Бўрибой ака — тадбиркор
Қалин ўрмоннинг бир чети. Бу ерни Бўриқишлоқ деб аташади. Аммо қишлоқда фақат биргина бўри истиқомат қилади.
Бугун ҳам у сигарет чекканча дўкони ёнида турарди. Узоқдан ҳарсиллаганча келаётган қуённи кўрди-ю, ҳушёр тортиб, сигаретини ташлади. Кўзлари олайиб, икки қўлини белига тиради. Қуён етиб келгач, дағдаға аралаш савол ташлади.
Бўри: — Ие, шалпангқулоқмисан? Вей, кўзига кўзойнак таққан қуённи биринчи кўришим. Кимсан? Гапир хумпар!
Қуён: — Мен… Журналистман, оға.
Бўри: — Ҳа-а, журналистмисан? Айтдим нимага қулоқларинг шалвираш ўрнига тик турибди деб! Журналист экансан-да! Хўш, нега келдинг? Пишириб қўйибдими Бўриқишлоқда?
Қуён: — Ҳалиги… Сиздан интервью олишга келувдим, оға!
Бўри: — Ха-ха-ха-ха!!! Мендан-а? Вей, омадинг боракан. Мен жентльменман. Агар ота-буваларим замонида худди шу гапни гапирганингда, терингни шилволишарди.
Қуён: — Жентльмен нима, оға?
Бўри: — Шуниям билмайсанми? Нима қилиб журналист бўлиб юрибсан унда? Жентльменлар қуёнларга тегишмайди. Тиқилиб ўлишни хоҳлашмайди. Каллани ишлатишни билишади. Хўп, гапни калта қил-да, саволингни бер!
Қуён: — Оға, мана, дўкон қурибсиз, савдолар қалай?
Бўри: — Зўр. Айниқса, кечки пайт жониворлар овдан қайтаётганда қўлим қўлимга тегмайди. Ие, ҳўв, каламушвачча, сенга нима керак? Пиво? Пулинг борми ўзи? Намунча қалтирайсан? Пулни бер-э, шербаччанинг шўрвасига тушкур! Сур энди беттан! Анави мушукларни қаранглар! Борларинг нарига? Бу ер свидание қиладиган жойми? Ҳозир бир уриб…
Қуён: — Оға, ахир, улар мижоз-ку! Нега уларга қўпол муомала қиляпсиз? Ҳар ҳолда савдо маданияти деган гаплар бор…
Бўри: — Нима? Қанақа маданият? Бу ярамаслар маданиятни тушунармиди? Шунақа пўписа қилиб турмасанг ҳаддиларидан ошиб кетишади. Ишонасанми, менга «ҳўкиз» деб лақаб қўйволишибди. Шалпангқулоқ, бўрининг ҳўкиз бўлганини қаерда кўргансан?
Қуён: — Билмадим… Айтгандай, канкурэнт йўқми дейман бу атрофда? Жа дадилсиз?
Бўри: — Бўрибой оғага канкурэнт бўладигани ҳали бу қишлоқда туғилмаган.
Қуён: — Лицензия масалалари ҳойнаҳой…
Бўри: — Ўв, нима, сен терговчимисан? Намунча суриштириб қолдинг? Қанақа лицензия? Лицензия, мана, ўзимман! Хўш, гапинг борми? Айт, гапинг борми деяпман? Ҳозир бир уриб бошингни чақиб қўяман!
Қуён: — Узр, минг бор узр, оға! Оғзимдан чиқиб кетди-да!
Бўри: — Яна огоҳлантириб қўяй, бу ернинг бўриси менман! Қадамингни ўйлаб бос!
Қуён: — Тўғри, аммо кун келиб айиқ бува ташриф буюриб қолса, лицензия сўраса дейман-да!
Бўри: — Айиқ бувангни ўзим тинчитаман. Сен саволингни бер! Жиғимга тегмайдиган, юмшоқ саволлардан бер!
Бўрибой оға аравакашми?
Қуён кўзойнагини тўғрилаб олиб навбатдаги саволга ўтади.
Қуён: — Оға, эшитиб қолдим, тадбиркорликдан ташқари аравакашлик ҳам қилиб тураркансиз. Тирикчилик-да-а?
Бўри: — Уф-ф! Жа маҳмадона журналист экансан ўзингам! Вей, бўрининг аравакашлик қилганини қаерда кўргансан? Қаердан олдинг бу гапни?
Қуён: — Ҳалиги… Миш-мишлар…
Бўри: — Мен-чи, йигирмата аравани сотволиб арендага берганман. От, эшаклар тортиб юрибди. Менга ойига аренда пули бериб туришади. Сен, маҳмадона шуни назарда тутгандирсан-да!?
Қуён: — Ҳа-а, йўлда қатнаётган аравалар сизникими?
Бўри: — Ҳа-да, меники бўлмай, катта холангники бўлармиди?
Қуён: — Оға, от араваларга умуман чиқиб бўлмайди-я?! Ёнингиздан ғиз этиб ўтиб кетишади! Қўл кўтарганча қолаверасиз! Шунақа тез юришади-ки…
Бўри: — Қандини урсин! От-да улар, тез юрмаса, туёқлари туз тўплайди. Қолаверса, улар экспресс. Замонга қараб қадам босишади.
Қуён: — Анави ҳанги оғадан хафа бўлдим.
Бўри: — Нимага? Ие!.. Вей, сен журналистларни тушунмайман. Сенларни сира хурсанд қилиб бўлмайди-я! Нуқул нолийсанлар! Нима ёмонлик қилди сенга ҳанги?
Қуён: — Ҳозир ўшанинг аравасида келгандим. Ҳар қадамда тўхтайвериб хит қилди. Яна… Фақат урғочи ойимчаларга тўхтайди. Арава тўлиб кетди. «Ҳой оға, «перегруз бўлди-ку! Бу қонунга тўғри келмайди-ку» дейишимни биламан, бир ҳанграб берди-и!..
Бўри: — Ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-и-и!!! Шунинг учунам ҳанги-да у, овсар! Урғочиларга тўхтамай, сенга тўхтасинми?
Қуён: — Буям етмагандай, ҳали манзилга етмай, айиқ буванинг хотини «фалон жойда юк бор» деганди, мени тушириб ўша ёққа сурворди. Алам қилди! Ярамас, йўл ҳақиниям кўтариб қўйибди!
Бўри: — Кўтариши тайин. Чунки у аренда пули тўлайди. Шундан орттириб, ҳўтикчаларини боқиши керак.
Қуён: — График-чи? Халққа хизмат қилгандан кейин ягона график бўйича ишласа бўлмайдими?
Бўри: — Ҳаддингдан ошаверма, журналист! График ҳозир пул, пул ва яна пул! «Пилон»ни бажардими, хоҳласа юради, хоҳламаса, суради. И-и-и-и-и!!! Тўхтаб тур! Анави келаётган Шерхон аканинг машинасими? Оббо, шуниси етмай турувди ўзи! Сен шу ерда тура тур, мен дарров ойнани ёпиб келай! Бўлмаса, келиб бошимни қотиради. Ҳужжат сўрайвериб хит қилади…
Қуён Бўрига зимдан тикилади-да, ўзича ғудранади: «Ҳали сени бир боплай, еб тўймас! Шунақанги мақола ёзайки, энангни учқўрғондан кўргин!..»
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Бўри қайтиб келади.
Қуён: — Оға, дўконингизга тулкиларам кириб туришадими?
Бўри (афтини бужмайтириб, тишларини ғижирлатиб): — Башараси қурсин тулкиларнинг! Кириб шунақа эшиладики, энсаларим қотиб кетади! Бўриваччаларимга тайинлаб қўйганман, тулкининг қораси кўринди дегунча кўплашиб қувиб солишади.
Қуён: — Яна бир савол. Дўконингизда гигиена қоидаларига деярли амал қилинмас экан. Қаранг, ҳаммаёқ ивирсиб ётибди. Ниначи опалар текширишмайдими? Ё уларниям қувиб соласизми?
Бўри: — Сен тирмизакка боя айтдим, бу ернинг Бўриси менман, мен! Локигин Ниначи опаларинг билан ҳам келишганман. Ҳар ҳолда улар айиқ оғанинг вакиллари-да! Тили бир ҳаммасининг! Ўзимга қолса-ку, ниначининг ниналарини битталаб юлволардим. Келиб қолса, ғижиним келади, «Бўриқишлоқда гигиена нима қилсин? Сур беттан!» деворгим келади. Нима қилайки, айиқ оғанинг ҳурмати бор. Тишимни тишимга босаман, ука!
Қуён: — Мана, суҳбатимиз ҳам тугади, оға. Ишонаманки, ажойиб интервью чиқади. Бу интервьюни ўрмонимизда чоп этиладиган «Ўрмон мўъжизалари» газетамизда чиқартираман. Роса шов-шув бўлади.
Бўри (сал каловланиб, уёқ-буёққа қараб олади-да, қуённинг қулоғига шивирлайди): — Менга қара, сен жа чегарадан чиқиб кетдинг. Саволнинг жа қалтисларини бердинг-да!
Қуён: — Шуниси билан қизиқ-да! Одамлар ҳақиқатни ўқиб маза қилишади.
Бўри: — Йў-ўқ, ука, бу ишинг менга маъқулмас. Хў-ўш… Менга қара, охирги марта қачон сабзи егансан?
Қуён (ўйлаб туриб): — Бир ой бурун.
Бўри: — Ўҳ-ҳў, шунинг учунам кўзингдан кўзойнак тушмайди-да! Нима, катталаринг маошга сабзи беришмайдими?
Қуён: — Охирги пайтларда фақат қотган нон беришяпти.
Бўри: — Унда кел, сенга бир халта сабзи бераман. Яқинда даладан тердириб келувдим. Эвазига сен шу мақолангни газитингга бермайсан.
Қуён: — Вой, нега?
Бўри: — Э, айиқ оғанинг кўзи тушса, дарров чопиб келиб, қонимни ичади, боримни шилволади. «Бойиб кетдингми?» деявериб овора қилади.
Қуён (ўйлаб туриб): — Майли, унда газетага бермайман. Опчиқинг сабзини!
Бўри: — Мана бу бошқа гап! Калланг ишларкан-ку, Шалпангқулоқ!..
У югурганча дўконига кириб бир халта сабзи олиб чиқади-да, қуённинг қўлига тутқазади. Қуён эса кетаётиб, ўзича мулоҳаза қилади: «Шошмай тур, Бўрибойвачча, олдин сабзингни тўйгунча ейман, ана ундан кейин интервьюни газетага чоп эттираман. Сенам бир адабингни егин, ноинсоф!» Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot #uznews, #habarlar, #newsuz, #новости, #Yangiliklar, #Yangilik, #ahborot, #xabarlar, #news dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|