Нелар бўлмас жаҳонда!.. Ер гўё терс айланди. – Докторликка, ўрмонда, Йиртқич Бўри сайланди.
Ана, қаранг, Тиш қайраб Ўтирар шум шифокор. Йўлга боқар жовдираб, Тезроқ келса деб бемор.
Келди инграб Қуёнвой, Шалвираб динг қулоғи. Қадамлари пойма-пой, (Балки, тортмас оёғи).
— Қани, ўтир. Хих-хих-хи… Дардинг нима? Айт, иним. — Бўри оға, Уч кунки – Тинмай оғрир биқиним.
Бўри яқин ўтирди, Доно билиб ўзини. Биқин қолиб, Текширди – Қуённинг чап кўзини.
— Кечикамиз, дингқулоқ, Кўрмасак тез чора гар. Ошқозонинг сал чатоқ, Буни… «грипп» дейдилар.
Биз табиблар бу дардни Жуда яхши биламиз. Дадилроқ бўл, Сен мардни – "Операца” қиламиз.
Қани, рози бўл шартта, Кейин раҳмат айтасан. Омон колсанг, Албатта – Уйга тирик қайтасан.
Диккайтириб думини, Қочиб қолди тез Қуён. Бечоранинг биқини Оғримас шундан буён.
Кейин, оғриб томоғи, Келди йиғлаб ёш Тўнғиз. Ушлаб кўриб оёғин, Бўри деди: — Воҳ, эсиз!..
Томоқ оғриқ бошланар Ўнг оёқнинг пойидан. Кесиб олсак соз бўлар Гўштликкина жойидан.
Бўри тайёр деб ўлжа, Ютар экан сўлагин; Фурсат пойлаб Тўнғизча Ростлаб қолди жуфтагин.
Келди Тулки минғирлаб, Тикан кириб қўлига. (Бўри дер: «Бу бошқа гап!» Учраб гўштнинг мўлига).
— Доктор, узр, Келдим кеч… Жуда чатоқ ишларим… — Дард кўрмайсан энди ҳеч, Омон бўлса тишларим! — Кеча тунда узоқдан Тинглаб ширин овозин, Тутиб келдим қишлоқдан Тул кампирнинг хўрозин.
Йўлда аблаҳ бўзтикан Яралади қўлимни. Азоби жа зўр экан, Букчайтирди белимни.
«Шошмай тургин, муттаҳам!» Дер Бўривой ичида. — Кўз тегмасин, Ўзинг ҳам – Етилибсан-да жуда…
Мана сенга таблетка, Бери кел-чи, жон ини. … Шундай қилиб, Бир четда Бўри еди Тулкини. Сўнгра очиб «Беморни – Қабул қилиш дафтарин; Силаб-сийпаб қорнини, Ёзди ушбу гапларни:
«Қўлин тирнаб бўзтикан, Тулки келди нотетик. Аҳволи оғир экан, Чора топмадик… Едик!»
Кечга яқин кеккайиб, Кириб келди қари Шер. Бўри етти букчайиб, «Хуш келибсиз, шоҳим!» дер.
Шер ҳарсиллаб, Ўзини – Креслога ташлади. Чақчайтириб кўзини, Дарғазаб сўз бошлади:
— Юрай десанг соғ, қувноқ, Яхшилаб кўр, акаси. Бир ҳафта-ки, Сал йўқроқ Иштаҳамнинг мазаси.
Бўри айтар: — О, шоҳим, Тортманг бунча дард ғамин. Бунинг чораси осон, Сизга керак витамин.
Табибдир етти пуштим, Шундай уқтирар улар: «Семиз, ҳайвоннинг гўшти Витаминга бой бўлар».
Таъзим қилиб беморга, У тугатгач гапини; Боқиб семиз докторга, Шер ялади лабини:
— Яхши эмас, ҳар ҳолда, Мен витамин изласам. Шоҳ бўлсам-у, Шоқолдай – Ўрмонда гиз-гизласам.
Қўлдан берсам имконни, Сўнг юрарман армонда. – Сендан семиз ҳайвонни Топиш мушкул ўрмонда.
Қадрлайман мен ҳар чоқ Табибларнинг сўзини… Тотмоқчиман ҳозироқ Витаминнинг тузини.
…Зўравонга жазо — шу, Қасоскордир бу замин. Аввал бўри эди у, Энди бўлди витамин.
Лекин, гавжум ўрмонга Табиб керакдир албат. Давра қурди ҳайвонлар Қилмоқ учун маслаҳат.
Барчага тенг бийронни Танлайлик деб бу ишга, Юбордилар Қуённи Докторликка ўқишга Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|