Болалигимдан турли синоатли воқеаларга кўп бора дуч келганман. Негадир кечаси тушимда кўрган нарсалар кундузи ўнгимда такрорланарди. Баъзан бўладиган воқеаларни олдиндан кўрганим учун оиламдагиларни огоҳлантирмоқчи бўлардим. Улар эса жеркиб ташлашарди. «Айтмай қўя қолай», десам ҳам бўлмасди, чунки мен тушимда кўрган воқеа, албатта, рўй берарди.
Яқинда ғалати воқеа рўй берди. Кечки таомни еб турганимда бир ҳафтадан буён дарсга келмаётган курсдош дугонам Жамила қўнғироқ қилиб, мени дам олиш куни бирга шаҳар айланишга таклиф қилди. У жуда тушкун кайфиятда эди. Аслида, негадир охирги пайтларда Жамиланинг кайфияти сира очилмасди. Дарсга кам келар, келганда ҳам фақат мен билан саломлашиб, ўз жойига ўтирганча, жимгина дарсини қиларди. У сўнгги марта бундан бир ҳафта олдин худди шундай кайфиятда келди. Тушкунлигининг сабабини сўраганимда эса ижарада бирга турадиган ўртоқларидан хафа бўлганини айтди. Хонадошлари уни «чўлоқ» деб ҳақорат қилишибди. Улар билан бирга айланишга чиқмоқчи бўлганида эса: «Сен биз билан чиқма, сени деб кулгига қолишни истамаймиз», дейишибди. Мен унга бу гап ўйлашга ҳам, хафа бўлишга ҳам арзимайдиган гап эканлигини уқтирсам-да, ўзига келтиролмадим. Шу-шу бўлди-ю, у дарсга келмай қўйди.
Дугонамнинг таклифига дарров рози бўлдим. У қувониб кетди ва: «Эртага эрталаб соат саккизларда Чорсу бекатида учрашамиз», деди-да, телефонини ўчирди.
Эрталаб дугонам билан у айтган жойда учрашдик. Чорсу бозорини бирга айландик. Мен у-бу нарса харид қилдим. Дугонам эса ҳеч нарса олмади, лекин жуда хурсанд эди. Тушлик маҳали овқатланиш учун тамаддихоналардан бирига кирдик. Тушликдан сўнг хиёбонни маза қилиб айландик. Қаерга бормайлик, ўртоғим ўзига сиғмай кетар, менга такрор ва такрор раҳмат айтарди.
Атрофга қоронғилик ёйила бошлаганида дугонамнинг чеҳрасини тағин эрталабки тушкунлик эгаллай бошлади. Хайрлашаётганимизда кўзи жиққа ёшга тўлиб: «Менга кўрсатган бу илтифотинг учун сендан беҳад миннатдорман. Бугунги куним ўзим кутгандан ҳам зиёда бўлди», деди.
Уни уйига кузатиб қайтарканман, энг яқин инсонимни сўнгги йўлга кузатаётгандек қайғуга ботиб қолдим…
Эрталаб дарсга келишим билан Жамилани изладим. Аммо у келмабди. Биринчи дарс бошланди ҳамки, ундан дарак йўқ. «Яна нима бўлди экан?» деб ўйланиб қолдим. Шу вақт коллеж директори мени ўз хонасига чақириб қолди. Бордим. Директор ўтиришга таклиф қиларкан: «Жамиланинг энг яқин ўртоғи экансан-а. Қизим, ўртоғингнинг акаси қўнғироқ қилиб, унинг тўрт кун бурун вафот этганини айтди. Ўртоғинг ўз жонига қасд қилибди», деди. Бу гапни эшитиб, очиғи, карахт бўлиб қолдим. «Ахир қанақасига?! Бундай бўлиши мумкин эмас, устоз! Ахир кеча мен у билан сайр қилдим. Гаплашдик, бирга юрдик. Ўз кўзим билан кўрдим уни! У қанақасига ўлган бўлади?» дедим. Аммо директоримиз янглишмаётганини айтгач, ҳайрон қолдим.
Шу куниёқ гуруҳ раҳбаримиз билан Қашқадарёга йўл олдик. Жамиланинг ойиси бизни кўрган заҳоти йиғлаб юборди. Мени қучоқлаб: «Дугонангни кўргани келибсан-да, қизим! Афсуски, энди у йўқ! » дея юм-юм йиғлади. Мен нима дейишни билмай, қотиб туравердим. Бирорта таскин берувчи сўз тополмасдим, тилим калимага келмасди. Мен хиёбонда айланган қиз дугонамнинг арвоҳимиди ёки… Хуллас, шу жумбоқ мени қийнарди.
Қашқадарёдан қайтарканман, тўйиб-тўйиб йиғладим. Бу дунёдан бунчалар тез безиб қолган дугонамнинг ўлимига сабаб бўлган хонадошларига нисбатан юрагимда аллақандай нафрат ва ғазаб уйғонганди. Одамлар нега бир-бирини камситади, бундан қандай фойда олади, шуни сира тушуна олмасдим.
Ҳозир ҳамшира бўлиб ишлаяпман. Ҳали-ҳануз мен бирга айланган қиз Жамиламиди ёки унинг арвоҳими, шуни билолмай қийналаман. Аммо аниқ биламанки, бу туш эмасди…