— Не-не орзулар билан келинлик либосини кийганимга бир йил ҳам бўлгани йўқ. Аммо мана шу бир йил ичида оғир руҳий стрессларни бошдан кечирдим. Турмуш ўртоғимга танлаб-танлаб текканман. «Танлаб-танлаб тозисига учрайсан!» дейишларида маъно кўп экан. Ўзим пиширган ош деб, ҳаммасига чидаб, у билан яшаб келяпман.
Эримнинг масъулиятсизлигию ичкиликка ружу қўйгани бир тараф, мени қийнаётган нарса эса яна бир тараф. Турмуш ўртоғим истеъмол қилаётган дорилар оиламиз дарз кетишига сабаб бўлмоқда! Ҳа, балки, ишонмассиз, бироқ бугун баъзи инсонлар тақиқланган психотроп дориларни қабул қилишмоқда. Мен то мана шу инсонга турмушга чиқмагунимча, бу дорилар ҳақида ҳатто эшитмагандим ҳам. Ҳозир эса бу дориларнинг турлари, асоратлари, таркиби ҳақида китоб ёзишим мумкин, десам ишонмайсиз.
— Бу шунчаки бош оғриғи учун. Шунчалик ҳам оми бўласанми?!
— Сиз бу дорилардан қутула олмаяпсиз, бу дорилар таъсирида ўзингизни англолмаяпсиз!
— Уф-ф, кўп гапирма! Йўқол! Тинч қўй мени?..
— Ахир мен ҳомиладорман, яқинда фарзандли бўламиз, сиз эса…
— Нима қилибди шунга, а?! Фарзандли бўлсак нима, а? Дориларимга тегма, умуман тегма, билдингми?!
Эрим худди руҳий касал одамлардай бақираверади, бақираверади! Мен ёш бошимга тушган бу савдодан эзилиб кетяпман, жуда ҳам кўп ўйлаяпман бу ишларнинг охирини! Кимдан ёрдам сўрашга эса ҳайронман. Ҳар куни хонага кўзлари сузилиб кирадиган эримдан ўлгудай қўрқаман. Аммо бу ҳақида кимгадир айтишим нимани ўзгартирарди, деб ҳам ўйлаяпман. Онам ва дадамни қийнашимдан нима наф, шундай эмасми? Эрим ота-онамни ҳечам ҳурмат қилмайди, ўзининг ота-онаси ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Жамиятимизда эса ажрашган аёлларга кун йўқ. Қолаверса, мен фарзандим туғилгач, ҳеч қаерга сиғмаслигимни ҳам жуда яхши биламан. Кимнинг ҳузурига бош уриб борай, ахир?! Жуда чарчадим. Йиғлаганим-йиғлаган! Эрим эса ҳеч нимани ўйлашни ҳам истамайдиган даражага тушган. Тўғри, у мени урмайди, хўрламайди. Лекин… Бошида унга шарт ҳам қўйдим, даволаниши кераклигини ҳам уқтирдим, уни нима қийнаётганини билишга кўп уриндим.
— Бу кетишда ҳаётимиз нима бўлади? Ёшингиз ўттизда, эрта-индин бу кетишда янада кўпроқ дори хоҳлайсиз…
— Яъни? Сен мени гиёҳванд демоқчимисан?!
— Мен шунчаки, тинч ва осуда ҳаётимиз бўлишини истайман, холос! Агар сизга нимадир азият бераётган бўлса, айтинг, мен ёрдам бераман.
— Сен нима учун арзимаган нарсаларни катталаштирасан? Бирор инсон боши оғригани учун дори ичса, гуноҳкорми?
Турмуш ўртоғим ўз хатоларини ана шундай табиий қабул қилишда давом этаркан, эртамиздан умидвор бўлишим мумкинми? Кексалар, ёши катта аёллар бугунги ёшлар сабрсиз экани, енгилтабиат бўлишгани учун ҳам оилани осон бузишаётганини иддао қилишади. Мен эса уларга бир нарсани айтмоқчиман: авваллари ҳар кимни йўлдан оздиришга қодир мобиль телефонлар йўқ эди. Ҳузур бахш этувчи юзлаб дорилар ҳам топилмасди. Авваллари эркакларда энг асосий нарса — масъулият нисбатан кучлироқ эди.
Мен ҳозир ўз турмушимни асраб қолиш учун жон-жаҳдим билан курашяпман. Дардларимни ичимга ютиб, ҳар куни кулиб турган чеҳра билан нонушта тайёрлайман, ишларимга андармон бўламан. Аммо… Ажрашиш ҳақида ўйламаётганимга анча бўлди. Бу инсон билан биргаликда топган ягона неъматим, қорнимдаги бола, холос. Ягона умидим фарзандимиз туғилса, эрим бебошликларини йиғиштирар ва бу кунлар ортда қолар деган далда… Ёки эрим устидан тегишли органларга ариза беришим ва уни бироз тавбасига таянтиришим керакмикин? Эримни бирор руҳшуносга олиб боришнинг-ку, умуман иложи йўқ. Чунки у ҳозир атрофидаги воқеаларни ҳам унча тушуна олмайдиган даражага тушиб қолган. Баъзан қайнона-қайнотамнинг бефарқлигига чидолмай кетаман-у, лекин улар ҳам нима қила олишарди. Ўттизга чиққан эркакнинг ўзи фақат кайф-сафони ўйлаб яшагач, ота-онани айбдор қилиш мутлақо ўринсиз. Мен соғлом фикрловчи, тажрибали инсонларнинг маслаҳатига муҳтожман. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|