— Мен ўз ҳаётини ҳар кимга сўзлаб юрадиган аёллар тоифасидан эмасман. Бироқ бугун шунча йиллик сабр косам тўлди. Кимгадир ёрилмасам бўлмайди. Шунинг учун ҳам севимли газетамга мурожаат қилишга қарор қилдим. Токи, ҳеч бир аёл мен қилган хатони қилмасин.
Бугун турмушимизга ўн йил бўлди. Бироқ бу кунни биз баъзи бир эр-хотинлардай хурсандчилик билан нишонлаётганимиз йўқ. Чунки бу кун эримнинг эсидан чиқиб кетганига анча бўлди. Бир вақтлар, яъни турмушимизнинг бошида мени севганини ҳам унутган. Гарчи ота-онамизнинг рози-ризолиги билан оила қурган бўлсак-да, бир-биримизни севиб турмуш қурганлардан ортиқроқ қадрлардик. Айниқса, хўжайиним мени еру кўкка ишонмасди. Шундай муносабат ҳозир қандай қилиб буткул аксига айланганига тушунолмайман. Ким айбдор экан, тағин ўтмишга назар соламан. Ахир ҳамма-ҳаммаси яхши эди. То биринчи фарзандимиз нобуд бўлгунга қадар.
Бўйимда бўлганида Суҳроб акам ўзида йўқ хурсанд эди. Шундай азиз эдимки, асти қўяверасиз. Бироқ болажонимга яшаб кетиш бахти насиб қилмади. Унинг нобуд бўлгани иккимизга ҳам қаттиқ таъсир қилди. Айниқса, мен жуда сиқилдим. Шифокорлар ўзимга қарашни ва ҳомиладорликдан сақланишни тайинлашди. Бироқ қайнонам буни тушунмасди. «Кетсин, энди туғмайди. Умрингни ўтказасан!» деб ўғлини койирди. Ўғли жавобимни бермагани учун унинг ориятига тегадиган сўзларни айтарди. Бир кўнглим, кет, дерди, аммо умр йўлдошимни кўзим қиймасди. Суҳроб акамнинг менга муносабати эса кундан кунга совуқлашиб борарди. У аввалгидай мени қадрламасди. Умр йўлдошимнинг муносабати ўзгаришини истаганим учун шифокорларнинг гапига қарамай ҳомиладор бўлдим, бироқ саломатлигим яхши эмасди. Мен тез-тез касал бўлганим учун болам ҳам нимжон туғилди. Қайнонам ўғлига: «Бу хотининг касал. Касал хотинни бошингга урасанми? Сенга кимлар тегмайди. Касал хотин боқишдан бошинг чиқмайди. Ажраш!» дегани-деган эди. Энди бутун оила менга қарши. Қайнонамга қўшилиб қайнопа-қайнсингиллар, овсинлариму қайноғаларим ҳам мендан айб излайдиган, изимдан эримга ёмонлайдиган одат чиқаришди. Орамизда катта жарлик пайдо бўлди. Энди умр йўлдошим менга сира яхши гапирмасди. Бирор ишим ўхшамаса ё сал тобим бўлмай қолса, дунёдаги энг ёмон сўзлар билан ҳақоратларди. Мен эса тағин ўша, бирга бахтли яшаган кунларимиз ортга қайтишига ишонардим ва умид қилардим. Бу орада Суҳроб акамнинг иши Тошкентга кўчди. У мени ҳам катта шаҳарга олиб келди. Бир-икки йил ижарада яшадик. Иккимиз ҳам ишлардик. Ўғлимиз эса боғчага борарди. Турмушимиз ойдеккина эди. Анча-мунча пул ҳам йиғиб олдик. Ота-онам турмушим ўнгланганидан қувониб, Тошкентдан уй олишимизга кўмаклашди. Биз янги уйга кўчиб киришимиз билан ҳаммаси ўзгарди. Қишлоқдан ким келса, бизникида турарди. Ширин муносабатимизга тағин дарз кета бошлади. Қайнонам ҳар келганида жанжал қўзғаб кетадиган бўлди. Қайнсинглим бизникига келиб тилла узугини йўқотган экан, мени ўғрига чиқарди. Қайнопаларим меҳмонга келганида боласи касал бўлганди, бунга ҳам мен сабабчи бўлдим. Хуллас, мана шундай айблар менинг аёвсиз калтакланишимга бир баҳона эди. Дунёга келганимга пушаймонлар бўлиб кетардим. Бу орада эрим телефонда қизлар билан гаплашадиган одат чиқарди. Менга деярли эътибор бермас, асосийси, мени калтакламай қўйди. Мен шунисидан қувониб, ундан ортиқча ҳеч нарса сўрамасдим. Бекор қилган эканман, у бўйдоқ йигитлардай яшайдиган бўлди. Энди рўзғорга деярли ҳеч нарса олиб келмасди. Биз оч ўтирсак, унга, барибир, эди. Бу орада тағин ҳомиладор бўлиб қолдим. Иккинчи фарзандимнинг туғилиши унинг муносабатини ўзгартирармикин, деб умид қилгандим. Йўқ, баттар бўлди. Қизалоғим ҳам нимжон туғилди. Унинг ҳам акасига ўхшаб тез-тез тоби қочиб қоларди. Эрим энди очиқчасига: «Уйдан кет! Сен фақат касал бола туғасан! Сен ҳам, касал боланг ҳам керак эмас!» дерди. Мен болаларимни олиб, тағин қишлоққа, ота-онамнинг уйига келдим. Болаларимнинг иккиси ҳам анча соғайиб қолди. Отам учаламизни Тошкентга олиб келди. Куёви билан гаплашди. У қўлини кўксига қўйиб, ҳаммаси яхши бўлишини таъкидларди. Дадам бечора уйдан кўнгли тўқ бўлиб чиқиб кетди. Ўзим ҳам эримда оз бўлса-да виждон уйғонишига ишонардим. Бироқ қаерда, чучварани хом санаган эканман. У отам кетиши билан мени аёвсиз калтаклади. Қайтганим учун туғилганимга пушаймон қилишини айтди. Шу-шу, ҳаммаси эски тос, эски ҳаммомлигича қолди. У қизлар билан гаплашар, менга эса эътибор қилмасди. Уйга кеч кириб келарди. Қаердалигини сўрасам, «Нима фарқи бор сенга, ўзимни хурсанд қилиб келяпман-ку!» дерди. Мен ҳам «Ҳа майли, ўзини хурсанд қилаётган бўлса, билганини қилсин», дердим. Лекин хато қилган эканман. У кўчага чиқиб кетаётганида йўлини тўсишим керак экан. «Қизлар билан гаплашса ҳам, уларни ташлаб кетяпти-ку», деб кўнглим тўқ юраверибман.
Қизалоғимни боғчага бериб, ўзим ишга чиқдим. Рўзғорга эримдан бир сўм сўрамасдим. У ҳам пул бермасди. Яқинда эса умр йўлдошим ажрашаманга тушиб қолди. Сўраб-суриштирсам, ёши каттароқ, уч болали, боши очиқ бир хотинга илашиб қолибди. Ўша хотиннинг олдига бордим. У: «Биз фақат дўстмиз, орамизда ҳеч қандай муносабат йўқ», деб тан олмади. Мен ўша аёлнинг сўзларига ишондим. Бироқ эрим кундан кунга ваҳшийга айланиб борарди. Ўша аёлникига бориб, кечгача ичиб ўтиради. Унинг болаларига ғамхўрлик қилади, ўз болалари ҳақида эса ўйламайди. Туғилган кунимда: «Табриклайман, хотин!» деб айтишга ярамаган одам ўша аёлнинг туғилган кунига қилган совғасини кўриб, оғзим очилди. Шу аёлга илашганидан буён мени тез-тез калтаклайди. Болалар отасининг ичиб келиб, мени уришидан безиллайдиган бўлишди. Отам уларнинг руҳиятига бизнинг тортишувларимиз ёмон таъсир қилаётганини, иккиси ҳам қўрқоқ бўлиб ўсаётганини кўриб, набираларини қишлоққа олиб кетишини айтганида, эримнинг бир туки қилт этмади. Унинг йўлини тўсмади ҳам. Мен турмушимни сақлаб қолиш учун ҳамма ишни қилдим. Эримга яхши сўзладим ҳам, эътиборсиз бўлдим ҳам, ўзимга қараб, унга ёқишга ҳаракат ҳам қилиб кўрдим, ўша аёл билан никоҳ ўқитишига ҳам рози бўлдим, бироқ ҳеч нарса кор қилмади. У мени хўрлагани-хўрлаган. Турмушимни қандай сақлаб қолишга ҳайронман. Вақтида эрим ўзини-ўзи хурсанд қилиб юрибди-ку, деб лоқайд бўлганимнинг жабрини тортяпман. Нима қилсам, эримнинг муносабати ўзгаради? Турмушимни қандай сақлаб қолсам бўлади?
ШАРИФА
Руҳшунос маслаҳати
Иқбол АДИЛОВА, психолог:
— Раҳматли онам: «Болам, эркак зотининг аёлидан кўнгли қолса, ўнта бола ҳам сақлаб қололмайди», дерди. Чиндан ҳам шундай, турмуш ўртоғингиз билан орангизда катта жарлик бор. Бунга атрофдагилар ҳам, ўзингиз ҳам қисман айбдорсиз. Лекин бундай вазиятда нима қилсам экан, деб қўл қовуштириб ўтириб бўлмайди. Аввал эътиборсизлик қилган бўлсангиз, энди эрингизга эътиборни кучайтиринг. Уч болали аёл сиздан катта бўлса ҳам эрингизнинг кўнглини олишга эришибди-ку. Наҳот бу сизнинг қўлингиздан келмайди? Ўзингизга бу қадар паст баҳо бериб, ишончингиздан айрилманг. Агар истасангиз, уни ўзингизга қарата оласиз. Асосийси, ишонч! Сиз ўша аёлдан кам эмассиз. Аксинча, ёш ва гўзалсиз. Тобингиз бўлмаса ҳам, ўзингизни бардам тутинг. Ўзингизга оро бериб, чиройли кийиниб юринг. Эрингиз кеч келса ҳам кулиб кутиб олинг. Уни дунёда сиздан ғамхўрроқ аёл йўқлигига ишонтиринг. Шунда ҳаммаси яхши бўлади. Болаларни уйга қайтаринг. Оталик масъулияти ҳам эркак кишини хато қилишдан асрайди.
Сабр ҳар бир ишнинг калити. Сабр қилган одам ҳаммасига эришади. Бир йилнинг ёзу қишлари бўлганидек, турмушда ҳам яхши-ёмон кунлар бўлади. Яхши кунларда фикр, ёмон кунларда сабр қилиб, турмушимизни асраб қолайлик, азизлар! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hodiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|