Яқинда депутат Қобил Дўсовнинг (Кабул Дусов) Қуръон ёдлаш ҳақидаги фикри кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Шу билан бирга, у инсоннинг сўзларини қайсидир маънода қўлловчи одамлар ҳам бор эди. Зотан, шу мазмундаги тушунча кўпчиликда учрайди. Ана шу эътибордан, фурсатдан фойдаланиб, кўпчиликка фойдали бўлади деган умидда, юртдаги аҳли Қуръонларнинг кичик бир вакили сифатида ушбу мавзуда айрим мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола қилишни зиммамдаги бурч деб топдим. Бу фикрларни айрим шахсий сабабларга кўра ўша кунлари хатга туширишга имкон бўлмади. Ҳечдан кўра кеч деганларидек ва бу ерда фақат бир кишининг фикри эмас, бошқа шу каби гап-сўзларга ҳам умумий жавоб бўлишини назарда тутиб, бугун ушбуларни тақдим қилмоқдаман. Қобилжонни яхши инсон деб билиб, яхши гумонда бўлганимдан ўша битигида яхшиликни ирода қилган ва гапларида бир қисм жонли фикрлар ҳам бор, деб ўйлайман. Аммо кенгроқ олиб қараганда, юмшоқ қилиб айтганда, у ерда пишмаган, ўта хом гап бўлган. Аввало шуни айтиш лозимки, киши ўзи яхши билмаган, мутахассиси бўлмаган соҳада ўзича гапирмаслиги керак. Хусусан, мусулмон киши Қуръонга нисбатан, унга боғлиқ масалада сўз айтганда ўта эҳтиёткор бўлиши диннинг талаби, иймоннинг тақозоси эканини унутмаслиги даркор. Акс ҳолда киши кўп хатоларга йўл қўйиши турган гап. Бунга депутатимизнинг сўзлари яққол мисол бўлади. Эҳтимол, у киши ўз сўзида қориларни Қуръон ёдлаш билан чекланмай, бошқа билимларни ҳам эгаллашга чақирмоқчи бўлгандир. Лекин постда бир неча жиҳатларнинг ҳисобга олинмагани эътирозларга сабаб бўлган. Биринчидан, Қуръонни ёд олиш, тажвидини ўрганиш ва уни шу ҳолда кейинги авлодга етказишнинг ўзи катта иш, катта бир соҳа ёки, айрим кишиларнинг ифодаси билан айтганда, олий нав ҳунарлардан ҳисобланади. Муҳаддис ҳадисларни ривоят қилиш билан шуғулланади, унинг иши шу. Шу билан чекланса ҳам, катта иш қилган бўлади, шунинг учун унга фиқҳни билмаслик айб эмас. Чунки ҳадис ривоятининг ўзи Ислом учун, жамият учун, керак бўлса, сиёсат учун етарли хизмат бўла олади. Худди шу каби, Қуръонни ёд олиш ва уни ўрганганидек бошқаларга етказиш, унинг тажвиду тартилини нақл қилишнинг ўзи катта меҳнат ҳисобланади. Буни ҳеч иккиланмай мустақил бир илм, алоҳида бир соҳа дейиш мумкин. Шу боис, бунга нописандлик билан қараш ярамайди. Қуръоннинг мусҳафларда қайдлангани кифоя эмас, чунки унинг ёзувда ифода этиб бўлмайдиган жиҳатлари, илмлари борки, улар фақатгина қалблардан қалбларга кўчиб ўтади. Шунинг учун Қуръон сатрларда ва содрларда (қалбларда) сақланади, деб айтамиз. Бу Қуръонга хос бўлган, бошқа илоҳий китобларда топилмайдииган фазлдир. Ушбу илоҳий ирода ижросига ҳисса қўшишнинг ўзи инсон зоти учун етарли шараф ва вазифадир. Шунинг учун «Фалончи қуруқ қори», «Қуръонни ўқиб, маъносини билмаса, фойдаси йўқ», «Қуръонни ёдласа-ю, моҳиятини билмаса, бир тийин», «Маъносини билмай Қуръон ёдлаган одам магнитофондек гап» деганга ўхшаш гаплар илмсизлик ва инсофсизлик ҳисобланади. Бир ожиз банда Аллоҳнинг инсониятга нозил қилган сўнгги каломини, Ислом динининг дастурини хотирасида бир умр сақлаб, кишиларга етказади-ю, ҳеч нарса қилмаган бўладими? Аллоҳнинг сўнгги китобини қалбида жамлаб, тиловат қилиб юради-ю, ҳеч ким саналмайдими? Донишмандлар айтадилар: «Одамлар оёқларига киядиган ҳайвон териси Қуръонга вобаста бўлган эди, кўзларга суртиладиган, зиёрат қилинадиган мусҳаф бўлди. Энди Алллоҳ мукаррам қилиб яратган инсон Аллоҳнинг назаргоҳи бўлган қалбида Қуръонни нақш қилиб жамласа, у қанчалар ҳурматга лойиқ бўлади, ўзингиз билаверинг».
Қўшимча қилиш мумкинки, ўша терига ҳам Қуръонни ҳар ким ёзавермайди, балки уни қалбида жамлаганлар ёзади, аммо қори уни ўз қалбига ўзи жойлайди. Қуръон мусҳафда жамланиши учун теридан ҳеч қандай руҳоний ҳаракат содир бўлмайди, аммо Қуръонни қалбда жамлаш учун ўша қалб Қуръонга иймон келтирган бўлиши, унга муҳиб бўлиши, керак бўлса, унинг ошиғи бўлиши даркор. Мусҳафда Қуръоннинг сўзлари қайд этилади, аммо унинг ўқилиши ифода топмайди. Қорининг қалбида эса ҳар бир сўзнинг ўқилиши ҳам қайдланган бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло қалбида Қуръон бор кишиларни «илм берилган зотлар», дея таъриф этади: «Балки у (Қуръон) илм берилган зотларнинг кўксларидаги очиқ-ойдин оятлардир» (Анкабут сураси, 49-оят). Қуръонга иймони бор одам унга тааллуқли ҳар бир нарсага муҳаббатли, эҳтиромли бўлиши лозим. Қуръонга чин қалбдан эҳтироми бор ҳар бир мўмин шундай бўлиши табиий. «Ким Аллоҳнинг нишоналарини улуғласа, бу қалбларнинг тақвосидандин» (Ҳаж сураси, 32‑оят). Ўтган асрда Андижонда Аминжон махдум домла деган олим зот яшаб ўтганлар. Бу инсон биз юқорида айтган ҳақиқатларни ҳис қилган экан. Ўғли Муҳаммад Мубин қори аканинг ўртоғи Раҳматуллоҳ қори ака дўстини чақириб келса, эшик томон шунчалар тез чопиб борар эканларки, пойабзални ҳам киймай, яланг оёқ пешвоз чиқар эканлар, чунки «Ҳофизи Қуръон одамни куттириб бўлмайди, унга пешвоз чиқиш керак», дер эканлар. Баъзан эса ўғлининг ўша ошнасини эшик олдигача ялангоёқ чиқиб, таъзим билан кузатиб қўяр эканлар. Бу ишни «Жуда оширворган экан», дейишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, зеро у кишининг қалбида шахсга эмас, фақат Каломуллоҳга эҳтиром эътиборда бўлган. Эҳтимол, ана ўша муҳаббат сабабидан ҳам у кишининг ўғли Муҳаммад Мубин қори дада ўлкада ўз даврида Қуръонга энг катта хизмат қилган икки устознинг бири ўлароқ етишгандир? Балки шунинг учун ҳам у кишининг авлодидан сон-саноқсиз ҳофизи Қуръонлар узилмай чиқиб келаётгандир? Иккинчидан, замонавий кўз билан қараганда, Қуръон тиловати таълимини гуманитар фанлар қаторидаги илм деб қараш ҳам мумкин. Шундай эмасми? Агар Қуръон ўрганувчи ва ўргатувчини лоақал адабиётшунос ёки тилшунос филологларчалик кўрилса, бу ҳам бир соҳа бўла олади ва унинг мутахассислари маош олиб ишлашлари мумкин бўлади. Бироқ, бизда диний таълим омма учун деярли йўқ ҳисобида бўлганидан, қорилар кўпинча мустақил ўрганиб, холис хизмат қилиб юргани туфайли бу илмни баъзилар маълум бир соҳа сифатида кўра олмаётган бўлиши мумкин. Аслида сўнгги илоҳий каломни, муқаддас китобимизни қалбда сақлаб бериш нафақат Ислом уммати учун, балки бутун инсоният учун катта хизмат ҳисобланади. Қориликнинг ўрнини, мавқеини билмайдиган одамлар исломий илмларни ҳақиқий маънода жонлантириш учун бир мактаб ёки мадраса очишсин, ана шунда қориларнинг қанчалар зарур, хизматлари қанчалар юксак эканини кўришади. Бошқача қилиб айтганда, қорилар «ҳунар»ларини ана шу ерда кўрсатишади. Яна ҳам аниқроғи, биз динимиздаги муҳим бир соҳани ўрганишга неча йиллаб умрини сарф этган кишиларга иш жойи топиб бера олмаяпмиз, шунинг учун ҳам уларнинг меҳнати кўринмаяпти. Аслида биз уларга муҳтожмиз, фарзандимга Қуръон ўргатса деймиз, лекин воқеликда уларни қувиб-солиб, жиноятчига чиқариб юрибмиз. Устига-устак, бечораларни фақат маломат қиламиз, камситамиз. Инсоф қилиш керак! Қуръон таълимини қўйинг, айрим мамлакатларда Қуръонни ёд олишнинг ўзига маош, имтиёзлар жорий қилинган. Масалан, бир пайтлар Мисрда вақфдан қориларга ойлик берилган. Халил Хусарий раҳматуллоҳи алайҳ Тошкентга келганда Андижонлик Раҳматуллоҳ қори дада ва Абдулмалик қори акалар қироат қилиб беришган. Шунда меҳмон муфтий Зиёвиддин ҳазратга бехосдан: «Буларнинг маоши қанча?» деб савол берган экан.
Ўтган йили Туркияда таниқли олим, нуфузли диний арбоблардан бири билан бўлган суҳбатда у киши гапдан гап чиқиб, шундай деди: «Ҳозир Туркияда 150.000дан ортиқ ҳофизи Қуръонлик шаҳодатномасини олган кишилар бор, уларга қатор имтиёзлар бор, қайси институтда ўқишса, керакли тўловлари тўлаб берилади. Аммо уларнинг аксари ўша гувоҳномани олган пайтда Қуръонни тўлиқ ёд билган бўлса ҳам, кейин эсдан чиқариб юборган. Тахминан, 5000 таси ҳақиқий ҳофизи Қуръон бўлса керак». Олим бу гапни бироз нолиш билан айтгандек бўлди. Учинчидан, мен юртимиздаги юзлаб қориларни яқиндан билган одам сифатида айтишим мумкинки, қориларимизнинг деярли барчаси Қуръон илмидан ташқари тирикчилик учун қайсидир ҳунар ёки соҳада фаолият олиб боради. Ҳа, айнан ҳофизи Қуръонлар тадбиркорликда анча пешқадам юришади. Бунга ўтган йилги Қуръон мусобақасида қатнашган, ғолиб бўлган қориларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бири доктор, иккинчиси ҳайдовчи, бошқа бири косиб, кўплари эса тижоратчи. Мабодо битта-иккита қори ҳунарсиз бўлиб, фақат Қуръон ўқитиш билан тирикчилик қилса ҳам, бу айб эмас, балки шарафдир. Тўртинчидан, фуқаҳолар Қуръон таълими учун ҳақ олиш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Аммо тиловат учун ҳақ олиш бошқа масала. Қорилар Қуръон ўргатгани учун ҳақ олса, бу муаллимлик сифатида мақбул иш, бунинг ёмон жойи йўқ. Чунки шундай бўлмаса, Қуръон таълими сустлашиши, зое бўлиши турган гап. Тўғри-да, нима учун қандайдир бир ажнабий тилни ўргатса ёки оддий егулик таёрлашни ўргатса, ҳақ олса бўлади-ю, Қуръонни ўргатган одам ҳақ олиши мумкин бўлмаслиги керак? Ахир Қуръон муаллими ҳам яшаши керак, унинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор… Шу боис, уларнинг Қуръон таълими учун маълум миқдорда молиявий манфаатга эга бўлишларини ёмон олиш нотўғри. Буни ёмонлаш Қуръонга дўст бўлган одамларнинг иши эмас. Фақат юртимиздаги Қуръон устозлари мустабид тузум даврида холис таълим бериб, халқни ўргатиб қўйишгани учун кўпчилик буни тушунмайди. Агар ўша устоз мадрасада ёки мактабда Қуръондан дарс бергани учун ойлик олса, ҳалол бўлармиди? Демак, худди иш учун норасмий равишда ҳам олса, у ҳам дуруст ҳисобланади. Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Қуръон таълими учун ҳақ олиш масаласининг ўзи катта мавзу. Бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Хулоса қилиб айтганда, Қуръон таълими учун келишиб ҳақ олиш жоиз дейилган бўлса ҳам, бундай қилмаган маъқул. Балки Қуръон муаллими холис хизмат қилса, шогирдлар ёки уларнинг ота-оналари ўзлари билиб, устознинг таъминотини қилишга ҳаракат қилишса, ҳар тарафлама яхши бўлади, Каломуллоҳнинг эҳтиромига лойиқроқ бўлади. Бизда устозлар мана шу равияни жорий қилишган ва шу энг мақбул йўлдир. Бироқ, бунда муаллимнинг кўнгилчанлиги, камсуқумлигини суистеъмол қилмаслик керак. Айримлар ўзича катта кетиб, муаллимга уч-тўрт сўм берган киши бўлиб, унга хўжайин чиқиб олади, миннат қилади. Бу ҳолатда илмда барака бўлмайди. Бешинчидан, айрим соҳалардаги меҳнатнинг самараси бевосита бўлмаса, билвосита аён бўлади, бугун бўлмаса, эртага кўринади, тараққиёт, жамият учун фойда келтиради. Масалан, қайси бир соҳадаги илмий тадқиқотлар айнан бугун учун, ҳозирги сиёсат учун хизмат қилиши шарт эмас, аммо бир кун келиб керак бўлиб қолиши мумкин. Айтайлик, кимдир Африкадаги бир давлатнинг тарихи, ички ва ташқи сиёсати ҳақида илмий иш қилди. Бугун ҳукумат билан ўша давлат ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ, қизиқиш ҳам йўқ. Аммо бирдан ўша давлат билан қандайдир муносабат ўрнатиш керак бўлиб қолса, ўн йил олдин қилинган ўша тадқиқот керак бўладими? Ҳа, керак бўлганда қандоқ, айни муддао бўлади, жонга малҳам бўлади. Шунинг учун сиёсатчиларнинг илмий соҳаларга бугуннинг кўзи билан қараши нотўғри, балки буни соҳа мутахассисларига қўйиб бериш керак, улар бу борада ҳар бир ишга тўғри баҳо бера олади.
Олтинчидан, инсоф билан қаралса, аҳли Қуръонларимиз жамиятда гул каби ажраб турадиган фазилатли кишилардир. Улар жиноятга қўл уришмайди, жамият аъзолари билан ўзаро эҳтиром билан, одоб билан муносабатда бўлишади. Лоақал ўз оилалари билан тинчиб, ўз фарзандларини ўзлари таъминлаб, тарбиялаб, эл-юртга фойдали, намунали инсонлар қилиб ўстиришмоқда. Аслида ҳозирги кунда мана шунинг ўзи ҳам жамият, Ватан ва давлат учун катта фойда бўлиб қолди. Давлатга юкини солмай, ўзини эплаб юрибдими – шунинг ўзи ҳам юртнинг хазинасини сарфлаётган давлат учун жуда катта ёрдам бўлади. Уларнинг жамиятга ҳеч қандай маънавий ёки моддий зарар етказмаслиги ҳақида эса гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Еттинчидан, Қуръон ёдлаш инсоннинг зеҳнини, иқтидорини ниҳоятда кучайтиради. Шу боис, ёшлигида ҳофизи Каломуллоҳ бўлган ўқувчилар келгусида бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштиради. Турли соҳаларда дунёга устоз бўлган буюк алломаларимизнинг илмий ютуқларидаги энг катта асос ҳам айнан шу ‒ ёшликдан Қуръонни ёдлаганлари бўлган. Буни назарга илмаслик кибр ва калтабинликдир. Саккизинчидан, депутатларимиз шунчалар халқпарвар, ватанпарвар бўлиб, ҳар бир фуқаронинг жамиятга, давлатга нима манфаат келтираётгани ҳақида бош қотираётган бўлсалар, бошқа жуда кўп соҳа вакиллари ҳақида сўзлашлари мумкин эди. Мисол учун, ҳозир юртимизда новвойлардан ҳам кўпайиб кетган қўшиқчиларни олинг. Уларнинг маза-матрасиз «қўшиқ»лари учун ҳам фалон пул тўланмоқда. Бу қўшиқларнинг фойдаси у ёқда турсин, зарари жамиятга кундек равшан. Ўлдим-куйдим деган, оиладан ташқаридаги севги-муҳаббатни тарғиб қиладиган, қўпол қилиб айтганда, ношаръий муносабатларни ташвиқ қиладиган қўшиқлар бугунги ёш оилаларнинг бузилишига сабаб бўлаётганини англаш қийин бўлмаса керак. Бу соҳа вакиллари яна халқнинг хазинасидан маош олишади, ҳукумат тарафидан дастакланади. Улар учун қатор шароитлар яратилган, катта саройлар бўшатиб берилган, мукофотлар, имтиёзлар жорий қилинган. Хўш, нега уларнинг жамиятга қандай фойда кетираётгани ҳақида сўралмаяпти? Ахир улар жамиятнинг мулкидан ишлатишяпти-ку? Яна бир ёрқин мисол. Кино соҳасини олиб кўринг. Ўзбек киноси учун давлат тарафидан ҳар йили миллиардлаб пул ажратилади. Бу пуллар халқнинг пули, халқнинг мулки. Хўш, улар шунча пулни олиб, нима каромат кўрсатишди? Бир-иккита асарни ҳисобга олмаса, ўзбек киносининг бирорта яроқли киноси борми? Депутат кўзи билан қараганда, улар жамиятга, тараққиётга қандай ва қанча ҳисса қўшишмоқда? Ҳисса қўшишни қўйинг, зарар келтирмасайди деб қўрқадиган бўлиб қолингани сир эмас-ку! Оддий мисол: одамлар қалбига йўқ жойдан ваҳима соладиган, жамият ўртасида айирмачилик келтириб чиқарадиган, халқнинг назаридан қолган, ўта умри қисқа, буюртма кинолар қанчалар маблағни ҳавога совурганини нега ҳеч ким гапирмайди? Нега ҳеч ким бунинг учун ҳисобот сўрамайди? Бу соҳадаги коррупцияни‑ку айтмаса ҳам бўлади. Ҳақиқий иқтидор эгалари бир четда қолиб, қаерда бўлса, фалончиларнинг «одам»лари жавлон уриб юришини соҳа вакиллари жуда яхши билади. Бу ҳам халқнинг маблағини нотўғри сарфлаш эмасми? Бу ўринда футбол соҳасини эсламай илож йўқ. Футболчилар илм‑фан ривожига, халқнинг ҳаёти фаровонлигига, юрт тараққиётига нима ҳисса қўшишди, қани, ким айта олади? Ҳолбуки, улар вазирлардан кам ойлик олмаса керак. Улар кечаю кундуз қора терга ботиб меҳнат қилаётган ишчилар, бир неча йиллик билиму тажрибаларини ишга солиб, кунни тунга улаб хизмат кўрсатаётган ўқитувчию шифокорларнинг маошига бир неча баробар ойлик, совринлар олиб, томошабинларнинг асабини қайрайдиган ўйин қилишдан бошқа нима ҳунар кўрсатишди? «Мана энди чемпионатга чиқамиз», деган алдов билан ўттиз йилни ўтказиб юборишди, аммо ҳеч ким улардан ҳисобот сўрамайди.
Уларнинг номи улуғ, сурпаси қуруқ мураббийларининг маошини кўринг, миллионлаган доллар. Олдин Самвел Бабаян дегани ўзбекнинг неча миллардлаб пулини ўмариб кетган эди. Яқинда Эктор Купер дегани шартнома бузилгани баҳонаси билан ишламаган кунларининг ўзига бир неча миллион евро ундирди. «Сен бизнинг югиртакларни чемпионатга олиб чиқишинг керак эди, ҳеч вақо бўлмади. Маош олишни қўй, аслида сен жарима тўлашинг керак», дейдиган одам йўқ. Хўш, ўша жаноблар олаётган миллиардлаб пулларни ким ёнидан тўлаяпти? Ҳамма‑ҳаммаси жигари эзилиб меҳнат қилаётган, дунё бўйлаб сарсон юрган халқнинг бойлигидан эмасми? Буларни ким ҳисоб‑китоб қилади? Улар ватан учун нимани қойиллатишди? Қориларнинг илм‑фанга нима ҳисса қўшаётгани ҳақида ташвиш чекаётган депутат жаноблари халқнинг пулидан ойлик олиб ишлаётган ўз соҳаси вакиллари халқ учун нима каромат кўрсатганини айтиб бера олармикин? Беш йилда бир уйғониб, кўриниш бериб, яна қайта чуқур уйқуга кетаётган, халққа берган ваъдалари эсдан чиқиб, остонаси тилло уйларни кўзлаб юрган одамлар тараққиёт учун нима ҳисса қўшишди экан? Қайси депутат халқнинг қайси муаммосини ҳал қилиб берганини ким эслай олади, қани, айтингларчи. Одамлар ўз депутати кимлигини ҳам, унинг исми шарифини ҳам билмаслиги ҳеч кимга сир эмас‑ку. Бечора халқ уларнинг юзини беш йилда аранг бир‑икки бор кўришга мушарраф бўлиши мумкин, холос. Ваъдалар ҳам деярли бир хил, бир‑биридан кўчирма қилинган. Тўғрида, бажарилмагандан кейин нима қизиғи бор? Хўш, улар ўзи ниманинг ҳисобига ойлик олишяпти? Ҳар замонда бир мажлисда қатнашиб, қўл кўтариб, қарсак чалганлари учунми? «Шундай яхши ишлар бўлса, айтинглар, биз ҳам қилаверамиз», дегинг келади. Хуллас, гапирса гап кўп. Бундай соҳаларни яна кўп келтириш мумкин. Камига улар билан гаплашсангиз, нолиб қолишади, «бизда чет элдагидек шароитлар йўқ-да», деб қўйишади. Қорилар-ку, давлат хазинасидан бир чақа ҳам ҳақ олмайди, эплаб аравасини тортиб, рўзғорини бутлаб юрибди. Вақти келса, биров қувлаб солмаганига шукр қилиб юришади. Лекин керагича дастак олиб келган машшоқлар, масхарабозлар, қизиқчилар, шоирлар ва бошқалар жамият тараққиётига, илм-фан ривожига нима ҳисса қўшишяпти, буни ҳам бир муҳокама қилиб кўринглар.
Хулоса қилиб айтганда, Қуръон ва унга тегишли барча нарсаларга эҳтиёткорлик билан ёндашув керак. Шу билан бирга, ҳар ким ўз соҳаси билан машғул бўлиши керак, ўз ишини қилиши керак, шунда иш бузилмайди, муаммо чиқмайди. Қуръони Каримни ўрганиш ва ўргатишнинг ўзи катта бир соҳа, фақат биз бу ҳақиқатни кўра олмаётган бўлишимиз мумкин.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|