Ўрмонбой қишлоқдан шаҳарга кўчиб келиб хато қилмабди. Айниқса, иш танлашда бунақа омад ҳар кимга ҳам кулиб боқавермайди.
Бунга кейинги пайтларда амин бўла бошлади.
Тўғри-да, нимаси ёмон. Олий ўқув юртларидан бир-иккита таниш орттирди. Ёзда ким кўп, абитуриент кўп. Ҳамма ўқишга киришни хоҳлайди. Барчасини ё отаси, ё тоға, амакиси чўнтагини қаппайтирганча шаҳарга етаклаб келади. Ўрмонбой ана шу вазиятдан фойдаланишни билади. Мана, шунинг орқасидан бир йилда ўзига икки хонали квартира, чет эл мебелларини сотиб олди. Ҳатто қиш кунлари ҳам кўчадан қайтиб иссиқ квартирага киради-ю, жони ҳузур топади. Асосийси, илгаригидек ижарага уй қидириб, уй эгасининг қош-қовоғига тикилиб кун кўрмайди. Егани олдида, емагани кетида.
Мана, бу йилги қабул ҳам бошланай деб қолди. Насиб бўлса, бу йилги топганига уйланади. Ахир, тенгқурлари биттадан болали бўлишди. Бўйдоқ юраверса уят бўлар-ов!
Ёз ҳавоси азбаройи қиздираётганига қарамай, Ўрмонбой бугун ҳам елпина-елпина ўзига қадрдон бўлиб қолган ўқув юрти ҳовлисида ҳозир бўлди.
Эҳ-ҳе! Бу йил ўтган йилдагидан ҳам кўпроқ абитуриент келган кўринади. Ўриндиқлар уёқда қолиб, дарахтлар соясидан ҳам бўш жой топиш амри маҳол бўлибди.
"Ишқилиб, куним туққани рост бўлсин!” — ўйлади Ўрмонбой ва турли вилоятлардан келиб, юз-кўзларида кучли ҳаяжон, қўрқув балқиб турган йигит-қизларни бир четдан туриб эринмасдан кузатди. Нияти аниқ. Содда, шаҳарга илк бор қадам қўйган, аммо киссасида пули бор кимсани топиш ва ишончига киришнинг тадбирини кўриш. Шунақалардан икки ё уч нафарини топса, етарди. Бундан ортиғи ортиқ. Чунки, ғалва кўпаяди. Қолаверса, бундай обрўли ўқув юртига озгина пул сўралмайди.
Ҳа, ана, ҳов анави чинор остидаги ўриндиқда оқ сочли, бақалоқ эркак нозикниҳол қизга нималарнидир уқтириш билан банд. Кўринишидан айни Ўрмонбойбопга ўхшайди.
— Қани, секин борай-чи, — ўзича шивирлади Ўрмонбой. — Олдин нима ҳақида гаплашаётганларини эшитай. Ундан кейин бир гап бўлар…
***
— Ассалому алайкум! — Ўрмонбой эркакнинг эътиборини тортиш илинжида тавозе билан салом берди.
— Ваалайкум ассалом! — қаршисидаги келишган, бироқ бироз ғамгин йигитга кўзи тушган эркак сўзлашдан тўхтаб алик олди ва сўради:
— Сиз ҳам ўқишга киряпсизми?
Ўрмонбой маъюс жилмайиб қўйди.
— Йўғ-э, мен битирганман. Жиянимни олиб келганман.
— Қаердан келдингиз агар сир бўлмаса? — сўради эркак қизиқсиниб.
— Анжондан келганман, ака! — деди Ўрмонбой. — Водийдан, водийдан.
— Ҳа-а, ўзи… Водийнинг одамлари ширинсухан бўлишади-да! Кам бўлманг!
Ўрмонбой пайқадики, эркак суҳбат якун топишини истамаяпти. Ҳойнаҳой, ниманидир сўрамоқчи ё аниқлаб олмоқчи.
— Қизчани ўқишга олиб келибсиз-да! — ўртага чўккан бир неча сониялик сукутни бузди Ўрмонбой.
— Э, ёлғиз қизим… Ўқийман деб туриб олди. Нима қилай? Уйдаги мол-ҳолларнинг ҳаммасини сотдим-у, пулни белга тугиб келавердим-да!..
— Гаплашдингизми?..
— Н-нимани?.. Ҳа-а… Домлаларни назарда тутяпсиз-да!.. Қаёқда. Бир укахонимиз бўларди. Мен қурмағур қишлоқдалигимда аниқлаб олмабман. Таваккал келаверибман. Кириб сўрасам, чет элга кўчиб кетган экан.
— Энди нима қилмоқчисиз?
— Қайдам. Бошимиз қоти-иб нима қилишни билмай тургандик. Ҳар ҳолда танимаган одамга пул тутқазиш… Ноқулай.
— Ҳа-а, аҳволингиз жиддий кўринади. — деди бош чайқаб Ўрмонбой. — Энди ичкарига кириб домлалардан бириминан танишишингизга тўғри келади.
— Ука, ким ҳам мендай қишлоқи, деҳқон одамминан танишаман деб тайёр турибди. Айтганча, сиз жиянингизнинг ишини ҳал қилдингизми?
— Албатта. Бир ой олдин берадиганимни қўлларига тутқазганман.
— Яқин танишингиз борми дейман?
— Ҳа, яқин ўртоғим шу ерда дарс беради. Лекин… Боя айтганингиздай, бегонани яқинигаям йўлатмайди.
— Ана, мен сизга нима дедим? Улар ҳам ўзидан қўрқади-да!.. Менга қаранг, ука, гапнинг индаллосини айтайми?.. Инсофли, иймонли йигитга ўхшайсиз. Ёрдам берворинг! Вей, ўзингизни алоҳида рози қип кетаман. Мана шу арзанда қизим ўқишга кирса бўлди. Пулни аяш йўқ!
— Тўғри-ку-я! — елка қисди Ўрмонбой. — Бироқ… Қандай бўларкин? Ҳеч бировларнинг орасига тушмаганман.
— Жон ука, савоб бўлади-ку! Бу бегона шаҳарда бошқа танишим йўқ. Келинг, бир ёрдам қилинг. Бенасиб кетмайлик.
— Бўпти, лекин бир шартим бор. — деди Ўрмонбой жиддийлик билан.
— Хўш, қандай шарт? Э, нима десангиз бажараман.
— Ҳозир сал четроққа ўтиб мени кутасизлар. Кириб гаплашиб кўраман. Омадингиз чопса, кўндирарман. Бўлмаса…
— Хўп, ука, сиз нима десангиз шу. Фақат… Сиздан қаттиқ илтимос, кўндиринг ўша ўртоғингизни! Пулидан ташқари, ресторанга опкириб бир меҳмон қиламан икковларингизни.
— Майли, унда сизлар ҳов анави кўча бошига бориб туринглар. Мен тез кириб чиқай-чи!
***
Ўрмонбой ярим соатча ўқув юрти биноси ичкарисини айланиб юргач, ташқарига чиқиб, кўча тарафга разм солди. Ота ва қиз йўл четида уни муштоқлик билан кутишарди.
"Тажрибам анча ошибди, — ўйлади Ўрмонбой "ўлжа” томон шошилмасдан юриб бораркан. — Дастлабки пайтларда сал шошиб қолардим. Гапларим ҳам пойма пойига кетиб қоларди. Энди эса акси бўляпти. Ҳар бир гапимни ўйлаб гапирадиган бўлибман. Ишқилиб, кўз тегмасин!..”
Ўзини Дониёр ака дея таништирган эркак Ўрмонбойни кўрди-ю, икки қўли кўксида унга пешвоз чиқди.
— Хўш, ука, бўрими, тулкими? — сўради Дониёр ака жавдираб.
— Э, ўртоғим тушмагур жуда қайсар хилидан-да! — деди Ўрмонбой қовоғини уйиб. — У аҳмоқни кўндиргунча қора терга тушиб кетдим.
— Кўндими?
— Кўнмай қаерга борарди. Фақат пулини сал кўпроқ сўраяпти.
— Қанча?
Ўрмонбой қиз томон бир кўз ташлаб олди-да, Дониёр аканинг қулоғига шивирлади.
— Э, гап йўқ! — нархни эшитган Дониёр аканинг туси ўзгармади. Аксинча мамнунлигини яшира олмай, Ўрмонбойнинг икки елкасидан қучди. — Яшанг ука! Илойим камлик кўрманг! Хўш, энди буёғини…
— Ўзингиз тушунасиз, — аста гап бошлади Ўрмонбой. — Бу масала жуда нозик. Дуч келган ерда олди-берди қилиб бўлмайди.
— Биламан, биламан! — ҳовлиқиб жавоб қилди Дониёр ака. — Айтаверинг! Дунёнинг нариги четига десангиз ҳам бораман.
— Бугун кечки соат еттиларда манави қоғозда ёзилган манзилда учрашамиз. — Ўрмонбой олдиндан тайёрлаб қўйилган бир парча қоғозни Дониёр акага узатди. — Метронинг шундоқ ёнида. Таксичиларга айтсангиз, кўзини юмиб олиб боради.
— Маъқул, маъқул! — деди Дониёр ака қоғозни ён чўнтагига жойлаб. — Ҳа-а… Ресторан нима бўлади, ресторан.
— Ресторанга Худо хоҳласа, қизимиз ўқишга ўтган куни кирамиз. Нима дейсиз?
— Хўп, сиз нима десангиз шу-да!..
— Айтганча, — Ўрмонбой нимадир ёдига тушгандек, кетишга чоғланган ота-болани тўхтатди. — Пул берилди дегани, қиз деярли ўқишга жойланди дегани. Кўнглингизни тўқ қилаверинг. Шундай экан, эртадан бошлаб ўқув юртига келиб юрманглар. Ҳар ҳолда… Дўст бор, душман бор… Бунинг ўрнига қизингиз яхшилаб тайёрлансин. Ўртоғим шуни қаттиқ тайинлади. "Мени бошқа домлалар олдида шарманда қилиб қўймасин” деди.
— Буёғидан хавотир олманг! — деди Дониёр ака. — Ҳозироқ боради-ю, китоб ичига шўнғийди.
— Унда кўришгунча!
— Хайр! Мен айтган вақтингизда ўша жойда бўламан.
***
Орадан кунлар, кунлар кетидан ҳафталар ўтиб, имтиҳон палласи ҳам бошланди. Ўрмонбой эса аллақачон Дониёр акадан олган пулларни долларга айлантириб, қолган-қутганига кайф-сафо қилишни бошлаб юборганди.
Ана шундай кунларнинг бирида у шомга яқин ҳийла чайқалиб ширакайф ҳолда қаҳвахонадан чиқди ва автобус бекати томон юрди. Бир маҳал орқадан кимнингдир қичқириғи қулоғига чалиниб таққа тўхтади ва орқасига ўгирилди.
Не кўз билан кўрсинки, юз метрча нарида Дониёр ака ҳаллослаганча у томон чопиб келарди.
Бу одам Ўрмонбойнинг кўзига Азроилдек кўриниб кетди. Боягина ичган ароғининг кайфи учиб, юраги ҳаприқди ва жонҳолатда қоча бошлади.
— Ҳой априс, тўхта! — қичқирганча унинг ортидан қувлаб келарди Дониёр ака. — Тўхтасанг-чи! Эркакмисан ўзи?
Алоҳол узоқдан катта тезликда келаётган "Нексия” йўл ўртасида югуриб бораётган Ўрмонбойга яқин қолганда чийиллаб тормоз берди…
Тарақлаган товуш бутун атрофни тутди.
Бир зумда асфальт усти қоп-қора қонга беланди.
Дониёр ака даҳшатдан қотиб қолганди. У титраб-қақшаб йўл ўртасида чўзилиб ётган таниш жасадга яқин боришни ҳам, бормасликни ҳам билмасди.
Алқисса, ҳаром пуллар Ўрмонбойга юқмади. У оғир аҳволда касалхонага келтирилди ва бир соат деганда жони узилди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|