Фарғона вилоятида аҳолини огоҳлантирмай стикерлар бекор қилингани ва такси ҳайдовчиларига рухсати бўлса ҳам такси ҳайдаш ман этилгани тўғрисида хабарлар тарқалди, деб ёзмоқда «Kun».
Турли маълумотларда айтилишича, машиналар жарима майдонига олиб кетилмоқда. Натижада, даромад манбаидан айрилган бир такси ҳайдовчиси ўзини осишгача борган.
Ўз навбатида, Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ушбу хабарлар юзасидан расмий изоҳ берди.
Изоҳда айтилишича, Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 2020 йил 10 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланган.
Махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан – 10.00 гача, 17.00 дан – 20.00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.
"Жорий йил 22 июль куни соат 16:10да Фарғона шаҳри ва Тошлоқ туманлари чегарасида ташкил этилган карантин постида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими Ш.А Тошлоқ туманидан Фарғонага қараб, ҳаракатланиб келаётган тошлоқлик фуқаро Ю.Н бошқарувидаги Lassetti русумли автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчидан автомобилнинг карантин вақтида ҳаракатланиши учун берилган рухсатномани талаб қилган. Ҳайдовчи эса ҳеч қандай рухсатнома тақдим қила олмаган.
Натижада, автомашина вақтинчалик жарима майдонига олиб келиниб, Фарғона шаҳар Санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимлари томонидан фуқаро Ю.Н.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Фуқаро Ю.Н қоидабузарлиги учун қонунчиликда белгиланган жарима суммасини тўлашдан бўйин товлаш мақсадида жарима майдонидаги дарахтга ўзини осмоқчи бўлган. Миллий гвардия ходимлари томонидан фуқаро Ю.Н.нинг хатти-ҳаракатлари тўхтатиб қолинган”, – дейилади вилоят ИИБ изоҳида.
Шунингдек, маълум қилинишича, 2020 йил 21 июль куни коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича вилоят идоралараро мувофиқлаштирувчи штаби томонидан қабул қилинган баёнга асосан туман, шаҳар ҳокимликлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари томонидан автотранспорт воситаларини ҳаракатланиши учун жорий этилган барча турдаги рухсатномалар, рўйхатлар, маълумотномалар ва стикерлар (Давлат хизматлари агентлиги томонидан берилган стикерлар бундан мустасно) 2020 йил 22 июль кунидан бекор қилинди.
"Шундай бўлса-да, вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан 22 июль куни ҳам ҳайдовчиларга ушбу баён мазмуни тушунтирилиб, фақатгина огоҳлантириш ишлари олиб борилди. Ҳурматли фуқаролар! Карантин қоидаларига қатъий амал қилинг», – дейилади хабарда.