Республика махсус комиссияси қизил, сариқ ва ҳатто яшил ҳудудлар учун ҳам амал қилиниши мажбурий бўлган чекловларни белгилаб берган. Унга кўра, оммавий тадбирлар ўтказиш мумкин эмас. Қандай мақсадда бўлишидан қатъи назар оммавий тадбир мумкин эмас, тамом вассалом.
Аммо коронавирус тарқалиши кучайиб бораётган бир пайтда Андижонда юзлаб одамларни кўчага чиқариб оммавий пиёда юрдиришмоқда. Тепага яхши кўринишни хоҳлайдиган айрим амалдорлар бунинг бошида турибди. Ижтимоий масофага ҳам биров амал қилган, биров қилмаган. Нима эмиш, СЭС рухсат берганмиш. Нега рухсат беради? СЭСда шунақа ваколат борми, Республика махсус комиссияси тақиқлаган нарсага рухсат берадиган?
Унақада СЭС рухсати билан 100 кишилик тўй қилса ҳам бўладими? Ҳар бир стулнинг орасини узоқроқ қўйиб, тўйга келганларни иситмасини текшириб, қўлига антисептик сепиб, тўйхонани дезинфикция қилиб, бемалол тўй қилиш мумкинми? Йўқми? Унда нега бошқача тадбирларга рухсат бериляпти? Қарорлар ҳамма учун бир хил эмасми?
Ўзбекистоннинг бошқа чеккаларида эса, карантин қоидаларини буздинг, деган важ билан фуқароларга тинимсиз жарима ва бошқа жазолар қўлланмоқда. Ҳаттоки кўчага нон олишга чиққан ниқобли фуқароларга «бемақсад юрибсан» деган айб билан жарима солишганди. Мана, кўчада юзлаб бемақсад юрганларга ҳеч нарса бўлмаяптику. Пиёда юриш шунчалик соғлиққа фойдали экан, унда нима учун кўчадаги одамларни «уйда қолинг» деб ҳайдаяпсизлар? Ҳамма кўчада юраверсин мазза қилиб, соғлиғига фойда бўлар экан-ку.
Қилинаётган ишларда на мантиқ бор, на бир тартиб.
Аввал ўзимиз учун аниқлаб олайлик, карантин ва ундаги чекловлар кимлар учун? Барча учунми ёки фақат оддий халқ учунми? Давлат ташкилотларига бу тааллуқли эмасми?
Бунақа эгилувчан ва одамига қараб чўзилувчан қарорлар нима учун фақат оддий халққа келганда ишлайдию, давлат ташкилотларига келганда ҳамма кўз юмади? Нима учун? Шу саволга кимдир жавоб бера оладими?