Қиз боланинг кўнгли ипакдек нозик бўлади. Бу кўнгилга йўл топиш эса ҳар бир йигитга ҳам осон кечавермайди. У севги деб аталмиш қасрга кириш йўлида турли синовларни бошидан кечириши, ўнлаб, юзлаб азоб-уқубатларга рўбарў келиши лозим. Аммо…
Хуллас, бу воқеани менга хизмат сафари билан олис вилоятлардан бирига кетаётганимда, рус аёли гапириб берганди. У шу қадар куйиниб ҳикоя қилгандики, қуйидаги фожиали ҳодиса айнан ўзининг бошидан ўтганига сира шубҳам қолмаганди… (муаллифдан)
* * *
Мария (ҳикоядаги исмлар ўзгартирилган) шу куни институтдан кеч қайтди. Психологиядан дарс берувчи муаллим жуда сергап. Дарсдан сўнг бир соатга яқин талабаларга ваъз ўқиди. То автобус кутиб манзилига етгунча вақт шомдан оғиб қолди.
Аксига олгандек, катта йўлни кесиб ўтаётиб беихтиёр оёғи тойиб кетди. Тошга урилдими, ё шунчаки тасодиф туфайлими, билмайди, чап оёғи шу қадар қаттиқ оғрирдики, Мария ўрнидан тура олмас, чўнқайиб олганча иҳлашдан нарига ўта олмасди.
Шу пайт тепасида баланд бўйли, ёши йигирма бешларга борган бир йигит пайдо бўлди.
Очиғи Мария оғриқнинг зўридан кимнингдир йўлдан ўтиб қолишини, кўмак беришини орзиқиб кутаётганди.
— Сизга нима бўлди? — сўради йигит ҳийла энгашиб. — Бирор ерингиз оғрияптими?
— О-оёғим… — дея олди зўрға Мария. — Т-тойиб кетди…
— Қани, қўлингиздаги сумкани беринг! — йигит Мариянинг қўлидаги китоб-дафтарлар солинган сумкани олиб елкасига илди-да, уни даст кўтариб олди.
— Қаерга борамиз? — сўради у майин жилмайиб.
Мария рўпарадаги кўп қаватли уйни кўрсатди.
— Жуда яхши. Фақат… Бўйнимдан маҳкам қучиб олинг. Шунда оғриқ пасаяди…
Йигит кўз очиб юмгунча уни учинчи қаватга олиб чиқди.
* * *
— Вой, раҳмат сизга! — деди Мария оғриққа чидай олмаётган бўлса-да, мажбуран жилмайишга уриниб. — Яхшиям сиз бор экансиз!
— Хўш, буёғига ўзингиз амаллай оласизми?
— Албатта… — Мария деворга суянганча йигитнинг қўлидан сумкасини олди. — Уйга… Кириб олсам бас…
— Овқат, чой дамлашга ҳам…
— Бир иложини топарман…
— Майли, ўзингиз биласиз…
— Вой, тўхтанг! — Мария кетишга чоғланган йигитнинг билагидан ушлаб тўхтатди. — Исмингизни айтмадингиз… Кимсиз?..
— Ҳа-я! — жилмайиш қилди йигит. — Исмим Валера! Фирмада ишлайман.
— Валера… — Мария бироз иккиланган кўйи тутила-тутила сўз қотди. — Мен… Гапингиз ростга ўхшайди… Мен бу оғриқ билан ҳатто чой ҳам дамлай олмайман шекилли… Илтимос, уйга киринг! Биргалашиб чой ичамиз!
— Чойдан олдин оёғингизга малҳам суриш лозим. — деди жонланиб Валера. — Вақтида бу иш қилинмаса, кейин кеч бўлиши мумкин.
— Ростданми? — қўрқув аралаш сўради Мария. — Ёмон бўладими?
— Албатта ёмон бўлади. Тошга уриб олган бўлсангиз, қаттиқ лат еган бўлиши мумкин. Хўп, гапни чўзмасдан ичкарига кирайлик!..
* * *
Орадан икки соатча вақт ўтди. Марияни йигитнинг сўзамоллиги, кўп нарсаларни билиши, абжирлиги лол қилиб қўйганди. Унинг оғзига термулганча турли мавзудаги ҳикояларини тингларкан, кетиб қолишини сира истамасди.
— Валера, сиз ажойиб экансиз! — дея кетиш ниятида ўрнидан қўзғалган Валеранинг йўлини тўсди Мария. — Ўтинаман, яна бирпас ўтиринг!
— Майли, шундай қизнинг раъйини қайтариб бўлармиди! — дея қайтадан жойига чўкди Валера. — Бир оғиз сўзингиз мен учун қонун, хоним!
— Сиз… Ўтира туринг! — кулимсираб йигитга боқди Мария. — Мен тезда чўмилиб чиқаман…
— Оёқни асранг! — унга уқтирган бўлди Валера. — Уринтириб қўйманг!
— Биламан… Қўйган малҳамингиз таъсир қилди шекилли, оғриқ анча пасайди…
* * *
Қиз оқсоқлаганча ваннахонага кириб кетди. Валера эса узоқ вақт хоналарни кўздан кечирди. Cўнгра диванга чўкиб телевизорни ёқди ва ўзича нималарнидир мулоҳаза қилган бўлиб, ён дафтарчасига нималарнидир ёзиб қўйди.
— Ижод қилаяпсизми? — у тепасида ич кийимда ҳозир бўлган Марияни кўрди-ю, шоша-пиша дафтарчасини чўнтагига солиб ўрнидан турди.
— Очилиб кетибсиз! — жавоб ўрнига қизнинг елкасига қўл ташлади у. — Ярашибди шу кўйлагингиз!
— Раҳмат! — деди Мария бош эгиб. — Яхшиям сиз бор экансиз. Акс ҳолда… Сиз… Халоскоримсиз…
— Ундай деманг! — қизни қаттиқроқ қучди Валера. — Уят бўлади. Мендан бошқа кўргандаям барибир ёрдам берарди… Биласизми… Сиз жуда гўзал экансиз!
— Энди пайқадингизми?.. — эркаланган оҳангда сўради Мария.
— Ҳа, энди пайқадим… Тўғриси, бояги аҳволингизда умуман эътибор бермагандим…
Мария йигитнинг гўёки қайноқ нафаси, белига чирмашган кучли қўлларнинг асирасига айланиб қолгандек эди. Қаршилик қилмоқчи, ўзини олиб қочмоқчи бўларди-ю, жуссаси ўзига бўйсунмасди.
Бу орада лаблар туташди. Валера унинг узун, малла сочларини ҳидлай-ҳидлай, ниҳоят даст кўтариб олди ва диванга ётқизди…
* * *
— Билмадим… — дея эркаланиб Валеранинг сочини ўйнарди Мария эрта тонгда. — Бир кечада сенга жуда боғланиб қолгандекман… Айт, бу муҳаббатмикан-а?.. Нега индамайсан? Гапирсанг-чи! Юрагим потирлаб кетаяпти.
— Албатта муҳаббат. — унинг юзидан оҳиста бўса олди Валера. — Мен ҳам сени севиб қолдим шекилли. Ишонасанми, ёнингда ётибман-у, сени туш кўрибман!
— Жиннивой! — йигитнинг юзига секин шапатилаб қўйди Мария. — Одам ёнида ётганниям туш кўрарканми?
— Мен кўрдим-ку!
— Менга қара, ишинг қачон тугайди?
— Ишимми?.. — Валера бир муддат ўйланиб тургач, жавоб берди:
— Соат иккиларда тугайди.
— Вой, кейин-чи? Кейин нима қиласан?
— Билмадим… Юрарман кўчада айланиб… Балки ётоқхонага борарман… Ахир, мен мусофирман… Бунақанги квартирам йўқ…
— Кечқурун-чи?.. Кечқурун келасанми?..
— Агар сен хоҳласанг, келаман.
— Хоҳласанг деганинг нимаси?.. Албатта келасан. Ўзим сенга мазали овқатлар пишириб бераман.
— Сен жудаям меҳрибонсан, Мария! — дея қизни қаттиқроқ қучди Валера. — Бир марта кўрган одамга қалбингни тутқазиб ўтирибсан-а!..
— Нима бўпти?.. Сен менга ёқдинг, тамом!..
— Мария!.. — Валера қизни ўзига қаратди. — Менга турмушга чиқ!..
— Нима?.. — Мария бу гапни эшитиб кулиб юборди. — Вой шошқалоқ-ей!.. Дарров-а?..
— Чўзиб нима қиламиз?.. Сени шаҳримга олиб бориб ота-онам билан таништирардим… Таниш-билишлар ҳасаддан куйиб ўлишарди.
— Хўп, хўп, — деди Мария. — Кечқурун дарсдан келай, гаплашамиз. Бўптими?.. Ё кечгачаям сабринг етмайдими?
— Сени зор бўлиб кутаман. — деди Валера Марияни қучоғидан бўшатгиси келмай. — Жуда-жуда соғинаман сени!
— Мен ҳам…
Мария секингина Валеранинг бағридан бўшалиб, эгнига кийимларини илди ва ваннахонага йўл олди.
* * *
Кунлар ўтиб борарди. Мария кейинги кунларда квартира калитини Валерага бериб қўйганди. Унинг кун бўйи кўча кезиб юришига тоқат қила олмади.
Бунга жавобан, Валера ҳам у келгунча хоналарни тартибга келтириб қўяр, Мария кириб келиши билан маҳкам қучганча тўппа-тўғри ётоққа олиб кирарди.
«Эр бўлса, шунчалик бўлади-да! — ўйларди Мария ҳар гал юраги орзиқиб. — Омадим бор экан. Оёғим тойгани менга бахт келтирди. Қандай яхши!..»
Ўша куни Мария уйга одатдагидан кечроқ қайтди. Дарслар кўпайиб кетганди.
Оёғини зўрға судраганча квартирасига кўтариларкан, эшикнинг қия очиқлигини кўриб, мийиғида жилмайиб қўйди.
— Меҳрибоним! — овоз чиқариб деди у. — Тақиллатиб овора бўлмасин деб эшикниям очиб қўйибди. Ўзи нима қилаётган экан?.. Ҳойнаҳой, ваннахонада чўмилаётган бўлса керак. Ўзига қараб юрадиганлар жони-дилим-да!..
Мария ичкарига қадам қўйиб, эшикни тамбалади ва ваннахона томон юзланиб қичқирди:
— Азизим!.. Чўмилиб бўлдингми?.. Мен келдим!.. Сен яхши кўрадиган пиводан олиб келдим! Валера!..
Афсуски, жавоб бўлмади. Мария ҳайрон бўлиб, ваннахонага мўралади. Ҳеч ким йўқ. Кўнгли ғаш тортиб меҳмонхонага кирди. Не кўз билан кўрсинки, хонадаги сервант бўм-бўш. Телевизор, видеомагнитофон, чет элдан келтирилган магнитофон кўринмас, майда-чуйда буюмлар полда сочилиб ётарди.
— Мараз!.. — шоша-пиша шкаф ичига қўл солган Мария бошини чангаллади. — Кимга ишондим ўзи?.. Наҳотки, ўғрига?.. Пулларим… Тилла тақинчоқларим қани?.. Қани?.. Йўқ… Бўлиши мумкинмас… Валера бундай одам эмас… Ишонмайман… Ишонмайман…
Мария бўшашиб диванга ўтириб қолди. Шу кўйи беш дақиқача ўтирди. Қалбининг қаеридадир «балки у эмасдир? Қайтиб келар?» деган умид учқуни кутишга, сабр қилишга ундади. Аммо.. Ярим соат, бир соат ўтди. Валерадан дарак бўлмади.
Шундан сўнг алданганига, чув тушганига тўлиқ амин бўлиб, милицияга қўнғироқ қилишга мажбур бўлди…
ХОТИМА ЎРНИДА
Тўғри, Валера бир неча кун ичида топилиб, жиноий жазога тортилди. Ўғирланган буюмларнинг маълум қисми Марияга қайтарилди. Фақат қиз бу воқеа сабаб бўлиб ортиқ ҳеч кимга ишонмай қўйди.
Узоқ вақт руҳий хасталар касалхонасида даволанди. Ачинарлиси, ҳеч қачон ҳеч кимни севмасликка онт ичди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|