Маълумки, чивинларнинг юраги учта бўлиб, бу юраклар жуда мураккаб тарзда ишлайди. Уларда марказий юрак, ҳар бир аъзо учун юрак бор бўлиб, юрак аввал қонни мияга етказиб берса, кейин қонни қарама-қарши тарафга – миядан бутун танага ҳайдайди.
Олимлар ҳайратда: "Қандай қилиб чивиннинг юраги қонни беш марта тескари тарафга ҳайдайди? Унинг юраги қандай қилиб бу даражада ўта аниқ интизом билан ишлайди?”
Ҳа, чивиннинг юраги ажойиб тарзда ишлайди. Чивин юрак уришларининг тезлигини атроф-муҳитга муносиб тарзда бошқара олади.
Чивин ҳақидаги оят нозил бўлганда, ўша пайтдаги мушриклар, мулҳидлар "Муҳаммад ўзи келтирган китобида чивин, асалари, ўргимчак кабиларни зикр қилибди” деб масхара қилишган.
Хўш, Аллоҳ таоло уларга қандай рад жавоби берди?
Роббимиз уларга жуда ажойиб мисолни келтириб қўйди. Бу мисол чивин ва унинг устидаги нарса ҳақида эди.
У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّ اللَّهَ لاَ يَسْتَحْيِي أَن يَضْرِبَ مَثَلاً مَّا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُواْ فَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُواْ فَيَقُولُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَـذَا مَثَلاً يُضِلُّ بِهِ كَثِيراً وَيَهْدِي بِهِ كَثِيراً وَمَا يُضِلُّ بِهِ إِلاَّ الْفَاسِقِينَ
"Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини биладилар. Аммо куфр келтирганлар. Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилади, дейишади. У билан кўпчиликни залолатга кеткизади ва кўпчиликни ҳидоятга солади. У билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизади” (Бақара сураси, 26-оят).
Агар Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ёзган китоб бўлганида, ўша даврнинг ўзидаёқ Қурайшнинг моҳир шоирлари, сўз усталари танқид қилиб, бу масалани ёпган бўларди.
Чунки, бир одамнинг ўзи ёзган китоби бошқалар тарафидан танқидга учраса, муаллиф ўқувчиларнинг эътиборини жалб этиш, уларнинг ишончига кириш учун улар танқид қилган масалани тузатади, услубини ўзгартиради ва мавзуни улар истагандек баён қилишга уринади.
Лекин Қуръони Карим барча яширин ва ошкора нарсаларни билувчи Аллоҳ таолонинг Каломидир. Чивинни ҳам, асаларини ҳам ва бошқа ҳашаротларни ҳам Аллоҳ Ўзи яратгани учун уларни Ўз Каломида зикр қилишдан уялмайди.
Дарҳақиқат, чивин эслашга арзигулик ҳашаротдир! Унинг яшаш тарзи, ташқи-ички тузилиши ва бошқа жиҳатлари жуда мураккаб тарзда бўлиб, кишини ҳайратда қолдириб, Буюк Холиқнинг қудратига далолат қилади!
Келинг, чивиннинг баъзи расмларини ўрганиб, Роббимизга бўлган иймонимиз нури зиёда бўлишига эришайлик!
Ушбу расмда қон сўраётган чивинни кўриб турибсиз. Чивин қонни турли синовлардан ўтказиш билан бирга уни таҳлил ҳам қилади. Унда айнан ўзи сўраётган қонни таҳлил қилиш аъзоси бор. Агар бир инсоннинг қонини сўришга муносиб деб топса, сўради, бўлмаса, бошқа инсонни излаб кетади.
Хўш, ким чивинни бундай техника билан яратди? Албатта, Қодир Зулжалол бўлган Аллоҳ яратди!
Ушбу расмда чивиннинг устида яшайдиган қизғиш рангдаги кичик ҳашаротни кўриб турибсиз. Субҳаналлоҳ!
Бу расмда ҳам чивин устидаги қизғиш рангли ҳашаротларни кўриб турибсиз. Булар кана деб аталиб, айнан чивин қони билан озиқланади. Бу каналарни фақат кучли микроскоп орқалигина кўриш мумкин.
Мана бу суратда эса чивиннинг устида яшайдиган кана ўз оғзида ўзидан ҳам кичикроқ ҳашаротни тишлаб турганини кўриб турибсиз. Субҳаналлоҳ!
Чивин устидаги қизғиш рангдаги бу кичик ҳашаротларни кўрганимиздан сўнг Аллоҳ таолонинг "Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас” оятидаги "ундан устунроқ нарса” нима эканлигини янада теранроқ англаймиз.
Хўш, бундан ўн тўрт аср муқаддам ушбу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ким билдирган эди?
Ёки у пайтларда митти ҳашаротлар устида тадқиқот олиб борадиган лабораториялар мавжудмиди?!
Ўзи 7-асрда микроскоп деган нарса бормиди?! Йўқ, микроскоп деган нарса у пайтда ҳатто одамларнинг хаёлида ҳам бўлмаган.
Бу ҳақиқатни у кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи билдиргандир!
Чунки, тарихдан маълумки, микроскоп илк бор 16 аср охирида кашф этилиб, қўлланила бошланган. Бироқ илк микроскоплар чивиннинг устида яшовчи каналарни кўриш имконини бермасди. Бу кичик ҳашаротларни яқинда, электрон микроскоплар ишлаб чиқарила бошлангандан кейингина кўришга имкон бўлди.
Электрон микроскоплар орқалигина кўриш мумкин бўлган, унгача инсоният билмаган, кўрмаган чивин устидаги ҳашаротлар ҳақида бундан бир минг тўрт юз йил олдин Қуръонда хабар бериб қўйилгани – Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Унинг ҳақ элчиси эканликларига ёрқин далилдир!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади