Чивинлар — ёз фаслининг ажралмас йўлдоши. Ҳар йили чивин чақишидан юз минглаб инсонлар азият чекишади. Улар иссиқ кунларда пайдо бўлиб, ёмғирдан сўнг анча фаоллашиб қолади. Чақиши баъзи инсонларда оғир аллергик реакциялар: қизариш, шиш, терининг сув очиши ва қаттиқ қичишиш кабиларни келтириб чиқаради. Шу боис улардан ҳимояланиш муаммоси бугунги куннинг энг муҳим масаласидир. Улардан қандай халос бўлиш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, тавсияларимизга қулоқ тутинг.
Қарағай, райҳон, валериана ўсимликлари
Чивинларни даф қилиш учун баъзи ўсимлик турларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Чунки ҳашаротлар ўсимликларнинг ўткир ҳидини ёқтирмайди. Айниқса, валериана ва райҳонни кўргани кўзи йўқ. Мазкур ўсимликлар қайнатмасига бир неча томчи эфир мойи томизилса, чивинлар бу ердан айланиб учишади.
Шунингдек, ётоқ жойи яқинига қарағай ёки сосна игнабаргларидан келтириб қўйиб ҳам, кечқурун тинчгина ухлаш мумкин. Бу ҳид асаб ва руҳиятни тинчлантириб, тинч-хотиржам уйқу ҳадя этади. Чивинларни чўчитадиган ўсимлик ҳидларидан яна қалампирмунчоқ, арпабодиён, эвкалипт, чой дарахти кабилардир.
Чивинларни қўрқитувчи суюқлик
Бундай суюқликни ўз қўлингиз билан бемалол тайёрлай оласиз. Унинг учун ярим литр иссиқ сувга 2 ош қошиқ ароқ ёки спирт, 1 чой қошиқ туз ёки истеъмол содаси ҳамда 8–10 томчи эфир мойлари (эвкалипт, чой дарахти, арча, лимонўт, райҳон ёки ёронгул)дан томизинг. Тайёр бўлган аралашмани пульверизаторга солиб, пардалар, девор, эшик ва интерьерларга сепиб чиқинг. Бу аралашма бактериялар билан курашишда ҳам яхши самара беради.
Совунли ҳимоя
Чивинлар одатий хўжалик совуни ҳидини ҳам жуда ёмон кўришади. Чивин ва қонсўрар пашшалар билан тўлиб-тошган тунда бемалол сайр қилиш учун айёрона бир восита тайёрлаш яхши самара беради. Бунинг учун озгина хўжалик совунини қирғичдан чиқариб, бир ош қошиғини иссиқ сув билан аралаштиринг. Яхшилаб аралаштириб, ушбу суюқликни тананинг очиқ қисмларига суртиб чиқинг. Зарурат бўлганда бу жараённи яна бир марта такрорлаш мумкин. Бу ўринда «Звёздочка» бальзамидан ҳам фойдаланиш мумкин. Унинг кучли ҳиди ҳашаротларни бир зумда қочириб юборади.
Агар чақиб бўлган бўлса…
Агар чивинлар сизга аллақачон ҳужум қилиб бўлиб, терингиз қаттиқ қичишаётган бўлса, уни қашиманг. Яхшиси, ўша ерни содали аралашма билан артинг. Бунинг учун ярим чой қошиқ истеъмол содасини ярим стакан сувга солиб, ўша жойни яхшилаб артинг. Яна чаққан жойга кефир ёки простокваша суриш ҳам яхши самара беради.
Пиёзни ўртасидан бўлиб, чивин чаққан жойга қўясиз. Сўнг токи шарбати ажралиб чиқмагунча кутиб турасиз.
Қичишиб, яра бўла бошлаган терига алоэ, петрушка, ялпиз ёки баргизуб баргини қўйиб, дока билан бир неча соатга боғлаб қўясиз.
Болаларни чивинлардан асраш учун
* чивин чаққан жойга совуқ компресс ёки истеъмол содасини кашасимон ҳолатга келтириб суртинг;
* бир чой қошиқ нашатир спиртини ярим стакан сувга солиб, чаққан жойни артиб олинг;
* бола билан сайрга чиққанда ширин мевали ҳид таратувчи пардоз воситаларидан фойдаланманг, бундай ҳидлар чивинларни ўзига жалб этади;
* болаларни ҳашаротлардан ҳимоялаш учун сайрга чиққанда оч рангли кийимлар кийгизинг, ялангоёқ юришларига йўл қўйманг;
* кўчада болага музқаймоқ, мева, ширинликлар олиб берсангиз, еб бўлган заҳоти юз-қўлини ювиб ташланг;
* эвкалипт, камфора ҳамда чиннигулли ёғлардан бола кийимига суртиб қўйсангиз, чивинлар атрофингиздан айланиб учадиган бўлади;
* худди шу мойлардан бир-неча томчисини қизиб турган товага томизиб, бола ухлайдиган хонага олиб киринг. 5 дақиқадан сўнг битта ҳам чивин қолмайди.
* ёзда атир совун, шампунь ва болалар косметикасидан фойдаланманг;
* болаларга ёрқин ва гулли суратлар солинган кийим кийдириш мумкинмас;
Чивинлар кимни кўпроқ чақади?
Барча қонсўрар ҳашаротлар қурбон қидираётганда биринчи навбатда инсоннинг тана ҳароратига эътибор қаратади. «Иссиққон» инсонлар ўзига кўпроқ чивинларни жалб этади. Шунингдек, чивинлар тер ҳидини ҳам жуда ёқтиришади. Камҳаракат ёки ухлаётган инсонлар уларни кўпроқ жалб этади. Шу боис болаларни жуда иссиқ кийинтириш ҳам акс таъсир этиши мумкин. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|