«Нургул момонинг томоғидан овқат ўтмаётганмиш… Ким кирса, қорним тўймаяпти, ичимни очлик тимдалаб ташлади, деб арз қиляпти».
Бу хабар қўшнидан қўшнига, оғиздан оғизга ўтиб, бутун қишлоқни айланиб чиқди. Хотин-халаж йиғилган давраларда эса Нургул момо ҳақидаги муҳокамалар тобора қизғин тус олиб борарди.
— Еган луқмаси ҳалқумидан нарига ўтмаётган экан, худди томоғига қилтаноқ тиқилгандек ўқчиб-ўқчиб, овқатни қайтариб ташлаётганмиш. Болалари: «Дўхтирга текширтирайлик», дейишса, «Касал эмасман, ҳеч қачон касал бўлмаганман, шунчаки қорним оч, дўхтирлайвермай, мазалироқ-мулойимроқ овқат пишириб беринглар», деб ғавғо қилаётганмиш. Саксондан ошиб ҳам шу пайтгача сира «Вой, жоним», демаган экан-да.
— Қайсар кампир шифохонага бормагач уйига дўхтир олиб келишибди. У: «Махсус аппаратларда текширмай туриб бирор нарса дея олмайман, қизилўнгачида муаммо борга ўхшайди», деб мужмал гапириб кетибди. «Темир-терсакка куни қолмай ўлсин, одамнинг ранг-рўйига қараб дардини билолмайди-ю, тағин дўхтирман, деб керилишига бало борми! Ундан кўра, бир қошиққина овқат берларинг», деб Нургул момо хархаша қилаётганмиш…
Ёшлар бу гапларга унчалик эътибор бермаса-да, кекса отахон ва онахонлар бир-бирига маъноли қараб, ўз ҳолича беморнинг умр йўлини таҳлил қила бошлашди.
— Нургулнинг бировга жуда фойдаси тегмаган бўлсаям, лекин кимгадир қаттиқ зиён етказганини билмайман, — деди қишлоқнинг энг кекса оқсоқоли Абдулазиз ота. — Оилада икки қиз эди. Ҳурнисо деган опаси бўларди. Айтишларича, унинг эри бир замонлар отасига эргашиб Қашқардан бу тарафларга келиб қолган, бир кечада чегаралар ёпилиб, ота-бола шу ерларда қолиб кетган экан. Йигитнинг отаси Азим охун лағмонга уста эди. Болалигимизда оталаримизга эргашиб, унинг уйига лағмон ейишга борардик. Ҳурнисо бир фарзандлик бўлганида қаттиқ ер силкиниб, эр-хотин оғилхона томининг тагида қолиб кетишган. Кавлаб олишганда иккаласи ҳам бандаликни бажо келтирган экан. Азим охун уч яшарлик набираси билан бўзлаб қолаверган. Ўша бола тўққиз-ўн ёшларга етганида бобоси ҳам оғир бир хасталикка чалинди-ю, омонатини топширди. Уларнинг уй-жойига мана шу Нургул эгалик қиларди. Қишлоқ адоғидаги эскибоғ ўрни Азим охуннинг ҳовлиси эди. Одамларнинг айтишича, у Нургулга уй-жойини бериб, набирасини ўқитиб, уйли-жойли қилишга етгулик маблағ қолдириб кетган экан. Тўққиз-ўн ёшларидан кейин бола бу ерларда кўринмай қолди. Нургул болани нима қилганини биров билмайди.
Абдулазиз отанинг бу сўзларини Нургул момонинг ўғлига етказишга шошганлар бўлди. «Онангиз бир етимнинг ҳақини еб кетган экан, шунинг учун азоб тортаётган бўлмасин тағин», дегувчилар ҳам топилди. Аммо Нургул момонинг турмуш ўртоғи раҳматли Саидакбар агрономни таниган-билганлар тилини тишлашди. Негаки танти, чўрткесар Саидакбар хотини ва болаларига бировнинг ҳақини едирадиган номард эмасди-да.
— Абдулазиз отага айтинглар, қариган чоғида онамга бундай туҳмат қилмасин, отамиз бизни бировнинг ҳақидан ҳазар қиладиган қилиб тарбиялаган, — деди Нургул момонинг тўнғич ўғли Саиджалол.
Унинг ука-сингиллари ҳам шу фикрда эди.
* * *
Орадан кунлар, ойлар ўтса-да, Нургул момо очлик азобидан қутулолмади. Энди у бир парчагина бўлиб қолган, ҳатто саккизинчида ўқийдиган жиккаккина чевараси ҳам уни кўтариб гоҳ айвонга олиб чиқар, гоҳ ичкарига олиб кирарди. Ҳамиша ёнбошидан қўймайдиган тошдек қаттиқ болиши бироз оғирлик қилишини ҳисобга олмаганда, кампирни кўтариш унчалик қийин эмасди. Болишнинг жилди кирланиб, ялтиллаб кетган эди. Набира қизлари ювиб бермоқчи бўлса, Нургул момо болишни бағрига янада маҳкамроқ босганича тумшайиб оларди.
— Шу болишда бир сир бор, — деди Саиджалолнинг хотини Зарифа тўнғич қизига дил ёриб. — Илгари уни сира кўрмагандим. Яқиндан бери энангнинг қўлида пайдо бўлиб қолди. Одатда, у кийимлари ва буюмларининг кир-чир бўлишини суймасди.
— Эски-тускиларнинг ичидан топиб олган бўлса керак. Эҳтимол, бувамни эслатаётгандир. Шунга ювишга бермаётган.
— Ҳа, тўғри айтасан. Одам қариганда ёшликдаги хотираларига суянадиган бўлиб қолади, дейишади.
* * *
— Бир косагина лағмон егим келяпти, сувидан бир қултуми томоғимдан ўтсаям майли.
Момо бир ойдан бери тинимсиз шу сўзларни такрорларди. Унинг инжиқлиги, хархашаларига кўникиб, энди унчалик парво қилмай қўйган набиралари бу гапни эшитганда, ҳар сафар бир-бирига ночоргина қараб қўйишарди.
— Бир косагина лағмон бўлса… Бир косагина лағмон…
— Яна ўша хархашасини бошладими? — деди боғдаги юмушларидан толиқиб келган Саиджалол.
— Ҳа, нима қилишниям билмаяпмиз. Қизлар лағмон чўзиб берса, ёқтирмай коса-посаси билан туртиб, тўкиб ташлайди. Бу лағмонмасмиш, лағмон бошқача бўлармиш.
Шу пайт ичкаридан яна Нургул момонинг товуши эшитилди:
— Бир косагина лағмон бўлсайди. Нодирим келсайди, лағмон қилсайди…
Унинг товушида армон, ўкинч, дард бор эди.
— Нодир дегани ким бўлдийкин, бугун эрталабдан бери унинг отини тилидан қўймаяпти, — деди Зарифа эрига мўлтираб қараб.
— Қани, олдига кирай-чи, балки бир гапини оларман.
Саиджалолни кўриши билан кампирнинг серажин юзида умид ифодаси аксланди.
— Нодиримни топадиган одам бормикин, болам?
— Ойи, Нодир деганингиз ким?
— Бировнинг омонати эди-да, бировнинг омонати, болам… — Кампир бир нуқтага тикилиб ўй суриб қолди. Бироздан кейин эса ўғлига илкис ўгирилиб, илтижоли оҳангда деди: — Бир косагина лағмон олиб келинглар. Қорним ўлгудек оч… Ахир дунёни сўрамаяпман-ку сизлардан, болам. Гўё ичимда бир илон бордек, очлик ўлгур мана шу еримни тимдалаб ташлади-да.
— Нодир деганингиз лағмончимиди, ойи?
Кампир ўғлига меровсираб қараб қўйди-да, тағин ўз дардига андармон бўлди:
— Бир косагина лағмон, анқонинг уруғимас-ку, болам…
— Набира келинингиз пишириб берса ёқтирмасангиз… У шўрлик сизни хурсанд қилиш учун атайлаб шаҳарга бориб, уйғурча лағмон қилишни ўрганиб келувди.
Кампир бирдан сергакланди. Кўзларида ўзгача бир ифода зуҳурланди:
— Уйғурнинг йўли очилибдими, болам?
Саиджалол нима деярини билмай, тиззасига шапатилади. «Эй, Худо, бу қандай дард ахир? Қанча шифокорларга кўрсатдим, аппаратларга туширдим, соппа-соғ дейишади, нима қилсам экан, а?»
— Уйғурнинг йўли очилган бўлса, Нодирим ўша ёқларга қочиб кетгандир. Қўли узунроқ танишларинг бўлса уни суриштириб бер. Менда омонати бор эди.
— Қанақа омонат?
— Бу билан ишинг бўлмасин. Нодиримни топ. Бир коса лағмон пишириб берси-и-н. Жон болам, Нодиримни топиб кел…
Саиджалолнинг боши қотди. Эрталабгача кўзига уйқу илинмади. Бомдод намозини ўқиди-ю, Абдулазиз отанинг уйига қараб жўнади. У қишлоқнинг каттаси. Кўп гаплардан хабардор. Устига-устак, унинг қашқарлик Азим охун ҳақидаги гапи билан онасининг телба-тескари сўзлари бир-бирига мос келаётгандек…
— Билганимни айтганман. Афтидан, онанг Ҳурнисонинг боласини сўраётган кўринади. Имконинг бўлса, уни суриштириб топ, — деди Абдулазиз ота.
Уйига ҳорғин бир алфозда кириб келганида сингиллари, ўғил-қизлари йиғилиб ўтиришган экан. Нургул момо эса бир коса лағмоннинг дардида тинимсиз жавранар, йиғлар, ялинар, набира-чевараларини даккилар ва яна кимлардандир ўпкалаб қарғанарди.
— Бугун жуда қуюшқондан чиқиб кетди, — деди Зарифа. — Келинингизга косани отиб юборибди. Уни сира юпатолмаяпман. «Кетаман»лаб уйда йиғлаб ўтирибди. Бир тарафда қайнонам, бир тарафда келиним, икки тошнинг ўртасида эзилиб кетдим, отаси.
Саиджалол шахт билан ўрнидан туриб ичкарига кирди. «Қорним оч, бир косагина лағмон беринглар», деб ўтирган онасининг рўпарасига тиз чўкди.
— Ойи, Ҳурнисо холамни эслайсизми?
Кампирнинг хира тортган кўзлари бирдан порлаб кетгандек бўлди:
— Ҳурнисоними?..
— Ҳа.
Нургул момо кўзларини пирпиратиб бир муддат унга термилиб турди-да, бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Унинг дардида адо бўлганман-ку, болам… Ота-онамдан қолган ёлғиз меросим шугина Ҳурнисо опам эди. Мени не ғамларга ташлаб кетди-я… Вой жигарим-а, жигарим. Бу дунёда ўйнаб-кулмаган, эри билан қўшмозор бўлган жигари-и-им…
Кампир «ув-в» тортиб изилларкан, ҳамиша ёнидан қўймайдиган болишини қўлига олди, толчивиқдек озғин тортган бармоқлари билан уни силаб-сийпалади. Сўнг бир сўз демай, алламаҳалгача бир нуқтага тикилиб ўтираверди. Момо жим бўлса-да, ич-ичидан тўлиқиб-тўлиқиб йиғлаётганини шашқатор кўз ёшидан билса бўларди. Онасининг қалбидаги оғир бир дард кулини қўзғаб, алангалатиб қўйганидан афсусланган Саиджалол ҳорғин ҳолда Нургул момонинг оёқ тарафига ёнбошлади.
— Болам, — деди бир пайт онаси ҳазин товушда. — Ҳур опамдан қолган омонат бор эди.
Саиджалол онасининг товушида тийрак бир ифодани илғаб, шошиб ўрнидан турди-да, рўпарасига чордона қуриб ўтирди.
— Хўш?..
— Нодиримга меҳр кўрсатмадим. Жигаримдан қолган меросни авайлай олмадим, болам. Мен хом сут эмган банда очкўзлик қилдим. — Кампир оғир хўрсинди. — Энди унинг уй-жойи ҳувиллаб ётибди. Опамдан, поччамдан, Азим охундан қолган омонатга хиёнат қилганман.
— Нега?
Кампир болишга ишора қилди.
— Манавини деб…
— Бу нима ўзи?
Кампирнинг бирдан туси ўзгарди.
— Ишинг бўлмасин. Аввал қорнимни тўйғаз. Бир коса лағмон топиб беролмаган болани бола деб бўладими? Бор, жўна!
* * *
Онасидан тайинли гап ололмагач, Саиджалол ўғли Саидаҳрор билан маслаҳатлашди. Архивдан Азим охун ва унинг набираси ҳақида сўраб-суриштиришни тайинлади. Ўзи эса ёши улуғ қариндошларини йўқлаб кетди. Энди унга «Онамнинг дарди узоқ ўтмишга бориб тақалмаётганмикин», деган ўй тинчлик бермай қўйганди.
Сўраб-суриштиришлардан ҳам бир наф чиқмади. Ҳамма худди келишиб олгандек Абдулазиз отанинг гапларини такрорларди.
Бир ҳафталар чамаси ўтгач, ўғли ҳам ноилож бир аҳволда кириб келди: «Архивдан тайинли маълумот тополмадим».
Отасининг ноумид ҳолда елка қисиб қолганини кўрган Саидаҳрор:
— Ҳозир бир оғайним янги иш бошлаётган эди. Шунинг ҳужжатларига қарашиб юборай, кейин, албатта, бу иш билан жиддий шуғулланаман, — деб ваъда берди.
Саиджалолнинг кўнгли бироз хотиржам тортди. Шу боласи бобосига тортган, сира тиниб-тинчимайди. Ажабмас, бу ишниям охирига етказса…
* * *
Томоғидан бир қултумгина суюқлик ўта бошлагач, Нургул момо бироз қувватга кирди. Энди гап-сўзлари ҳам пойинтар-сойинтар эмасди. Гоҳ-гоҳида: «Қуриб кетсин, ҳамма нарса етарли бўлса-ю, очлик азобидан қийналаверсанг ёмон экан», деб нолишини ҳисобга олмаганда, аҳволи анча яхши эди. Лекин ҳалиям эски болишини қўлидан қўймас, уни еру кўкка ишонмасди.
Онасининг фикрлари тиниқлашган бир пайтда Саиджалол мавридини топиб, Нодир ҳақида гап очди. Нургул момонинг юз-кўзида армон, алам ва дард зуҳурланди.
— Нодирим Ҳур опамнинг эркаси эди, — дея гап бошлади оғир хўрсиниб. — Жигаримнинг дардида эзилиб юрганимда Азим охун уни менга омонат қолдирди. Болага қараганимда, опамнинг жонсиз жасади кўз олдимга келаверар, «Агар ўшанда мол-ҳолларга опам билан поччам эмас, Азим охуннинг ўзи қараганида уларни том босиб қолмасди. Тирик юришарди», деган бир алам вужудимни ўртайверарди. Азим охунга ўхшашиб кетгани учунми, бора-бора болани жуда ёмон кўриб қолдим. Уни кўришга кўзим йўқ эди. Бирорта болалар уйига топшириб юборишини отангдан илтимос қилдим. У мени бу фикримдан қайтаришга кўп уринди. Гапимни ўтказолмагач, бир-икки марта норасиданинг жонини ачитиб ураётганим устидан чиқиб қолди-да: «Шу қоракўзгинани кўрмасанг, тинч юрасанми?» деб сўради-ю, Нодиримни олиб кетди. Шундан кейин у ҳақда бошқа гапирмади. Қаерга олиб борди, нима қилди, бунисини билмайман… Аммо оламдан ўтаётганида бир гап айтиб кетди. Нодиримни қўшни туманда яшайдиган бир оғайниси ўғил қилиб олган экан. Кўнглим бироз тинчиди. Аммо кейинги пайтда унинг мунчоқдек беғубор кўзларини тез-тез эслайдиган бўлиб қолдим. Устига-устак, Азим охундан қолган омонати бор эди. Уни ҳатто отангга ҳам билдирмаганман.
— Эскибоғ ўрнидаги ҳовли-жойни айтяпсизми?
— Йўқ, Азим охун берган омонатга эскибоғдан ўнтасини сотиб олса бўларди. Мен хом сут эмган банда-а-а… — кампир озғин бармоқларини мушт қилиб тугиб, кўксига муштлади. — Кошкийди уни топсам, омонатини ўзига топширсам, бу дунёдан ёруғ юз билан кетардим, армоним қолмасди.
У шундай дея яна эски болишни силай бошлади.
* * *
Саиджалол отасининг оғайниларини яхши биларди. Қўшни туманлик Мирзамаҳмуд амаки ҳам отасининг қадрдонларидан бири эди. Отаси билан уларникига борганида ўғли Нодир билан бир-икки марта кўришганди. Шу асно отасининг у ҳақдаги гапларини эслади: «Кейинчалик Нодир эскибоққа қизиқиб қолса, сотаман-нетаман демай, шундоқ бериб юборинглар, фақат буни онанг билмасин», деганди у. Кейин улғайиб, ўз ташвишларига ўралашиб кетди. Нодирни бошқа кўрмади. Йигирма йиллар муқаддам отаси оламдан ўтгач, Мирзамаҳмуд амаки билан ҳам ўртадаги ришталар узилиб кетди.
«Наҳотки у холамнинг ўғли бўлса, — деган ўй кўнглига келди-ю, юзига табассум югурди. — Ўзи бу ҳақда билармикан?..»
Саиджалол ўзгача бир тараддуд билан йўлга отланаётганида ўғли эшикдан кириб келди.
— Ота, сизга бир оғайним ҳақида айтгандим, шу йигит қишлоқ чеккасидаги эскибоғимизга қизиқиб қолди. Отанг рози бўлса, сотиб олсам, дейди.
Саиджалол кескин бош чайқади:
— Эскибоғ сотилмайди. У бировнинг омонати. Эгасини топиб топширайлик, кейин сотгиси келса сотаверади. Ҳозир шошиб турибман, ишларим бор.
— Оғайним ҳам мен билан келувди…
Саиджалол ҳовлида ўттиз-ўттиз беш ёшдаги йигитга дуч келди.
— Дада, бу ўша оғайним, исми Фозил.
Йигитни сўрига таклиф этишди. Саиджалол ҳам меҳмоннинг иззати юзасидан омонатгина ўтирди.
— Ошхона очибсиз, деб эшитдим, хайрли, баракали бўлсин, — деди у.
— Ошпазлик бизга ота касб. Отамнинг отаси ҳам, катта бобом ҳам ошпазлик билан рўзғор тебратишган экан. Отамнинг ёши ўтиб қолди. Айтишича, унинг болалиги шу ерларда ўтган. Ота-онаси, бобосидан кейин тақдир тақозосига кўра бошқа кишиларнинг тарбиясида қолган экан.
Саиджалол сергакланди.
— Отангизнинг исмини айтолмайсизми?
— Нодир ака, фамилияси Азимов.
Саиджалол ҳайратда қолди. Қўллари билан беихтиёр юзини силади.
— Демак, янги емакхонада лағмон пишираркансизлар-да?
— Ҳа, — деди йигит унга ҳайрон бўлиб қараркан, — буни қаердан билдингиз?
— Отангиз ҳозир қаерда?
— Қўшни туманда ҳовли-жойимиз бор. Ошнам билан сизнинг эскибоғингизни кўриб, уйга боргач, таърифлаганимда ана шу жойни сотишса олардик, болалигим ўтган ерлар, ота-онамнинг оёқ излари қолган, деганди. Шунга оғайнимдан шу ерни сотмайсизларми, деб сўрагандим.
— Буни ҳали маслаҳатлашармиз, отангиз билан кўришиб, гаплашайлик, — деди Саиджалол.
Шу пайт қўшни хонадан Нургул момонинг ингроқ ва ялинчоқ товуши қулоққа чалинди:
— Нодиримни топинглар, бир косагина лағмон пишириб берсин…
* * *
Олтмиш ёшлардаги Нодир ҳали анчайин тетик эди. У Саиджалол билан қучоқ очиб кўришди. Унга ўз отасидек ғамхўрлик қилган Саидакбар агрономни, унинг кўмагида ўқишга кирганини, ишларини йўлга қўйиб, ҳаётда ўз ўрнини топганини эслади.
— Тутинган отам тўрт қизли бўлганида онамизнинг тоби қочиб, шифокорлар бошқа ҳомиладор бўлмасликни тайинлашган экан. Шунда отамиз мени ўғил қилиб олган. Ростини айтсам, ҳамма болаларнинг отаси битта бўлса, менинг иккита меҳрибон падарим бор эди. Иккаласи ҳам менга бирдек ғамхўрлик қилишарди. Тақдир мени ота-онамдан айирган бўлса-да, шундай меҳрибонлар билан сийлагани учун ҳамиша шукрона айтиб яшаганман.
— Онам холангиз эканини билармидингиз? — деб сўради Саиджалол.
— Қаранг-а, аслида, биз қондошлар эканмиз-да, — деди Саиджалолнинг сўзларини диққат билан эшитган Нодир. — Уларни яхши эслолмайман. Саидакбар амаким билан уйингизга боргим келарди. Аммо у бунга сира рози бўлмаган.
— Онам сизни йўқлаяпти. Ҳозир анчайин тоби йўқ. Сизни яхши лағмон пиширади, деб ўйлаяпти. Яна айтишларича, бувангиздан қолган омонат ҳам бор экан. Илтимос, вақтни ўтказмай уларнинг олдига борсак…
Нодир келинига тайинлаб, олдиндан тайёрлаб қўйилган хамирни ва сардак учун керакли масаллиқларни олди.
Нургул момо дарвозадан кўз узмай ўтирарди. Уларни кўриб, бир қўзғалиб олди.
— Зарифанинг айтишича, Нодиримнинг дарагини топганмишсан, болам? — деди Саиджалолнинг кўзларига илтижоли термилиб.
— Топдим, ойижон. Мана, олиб ҳам келдим.
Нургул момо меҳмонга ҳайрат ва ҳайронлик билан бир зум термилди. Сўнг тўсрайиб, юзини тескари ўгирди:
— Эҳтимол, учраган бир кимсани бошлаб келгандирсан, Нодирим бўлса, лағмон пишириб берсин. Агар лағмони Азим охунникидек чиқса, ишонаман.
Лағмон пишди. Кампирга овқатнинг олдидан олиб келишди. У таомни аввал ҳидлади. Кейин сувидан бир қошиққина ҳўплади. Бирдан кўзлари ёшланди. Ўтирган жойида қучоғини кенг очди.
— Кел, болам, — деди товуши титраб. — Ростдан ҳам Нодириммисан?..
— Ҳа, Нодирман.
— Ўзингдан ўргилай, Аллоҳ, гарданимда қарз билан кетмайдиган бўлдим. Ўзингга шукр, Қодир Эгам.
Нургул момо туришга уринди. Ҳоли келмади. Ўтирган жойида Нодирнинг елкасидан олиб қайтадан сўрашди. Унга ҳам қаноат қилмай, ўзига тортиб пешонасидан ўпди.
— Ҳозир, сенга омонатингни топшираман. Мана, ҳозир…
Кампир ўзгача тараддуд билан болишнинг чокини сўтишга уринди. Кучи етмади. Унга ёрдамга ошиққан Зарифанинг қўлини силтаб нарига итариб юборди.
— Жўна ҳамманг! — деди атрофида қизиқсиниб қараб турган набираларига хўмрайиб. — Бу Нодирники!
Набира келин қайчи топиб келди. Шу тобда бу ерга йиғилганларнинг бари сирли болишнинг ичидаги омонатнинг нималигини билишни истарди.
— Бир умр сандиқдан чиқармадим. Гоҳ-гоҳида кечалари отасига билдирмай олиб, томоша қилардим. Битталаб санардим-да, жойига қўярдим. Ўшанда кўзим ўлгур оч бўлган экан. Сенга бергим келмади. Шунча бойлигим бор, деб ичимдан ғурурланиб юравердим.
Кампир гапириниб-гапириниб болишнинг жилдини қайчи билан кесди. Унинг ичидан пахтага ўралган бир нарса ерга тушди.
— Бу онангнинг зираги билан узуги эди, — деди Нургул момо ва гапира туриб болишнинг пахтасини титкилаб иккита билагузук топди. Уларни Нодирга бергач, узун-узун, озғин бармоқлари билан болишни яна бир силаб қўйди-да: «Энди Азим охунинг омонатини ҳам ол», — дея болиш ичидан тикилган бошқа бир болишни қайчилай бошлади.
Шу пайт атрофдагиларнинг кўзлари ўйнаб кетди. Ички болишга тахлам-тахлам пуллар терилган эди. Ҳаммаси эски тузумнинг 10, 25, 50 сўмлик пуллари…
— Бу бойликка Нодирим қасрлар қуради ҳали, — деди Нургул момо мамнун жилмайиб.
Чевараларнинг юзига бирдан беҳафсала ифода қалқиб чиқди:
— Буви, ахир буларнинг бари эски замоннинг пуллари-ку. Ҳозир қоғоздан фарқи йўқ.
— Азим охуннинг олдига ёруғ юз билан бораман, энди бировдан қарзим йўқ, — дея мамнун жилмайиб ўтирган Нургул момо бойлик деб ҳаммадан яшириб, асраб-ардоқлаб келаётгани оддий қоғозга айланиб улгурганини, энди унинг бировга заррача фойдаси йўқлигини англайдиган аҳволда эмасди.
Елкасини бир умр эзиб, босиб келаётган оғир юкдан халос бўлгани сабабми ёки жигаридан қолган ёдгори Нодирини топгани учунми, унинг юз-кўзларида ўзгача бахт, мамнуният аксланарди.