— Шу кунларда асабларим ниҳоятда чарчаган. Ўзимни назорат қилолмай қийналиб кетдим. Бошимизга тушган қийинчиликлар сўнгги кунлар ортга чекинишни истамаётган касаллик сингари ёпишиб олган бизга…
Эримнинг қамалиб қолгани ғам-андуҳларимизнинг бошланиши бўлди. Не қилайки, унинг жинояти чиндан оғир. Бир инсоннинг ўлимига сабаб бўлиб, ўн беш йилга қамалди. Жазо муддатини камайтиришга, уни озод қилишга кўп уриндик. Лекин жиноят яширин камерага муҳрлангани, унинг қотил экани аниқлиги учун ҳам бу иш иложсиз эди. Қолаверса, эрим ўлдирган йигитнинг ота-онаси ҳам бу иш устида қаттиқ туришди. Эримни панжара ортида қолдириш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишди. Табиийки, бунга уларнинг ҳақи бор. Суд ҳам эримга айни шу муддатни бергандан сўнг умидим қолмади. Қўлимдаги фарзандим билан ёшгина бевага айландим, қолдим. Ана шундан кейин ҳаётимда аламли кунлар бошланди. Ўттизга ҳам кирмасимдан бошимга тушган бу мусибат мени анча эзди. Ҳеч қандай илож, чора йўқ. Мен ўн беш йиллик кейинги ҳаётимни ўйлар, юрагим сиқиларди.
— Мени кутасан, тўғрими? Ўн беш йил деган сўз сени қўрқитмасин. Ахир мен олдинроқ чиқиб кетишим ҳам мумкин-ку?!
— Мен сизни кутаман, кўнглингиз тўқ бўлсин!..
Бу менинг қатъий қарорим эди. Гарчи эримдан ғазабланаётган бўлсам-да, гарчи юрагимда катта ғашлик ётган эрса-да, унга ваъда бердим. Бироқ… Вазият кескин ўзгарган эди. Кўп вақт ўтмай қайнонам билан алоқаларимиз ёмонлаша бошлади. У ҳам, мен ҳам дард ва қайғудан тилимизга келган сўз билан бир-биримизни ҳақоратлаб, жанжаллашиб қолдик. Авваллари эрим ишлашимга доим қарши бўлганлиги туфайли уйда ўтирардим. Энди эса ҳаёт мени ҳам ишлашга мажбур қилди. Атрофдагиларга юк бўлмаслик учун ҳам ўзим ва фарзандим келажагини ўйлаб, ишга кирдим.
— Бу ношукр, жимгина уйда ўтирса бўлар эди… Ликиллаб ишга кирибди!
Қайнонамнинг келган меҳмонларга айтган гапи менга чиндан оғир ботди. Эрсиз аёлга нисбатан «ликиллаб» сўзини ишлатгани дилларга шубҳа экиши аниқ. Ўзимни боса олмай қолдим.
— Ликиллаб?.. — дедим асабийлашганимдан. — Ўша уйда ўтира олмаган келинингиз эмасми ҳозир сизларни боқаётган?!
— Вой, мана бунинг асл башараси, — деди қайнонам қизлари ва бошқа меҳмонларга юзланиб. — Кўряпсизларми сапчишини? Ҳурмат деган нарсани билмайди уятсиз! Сен эмас, биз сени боқяпмиз чол-кампир нафақамиз билан!
— Ундай бўлса мени боқмай қўя қолинглар!
Меҳмонларнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, қизимни кўтардиму, уйдан чиқиб кетдим. Шу кетишда тўғри ота уйимга бордим. «Чиққан қиз чиғириқдан ташқари», деганларидак келиним узоғи бир ҳафтадан кейин ҳўмрайиб олди. Ана шундай кезлари аёл киши ўзини нақадар бахтсиз ҳис қилишини тасаввур ҳам қила олмайсиз! Иложсизликдан ижарага уй олиб, яшай бошладим. Инсонлар мени муҳокама қилиши мумкин. Бироқ ҳар ким ўзидан ўтганини фақат ўзи билади. Шунда ҳам номимга доғ тушиши тўхтамаяпти. Майда гап-сўзлар болалаган, ўзимдан эса халоват кўтарилган.
Мана шундай оғир шароитда негадир фикримдан қайтиб қолдим. Яъни эримни ўн беш йил кутиш… Билмадим, бундан маъно кўрмаяпман. Инсон ҳаёти давомида маъно топмаган ишларидан узоқ юриши керак. Мен мени ҳурмат қилмайдиган, аллақачон номимни бузуққа чиқарган хонадонда қотил эримни шунча йиллар кутиб ўтиришим кераклигидан чиндан ҳам маъно топа олмаяпман. Шу туфайли ҳам ажрим учун ҳужжатлар тайёрлаётган эдим. Буни билган қайнона-қайнотам қизлик уйимга бориб, жанжал кўтаришибди. Гўёки мен «юриб кетган» эмишман. Гўёки сабр қилолмай, бу ишларни бошлабман. Жуда ранжидим, кўнглимга оғир ботди бу иғволар. Энг ёмони, қайнона-қайнотамнинг иғволарига ишонган қариндошларим ҳам «Уйингга бор, эрингни кут», дея мени койишяпти. Нима қилишимни билмай иккиланиб қолдим. Илтимос, менга маслаҳат беринг. Бу вазиятда энг тўғри йўл нима?..
ЗИЛОЛА Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|