Бу оламшумул воқеа Японияда содир бўлган. Она-оналарнинг сотилишлари ҳақида… Токио рўзномаларининг бирида навбатдаги ҳайратланарли эълон чиқди. Унда шундай ёзилганди:
«Ота – она сотилади. Ота – 68, она – 66 ёшда. Нархи: 900 йен».
Бу эълонни кўрганлар чинакам ҳайратга тушарди. Баъзилар: «Эҳ, қандай замонларга қолдик-а? Ота-оналар ҳам энди сотилаётган эмиш! Ҳукумат қаерга қараяпти?» Хуллас, миш-мишлар қайнади.
Ана шу рўзнома яқиндагина автоҳалокат туфайли вафот этган ота-онасини тупроққа қўйган ёш оиланинг қўлига тушди. Жудоликда қолган фарзандлар чуқур қайғуда эдилар. Улар учун ота-онани сотиш истагида ёзилган эълон нонкўрликдек кўринди. Сотилаётганларнинг қалбида бу ҳолатда нималар бўлганини ўйлашнинг ўзи бу ёш оилага қўрқинчли эди. Шунинг учун улар бу икки қарияни сотиб олиб, меҳр-муҳаббат кўрсатиб, ғамхўрлик қилишга аҳд қилишди.
Улар айтилган манзилга келиб ажабландилар. Қаршиларида ҳашаматли уй, ёрқин ранглар таралган ҳовли кўриниб турарди. Манзилда адашганларига амин бўлиб турганларида, эшик очилиб, бир кекса киши уларни табассум билан қаршилади.
– Саломатмисиз? Қандайдир тушунмовчилик бўлгани аниқ, аммо… лекин эълонда сизнинг уй манзилингиз кўрсатилган экан…
Нотаниш киши:
– Ҳаммаси тўғри! Ичкарига марҳамат! – деди ҳаяжонланиб.
Меҳмонларни ўтиришларини сўраб, рафиқасини чақирди.
– Кўриб турганингиздек, биз моддий жиҳатдан муҳтож одамлар эмасмиз. Лекин, бизнинг меросхўрмиз – фарзандларимиз йўқ. Шунинг учун эълон орқали ўзимизга муносиб номзод топишга қарор қилдик. Биз бу эълонга фақат меҳр ва одамийлик ҳисси юқори кимсаларгина жавоб қилишини билардик! Аммо бундай инсонлар топилишига шубҳада эдик. Бу ишингиз сизлар учун шарафдир! Сизни учратганимиздан жуда мамнунмиз! – дедилар.