Чингизхон 1155 йилда, мўғулларнинг татарлар устидан ғалаба қозонишлари вақтида дунёга келди. Унинг отаси, катта қабила бошлиғи Есугай-ботир ғалаба вақтида дунёга келган ўғлига Темучин деб исм берди.
1164 йилда Есугай-ботир ўғлини салкам 10 ёшида уйлантириб қўйди. Келинликка номзод сифатида танланган қиз ҳам нуфузли оиланинг фарзанди бўлиб, қизларининг гўзаллиги билан донг таратган Қўнғирот қабиласидан эди.
Темучиннинг рафиқаси Бортэ ўз турмуш ўртоғида уч ёш катта бўлган ва жуда яхши тарбия кўрган, ҳусни эса кўзни қамаштирарди. У Темучиннинг илк рафиқаси саналган, умрининг охирги кунларига қадар унга содиқ қолган. Улар биргаликда 40 йилдан ортиқ ҳаёт кечирдилар.
1206 йилда Темучин мўғул империясининг улуғ хонига айланди ва уни Чингизхон дея атай бошладилар.
Мўғулларнинг қадимий анъаналарига кўра, улар бир нечта аёлни никоҳлаб олишлари мумкин эди. Аммо Чингизхон иккинчи бор уйланиб, Бортэни ранжитишни асло истамас эди. Темучиннинг атрофидаги ишончли одамлари унга яна бир бор уйланиши кераклигини, бу мамлакат ворисларининг сони кўпроқ бўлиши учун ҳам зарурлигини таъкидлар эдилар. Бортэ ақлли ва жуда оқила эди, у Чингизхоннинг ушбу қарорини босиқлик билан қабул қилди, севимли эрининг ҳар бир сўзи унинг учун илоҳий гапдек эди. Ўша вақтларда ҳарбий юришлар чоғида асир тушган қизлар жория сифатида саройга олиб келинарди, Чингизхоннинг канизаклари сони 2000 дан ортиқ бўлса ҳам уларнинг аксариятини хон бирор марта бўлсада, кўрмаганди.
Кунларнинг бирида мўғул хони ўз еридан татарларни қувиб чиқармоқчи бўлди. Айнан қувғин пайтида соҳибжамол татар қизи Есуганга кўзи тушди. У шунчалар чиройли эдику хон уни зудлик билан харамга олиб келишларини буюрди ва унга уйланиш қарорига келди. Чингизхон қизга ўз мақсади ҳақида сўзлаган вақтида Есуган бошини қуйи солиб, узоқ йиғлади. Ҳайратда қолган хон ушбу ҳолат учун изоҳ талаб қилди, қиз эса опаси Есуй ҳақида унга сўзлаб, уни жуда яхши кўриши ва шафқатсиз мўғуллар қўлида ҳалок бўлиши мумкинлигини айтди.
Аскарлар Есуйни саройга олиб келганларида Чингизхон унинг ҳуснига маҳлиё бўлиб қолди, шу заҳотиёқ тўйга тайёргарлик ишларини бошлаш учун буйруқ берди. Опасини топганидан боши кўкка етган Есуган ўз ўрнини опасига бўшатди. Сўнгра Чингизхон ва Есуйниннг тўйлар бўлиб ўтди.
Аммо Есуй хоннинг назарига тушганидан асло хурсанд эмасди. У ҳамиша тушкун кайфиятда юрар, ҳеч ким билан суҳбатлашмасди.
Хон севимли рафиқасининг кўнглига йўл топиш учун ҳаракат қилар, аммо уддасидан чиқа олмасди. Кунларнинг бирида Есуйнинг сирини унинг синглисидан билиб олди. Есуй ўз юртида, ёш татар йигитига кўнгил берган, унинг севимли рафиқаси бўлишни орзу қилган экан. У узоқларга тикилганча кун келиб ёрининг жамолига етишишни орзу қиларди.
Бу ҳақида билган хон ғазабланиб, аскарларига ёш рафиқасини кўздан йўқотишни ва унинг ёнидан бир зумга ҳам жилмасликни буюрди.
Кунларнинг бирида навбатдаги ҳарбий юриш сабаб ҳолдан тойган хон ўз рафиқалари билан тановул қилиб ўтирган вақти Есуй безовта бўла бошлади. Сезгир хон бу ерда бир гап борлигини сезди ва зудлик билан аскарларга атрофни қуршаб олишни буюрди. Шу вақт аскарлар орасида бир бегона йигит бор эканини сезиб қолдилар.
Йигит хон томонга қараб, ўзини Есуйнинг қаллиғи деб таништирди. Татар йигитнинг ушбу қилиғидан ғазабга тушган хон унинг жонини олишни буюрди. Қўрқиб кетган Есуй ҳушдан кетди, у бир неча кун давомида ўз ўтовидан чиқмай, севган инсони учун кўз ёш тўкди. Чингизхоннинг ёш рафиқаси билан тил топишмаган Бортэ унга қараб ҳам қўймади, Есуган эса опасининг кўз ёшларига шерик бўлди.
Чингизхон бу вақтда яна ҳарбий юришга тайёргарлик кўрарди. У сафарларга ҳам севимли рафиқаларини бирга олиб борар, бу гал ҳам одатдагидек уни Есуй ва Бортэ кузатиб боришлари керак эди. Есуйнинг ёнида оғир айб қилганини тушунган хон ҳамон унинг кўнглини кўтара олмасди. Мўғул хони унинг рашкини келтириш учун соҳибжамол қизларни ҳарамга олиб кела бошлади, бир неча йил ичида унинг рафиқалари 26 тага етди.
Чингизхоннинг бу вақтда икки ўғли бўлиб, уларнинг бирини Бортэ, иккинчисини Хулан исмли аёл дунёга келтирганди. Есуй эса ўз ҳолатини ўзгартирмас, аммо ҳаётидан ҳам нолимасди.
Кунлардан бирида ғамгин Есуй хондан ўлимидан кейин бу давлатни ким бошқариши ҳақида сўради. Чингизхон айнан мана шу дақиқада кун келиб ўлиши тўғрисида биринчи бор ўйлаб кўрди. У бир неча кун давомида мижжа қоқмади, абадий яшаш усуллари бор ёки йўқлиги ҳақида ўйлади. Ўта узоқ умр кўрувчи Хитой руҳонийлари ҳақида эшитгани учун улардан бирини чақиртириб келди. Руҳоний унга ўзи билган сирларни ўргата бошлади. Аммо ўлимни енгиб бўлмаслиги, шунчаки узоқ умр кўриш мумкинлигини айтди.
Хон ўлими яқинлашганини сезган вақтида Бортэнинг ўғли Ўқтойни тахт вориси деб эълон қилди. Буюк мўғул хони 1227 йилда 82 ёшида вафот этди. Аммо унинг дафн этилган жойи бугунга қадар маълум эмас.
Есуйнинг тақдири қандай якун топгани ҳақида бирор бир тарихий маълумот мавжуд эмас. Маълум бўлгани шуки, у ҳеч қачон хонни севмаган. Шу сабабли ҳам тарих уни армонли муҳаббатига вафодор аёл сифатида ёдга олади…