Бугун деярли ҳаммамиз уй-рўзғорда турли маиший кимёвий воситалардан фойдаланамиз. Тозалаш, оқартириш, зараркунандаларга қарши курашиш ва бошқа мақсадларда бундай воситаларни тез-тез харид қиламиз. Ҳозир ҳатто озиқа учун ишлатиладиган кимёвий воситалар ҳам мавжуд. Улардан фойдаланишда риоя қилиниши керак бўлган хавфсизлик чораларига ҳамма ҳам эътибор қаратавермайди – ёрлиқни ўқиб чиқишга эринмайдиган одам жуда кам.
Лекин маиший кимёвий воситалардан фойдаланишда хавфсизлик чораларига амал қилиш муҳим. Ўзингиз ва яқинларингиз саломатлиги учун ҳам бу қоидаларни четлаб ўтишга уринманг. Қуйида биз сизга бу турдаги воситалардан фойдаланганда амал қилиниши лозим бўлган хавфсизлик чоралари борасида Россиянинг етакчи мутахассислари тавсияларини ҳавола қиламиз.
Маиший кимё воситаси ёрлиғида унинг таркиби аниқ кўрсатилган бўлиши керак. Унда хлорорганик бирикмалар, акилбензолсулфонатлар, этоксилланган алкилфеноллар бўлмаслиги шарт.
Ўзини ҳурмат қилган ишлаб чиқарувчи маҳсулот ёрлиғида унинг кимёвий таркибидан ташқари, албатта, хавфсизлик чоралари ҳақида ҳам огоҳлантириш беради: кимёвий воситалар билан ишлаганда резина қўлқоп тақиш, кўзларни ҳимоялаш, нафас йўллари ва терига кимёвий фаол моддалар тушишидан эҳтиётланиш зарур. Маиший кимё маҳсулотларини болалардан яшириб юриш ва уларнинг қўли етмайдиган жойда сақлаш керак. Маиший кимё воситасининг чанги, тутуни ва кукунлари организмга тушмаслигига эътибор қаратиш лозим, бундай воситалар билан ишлаётганда, албатта, хонада ҳаво айланиб туриши керак.
Валерий Петросян, Москва давлат университети профессори. Профессорнинг айтишича, маиший кимёвий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг айримлари харидорларнинг табиатан хавфсизроқ моддаларни сотиб олишга мойиллигини эътиборга олиб, маҳсулот таркибидаги зарарли моддалар номини ниқоблаб кўрсатишга уринмоқда. Шу сабабли баъзи ёрлиқларда хлорорганика ўрнига биологик фаол қўшимча ёки акилбензолсулфонат ўрнига ноорганик сирт-фаол модда дея ишлатилган ўринларга дуч келиш мумкин. Бундай ёзувлар одатда кимёдан яхши хабардор бўлмаган оддий одамларни чалғитади ва хавфдан огоҳ қилмайди.
Маиший кимё воситалари ишлаб чиқарувчилар агрессив бирикмалар ўрнига кўпроқ табиий моддалардан фойдаланишга ўтаётганликларини ҳам қайд этиш жоиз. Масалан, хлор кислотаси ўрнига лимон кислотаси қўлланмоқда ва ҳоказо. Хлорли бирикмаларни маиший кимёда қўллашга расмий тақиқлар жорий қилинмаган бўлса-да, ишлаб чиқарувчиларнинг ўз ташаббуси билан бундай бирикмаларни имкон қадар қўлламасликка бўлган уриниш тенденцияси кузатилмоқда. Бу асосан маиший кимё хавфсизлигига бўлган талабчанликнинг ортганлиги ва ОАВда яхшигина тарғибот ишлари олиб борилганлиги билан боғлиқдир. Ҳозир дўкон пештахталарида маиший кимё маҳсулотини сотиб олаётган харидорлар унинг истеъмол муддатидан ташқари таркибий хавфсизлигига ҳам эътибор қаратишни бошлаган ва бу яхши, албатта.
Шу сабабли ишлаб чиқарувчилар эндиликда маҳсулот ёрлиғида «ишқорсиз модда», «яшил технология», «экологик соф маҳсулот» сингари реклама-тарғибот ёзувларини кенг қўллашмоқда. Маркетологлар олиб борган тадқиқотларга кўра, рўзғорда яқин дастёр бўлган маиший кимё маҳсулотларининг бехатарлиги учун ўрта статистик харидор қимматроқ таннархга ҳам рози бўлади.
«Шу сабабли ҳам жаҳон бозорида маиший кимёвий воситалар савдосида сўнги йилларда нисбатан хавфсиз, лекин қиммат бўлган япон ва корейс маҳсулотларига талаб ошгани ажабланарли эмас» — дейди Менделеев номидаги кимё технологиялари университети мутахассиси Вероника Смагина.
Петросян яна шуни қўшимча қилдики, ҳозирда маиший кимё ишлаб чиқарувчилар муайян кимёвий фаол модданинг рухсат этилган чегаравий концентрацияси ҳамда унинг рўзғорда қўллаш самарадорлиги орасидаги нозик ва оптимал чегарани топишга асосланган масалалар устида бош қотиришмоқда.
Вероника Смагина эса маиший кимёвий воситалар, асосан, суюқ ҳолда сотиладиган тайёр маҳсулот кўринишида намоён бўлаётганига эътибор қаратган. Албатта, бу нарса фойдаланувчининг ўзи турли кимёвий моддалар билан ишлашига ўрин қолдирмаслиги (масалан, ҳар хил кукунларни эритиш, қайнатишга ҳожат йўқлиги) билан қулай. Бундай тайёр воситалар бироз қиммат туради, бироқ уларда кукунли ҳаводан нафас олиб юбориш, аллергик реакцияларга мубтало бўлиш ҳамда тери ёки кўзга сачрашдан зарарланиш сингари хатарлар йўқ. Шу сабабдан ҳам улар сўнгги пайтларда жуда оммалашмоқда. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|