан! Сендақа машенникларга кўзим учиб тургани йўқ!
— Опа, нега ишонмайсиз? — зорлана бошлади Сабриниса йиғлаб. — Унингиздан бир тийин ҳам олганим йўқ. Охирги марта қандайдир қизил ичимликни қўлимга тутқазгани эсимда холос. Ўша матоҳдан бир ҳўпладимми, икки ҳўпладимми, буниям эслай олмайман. Ухлаб қолибман…
— Шунақами? — дея гезарди қўшмачи иш чиқмаслигини кўнгли сезган каби ортга тисланиб. — Унда ечин! Мен ичингга пул беркитмаганингни ўз кўзимминан кўришим керак. Бўл тез! Сендақаларминан пачакилашиб ўтиришга вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ. Вай, бў-ўл! Нега безрайиб турибсан?..
— Менга ишонмаяпсиз-а, опа? — йиғи аралаш ечинишга тутинди Сабриниса. — Наҳотки, қаёқдаги минг долларни деб…
— Э, бўл тез, — қўл силтади қўшмачи. — Дийдиёларингни хола пошшангга айтасан…
Сабриниса эгнидаги ҳамма кийимларни ечиб қўшмачининг қаршисида қаддини ғоз тутди. Қўшмачи шундан кейин ҳам тинчлана олмасди. Йўлакда ивирсиб юрган бошқа бир фоҳишани ёнига чорлади-да, хонадаги шкаф, қутилар, гилам остиларини кавлаштиришни буюрди. Бу иш ҳам беш дақиқа ичида адо этилди. Аммо пуллардан дарак йўқ эди.
— Майли, — сал паст тушди қўшмачи Сабринисага ер остидан маъноли қараб қўйиб. — Мерган яна эски ашуласини бошлаган кўринади. Лекин-чи, гапинг ҳақиқатан рост бўлса, у хунаса менинг совунимга кир ювмабди ҳали. Ўша минг долларни шундай суғурволаманки чўнтагидан, дардини бировга айтолмай қолади. Пулни эса… Йўқ, Сабри, сен ўша маразни алдаб-сулдаб менинг ёнимга бошлаб келасан!
— У келмайди, — деди Сабриниса бўшашиб. — Шу ерда…
— Келади, — кутилмаганда бақирди қўшмачи. — Менга ақл ўргатма сен! Алдаб-сулдаганингга кўнмаса, пўписа қиласан! Қўрқмаганнинг жони нечтайкан!?. Қаматвораман дейсан! Ёки пулни сенга берсин-у, ора очиқ!
— Уни… Қайдан топаман? Б-билмайман-ку қаерда туришини!
— Затў, мен биламан, жонидан, — деди қўшмачи виқор билан. — Ишлайдиган офисини бераман. Такси ушлайсан-да, бориб опкеласан! Пулни олганимдан кейин-чи, тўрт томонинг қибла! Қорангни ўчирасан! Бу шаҳарда қўшмачи кўп. Биронта лаллайган латтасини топсанг, яшайверасан ўшаникида қора-қура лохларнинг кўнглини олиб!.. Йўқ, тўхта… Ўзингни ёлғиз юбормайман! Сендақаларга ишониб бўлармиди?!. Ана, Машҳура бирга боради сенминан. Тез бўл!..
* * *
Бегона юрт, бегона шаҳарнинг ҳавосига анча кўниккани боисми Сабриниса иссиқ уфуриб турган енгил шабададан то такси тутгунча ёмонлик кўрмади. Фақат қўшмачининг шанғиллашлари ҳануз қулоқлари остида жаранглаб, асабини бузарди. Таксига ўтиргандан кейин ҳам бу товушлар қулоқларини қоматга келтираверди. Ёнида пули етарли бўлса-да, буёғига қаерда яшаш, қандай тирикчилик қилиш ҳақида қайғурди. Қалбидаги Мерганга бўлган нафрати минг чандон ортиб ҳадеганда жазаваси қўзғалаверди.
«Маразлар, — ўйларди у билинар-билинмас тишларини ғижирлатиб. — Тили бир шекилли бу ифлосларнинг. Эски танишлар-ку ҳарқалай. Мени чув туширмоқчи бўлган-да икковлашиб. Ҳали қараб турларинг, уйингга ўт қўймасамми!.. Худога шукр, қоматим ҳам, ҳусним ҳам жойида. Бир қош қоқсам, манаман деган бойваччалар оёқларимни ўпишга тайёр туради. Сен ким бўпсан? Бозори ўтган сигирдай бир нарсасан-да! Ҳе аллақаерларингни селкиллатмай ўл қўйга ўхшаб!..»
Айниқса, унга Қаноат қўшмачининг чиқиб кетаётганда «Ҳали кўраман, бозоринг касод бўлиб кўчаларда тиланчилик қиласан! Илойим гадойваччага айланиб ўлгин мегажин», дея қарғангани Сабринисага алам қиларди. Ёнида жим кетиб бораётган ўзи каби фоҳиша Машҳурага зимдан қараб оларди-ю, қўйиб беришса, уни ҳам юмдалаб ташлай дерди…
Шундай хаёллар билан Мерган ишлайдиган жойга етиб борди. Жуда ҳашаматли ва осмонўпар бино экан. Таксидан тушишгач, Машҳурани эргаштирганча асабий лаб тишлай-тишлай, бино ичкарисига йўл олди.
* * *
Бинодагилар бир зумда Мерган ўтирадиган кабинетни кўрсатишди. Сабриниса бирпас иккиланиб тургач, эшикни тақиллатди. Шу заҳоти ичкаридан «Киринг» деган овоз эшитилди. Бу Мерганнинг товуши эди. Сабриниса Машҳурага совуқ қараб олди-да, эшикни очиб ичкарига кирди.
Кабинет кенг, дид билан безатилганди. Мерган деганлари баланд бўйли, ёши қирқдан ошган соқолли эркак эди.
У Сабринисага кўзи тушгани ҳамоно ранги ўзгариб даст ўрнидан турди.
— Нега келдинг бу ерга? — сўради у салом-аликни ҳам унутиб. — Тинчликми, соҳибжамол?
— Ҳечам тинчликмас-да, — деди зарда аралаш Сабриниса. — Боққа кириб мевасини егандан кейин ҳақини тўлаб қўйилмайдими, ака?
Бу гапни эшитгач, Мерган истеҳзоли тиржайди.
— Ҳақ? Қанақа ҳақ? — деди у елка қисиб. — Тушунтириброқ гапирсанг-чи, сингил!
— Кечаси қилган ишратингизнинг ҳақини. Мени ухлатиб қўйиб сурворибсиз-ку, ака! Уялмайсизми?..
Мерганнинг ранги оқаринқираб истамайгина Сабринисага яқинлашиб келди. Шу орада бир четда қимтинибгина турган Машҳурага кўз ташлаб олди.
— Вей, ўзингни ким деб ўйлаяпсан-а? — дўқлашга ўтди энди Мерган. — Қанақа ишрат? Ҳамма пулни қўшмачингга берганман! Ё сенгаям ҳисоб беришим керакми?
— Бермагансиз ҳеч кимга пул, — деди Сабриниса бўш келмай. — Келинг, ака, тортишмайлик! Пулни беринг-да, биз кетайлик! Қаноат мени икки ямлаб бир ютмоқчи бўлиб ўтирибди. Агар…
— Нима? — Мерган дафъатан Сабринисанинг иягини сиқимлади. — Сен ҳали шантаж қилмоқчимисан? Мени-я? Ҳозир полиция чақириб топширворайми шу гапинг учун? Гапир, манжалақи!.. Ўша қўшмачингниям қўшиб йўқ қилдирворайми!
— П-пулимни… Ҳақимни беринг! — деди энди беихтиёр йиғламсираб Сабриниса. — Туни билан нима қилсангиз қилдингиз. Менам бу юртларга тирикчилик деб келганман. Нега…
— Ўчир чакагингни! — эшитилар-эшитилмас дўқ аралаш шивирлади Мерган. — Тирикчилик эмиш. Шуми тирикчилигинг? Ўзбекни бутун дунёга шарманда қилиб, дуч келганнинг тагига ётиб пул ишлаб тилинг чиқиб қолдими? Ҳойнаҳой, ота-онанг, қариндош-уруғларинг билмаса керак-да шу қандларни еб юрганингни! Мана, энди кунингни кўрасан, соҳибжамол! Полиция ертўласида бир кеча ётсанг, кўзинг мошдай очилади. Улар қариндошларингга хабар юборишса борми… Ана ўшанда…
— Йўқ, йўқ, — Сабриниса азбаройи қўрқиб кетганидан Мерганнинг билагига ёпишди. — Ундай қилманг! Мен… Керакмас! Керакмас!.. Илтимос, топширманг мени полицияга!..
— Ҳа-а, қўрқиб кетдиларми? Албатта қўрқасан-да! Қўрқмай ҳам кўргин-чи!.. Энди-чи, секин хонадан чиққин-у, қорангни ўчир бу ердан! Сендақаларни деб ҳамкасблар олдида шарманда бўлишни истамайман. Башарти ортиқча қадам босганингни, ё шу бино ичида талмовсираганингни эшитсам, ўзингдан ўпкалама! Яхшиси менинг кўзимга кўринмагин бундан кейин! Жуда ёмон бўлади! Мен бу шаҳарнинг энг ҳурматли шахслариданман. Номимга доғ туширсанг, нақ ўлдиртирвораман! Ўлигингни итларга едираман!.. Тушундингми? Ё полицияга қўнғироқ қилаверайми ҳалиям?..
— Йўқ, йўқ, — Сабриниса шоша-пиша уёқ-буёғини тўғрилаган бўлди-да, хонадан чиқишга чоғланди. — Бўлди, ака, тушундим. Кетаман! Пулингизам керакмас! Керакмас!..
* * *
Кўчага чиқишгач, Машҳурани ортга жўнатиб юборди. Мерган айтган гапларни қўшмачининг қулоғига қуйишни тайинлаб, такси жойидан жилган заҳоти аста автобус бекатига борди-да, ўриндиқлардан бирига чўкди.
Сабринисанинг хаёллари шу тобда алғов-далғов бўлиб кетганди. Қалбининг туб-тубини нимадир кемирар, ҳар кемирганда дили оғриб-оғриб берарди.
Гўё вужудига аллақачонлар ҳукмини ўтказиб, аъзойи баданига астойдил жойлашиб олган иблис нари чекинган каби кўзлари жиққа ёшга тўла борарди.
Ҳали 20 га кириб улгурмаган бу енгилтабиат қиз нималар қилиб қўйганини энди-энди англай бошлагандек сергак тортди. Телбаларча даст ўрнидан турди-да, серқатнов йўл бўйига чиқди. Сўнгра тўхтаб, яна телба каби бош эгган кўйи ўзини назоратдан ўтказа бошлади. Кейин эса яна ортга қайтиб ўриндиққа чўкди ва бошини ўриндиқ устунига тираганча кўзларини юмди.
«Нималар қилиб қўйдим? — хаёлан сўзланарди Сабриниса. — Кимларнинг ортидан кетдим? Нега буёқларга келдим-у, қизлик иффатимни пулга сотдим? Нимага, кимларнинг хушомадига учдим? Нима учун мени маст-аласт эркаклар қучганида, хушомадлар қилиб шармандаларча баданимга қўл югуртирганда, уларни силтаб ташлай билмадим? Ота-онам, қариндош-уруғларнинг ҳам насиҳатини, маслаҳатини, айниқса, онам шўрликнинг зорланиб йиғлашларини ҳам тенгсамадим. Фақат пул, пул ва яна пулга ўчлик қилдим. Кўкимтир қоғоз пулни илк бор қўлимга олганимда, кўзларим чақнаб, юрагим безовта урганини ҳис этдим. Шунчалар ширинми бу пуллар? Шу пулларга сотилдимми? Ҳозир ҳойнаҳой мен тенгилар иккитадан болани туғволиб, ўз уйида ўйнаб-кулиб яшаётгандир. Тўйлар қилишгандир. Меҳмон кутиб, меҳмон кузатишгандир. Қайнона-қайнотаси, эрининг алқашларини ҳар куни эшитиб, кўнгиллари осмон бўлаётгандир. Мен бўлсам, шуларнинг барига тупурдим. Икки хаёлим серсавлат, пулдор, кўз қарашлари бургутники каби ўткир эркакларда бўлди. Шуларни деб ватандан ҳам, орзуларимдан ҳам кечдим…
Эсдан чиқармиди. Нариги маҳаллалик Ўринбой ака нуқул орқамдан юргани юрган эди. Мени жуда яхши кўрарди. Отаси ямоқчи бўлгани учун ўшаниям менсимадим. «Бир камим ямоқчига келин бўлишми?», деб ўзимча ноз-фироқ қилдим. Хўш, энди-чи? Энди кимларга айландим? Наҳотки, шу хатоим туфайли энди бир умр хор бўлиб яшасам? Қайта олмайманми бу йўлдан? Йўқ, қайтаман! Қайтмасам бўлмайди. Қишлоғимга етволсам бас, ўша Ўринбой акага бўлсаям тегиб кетаман. Етар!. Етар!..»
Шу тобда Сабринисанинг вужудига ўрнашиб олган иблис нари чекингандек, руҳан енгил торта бошлаганини ҳис этарди.
Кўз ёшларини дастрўмолчасига артганди, киприк-қовоқларига чапланган бўёқлар ҳам қўшилиб чиқди. Шундоқ ҳам аламига чидай олмаётган фоҳиша зарда аралаш дастрўмолчани четга ирғитди-да, даст ўрнидан туриб катта йўл бўйига чиқди. Ҳозир қаерга бориши, нима қилишини идрок этмасди. Нуқул телбаларча атрофга аланглар, гўё кимдандир, недандир нажот қидирарди.
Бир маҳал ундан беш-ўн метр нарига ярқираган «ЖИП» келиб тўхтади-ю, олд эшиги очилиб, ҳаддан ташқари нозанин пастга тушди…
Сабриниса уни кўргандаёқ таниганди. Бу қиз ҳам унинг юртидан. Адашмаса… Исми Жамила. Жа димоғи осмон қиз. Йўқ, қиз эмас, уям ўзи каби эркаклар, кўкимтир пуллар хуштори. Айтишганди, юртдаям худди шунақа машина олиб гаражга қамаб қўйган дейишарди. Бу ердаям зўрини миниб юрибдийкан-да!.. Демак, саттанг-а милёнчиларминан юради дегувчи эдилар. Рост экан-да!.. Худойим, нега буларга жин урмайди? Ҳеч ким мушугини пишт демайди? Қанча хоҳлашса, шунча пул берасан, бойлик ҳадя қиласан! Бу мегажинларнинг шохи борми? Мендан қаери ортиқ? Мен унданам чиройлироқман-ку! Манаман деган бойваччасини қаршимда бош эгдира оламан-ку! Нима учун мен шунақанги машиналарда юра олмайман? Нимага менам манави сўхтаси совуққа ўхшаб милёнчиларнинг тўшагида ёта олмайман? Йў-ўқ, мен… Кўрсатиб қўяман ҳали ҳаммасига!.. Шунақа милёнчиларни топаманки, оёғимни ўпишади. Топган бойлигини оёқларим остига тўктирмасам, Сабриниса эмасман!..
Афсус… Сабринисанинг иблисга садоқати кучли чиқиб қолди. Шайтони лаин энди-энди ундан йироқлаша бораётганди. Алмойи-алжойи, бузуқдан-бузуқ, бемазадан бемаза гапларини, хаёлан сўзланишларини эшитди-ю, жилпанглаганча қайтиб Сабринисанинг вужудига сингди. Шу лаҳзадаёқ инсоф, тавфиқ, уят, номус, шафқат ва диёнатнинг ини минг танга бўлди…
Фоҳишанинг томирларида қайтадан жирканчлик, наҳсга беланган кўкимтир қон оқа бошлади…
Ҳа, фоҳиша Жамилани кўргандаёқ тавба-тазарруларини ер билан яксон этиб бўлганди.
Жадал-жадал қадамлар ташлаганча номаълум томонга кетиб борарди-ю, нуқул алжирарди:
— Милёнчиларнинг манаман деганини тиз чўктираман! Ҳамма милёнчининг тўшаги меники бўлади, меники!.. Борини суғуриб оламан! Мен ҳам ҳадемай Жамиланикиданам зўр машиналарда юраман! Куйиб ўласан, қўшмачи, куйиб!!! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|