Савол: – Биламизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталарни кўрганлар. Хусусан, Жаброил алайҳиссалом билан мулоқотда бўлганлар. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталарни қандай тасвирлаганлар? Бу ҳақда ҳадислар борми?
Жавоб:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Ҳамд осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга бўлсин. У Зот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир. (Фотир-1)
«…фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга бўлсин».
Фаришталар Аллоҳ яратган ўзига хос зотлардир. Бошқа оятларда уларнинг табиатлари, адо этадиган вазифалари ва бошқа хусусиятлари ҳақида сўз юритилган. Бу оятда уларнинг жисмоний тузилишларининг бир қисми, яъни икки, уч, тўрт қанотли бўлишлари ҳақида гап кетмоқда. Биз «қанотли махлуқот» деганда қушларни тушунамиз. Уларда иккита қанот бўлади. Аммо фаришталар ичида иккитадан кўп қанотлилари ҳам бўлар экан. Лекин фаришталарнинг асл тузилишларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасида элчилик вазифасини ўтаган Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турли ҳолатларда кўринган. Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломни асл хилқатларида икки марта кўрганлар. Биринчи марта Хиро ғоридан тушиб келаётиб, водийда қанотлари билан осмонни тўсиб турганида кўрганлар. Иккинчи марта Исро кечасида кўрганлар. Ўшанда олти юзта қаноти борлиги, ҳар бир қаноти мағриб билан машриққа етиши айтилган. Бундан фаришталар фақат икки, уч, тўрт қанотли эмас, ундан кўп қанотли ҳам бўлишлари мумкинлиги англашилади. Оятда қанотларнинг сони чегараланаётгани йўқ, балки уларнинг кўп бўлиши айтилаётибди. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида «У Зот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур», дейилмоқда.
Лекин бу ҳолат фақат фаришталарга эмас, балки Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотларга тегишлидир. Зотан, бу дунёда бутун оламлар ва улардаги нарсаларни фақат Аллоҳ таоло яратгандир. Йўқдан бор қилувчи ўша Зот истаган нарсасини кўпайтиради.