Мен экспертлар билан анчадан бери танишман. Уларнинг қобилиятларига доимо тан бериб келганман. Аммо яқинда бир қотиллик юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилиб, шу нарсага амин бўлдимки, экспертларга жуда-жуда қийин экан…
Санкт-Петербургдаги тиббий академия билан мафия аъзосининг ўлдириб кетилгани хусусида маслаҳатлашмоқчи эдим. Режалар чалкашиб кетди. Менга яна бир ишни топширишди. Қотиллик ташқаридан қараганда жуда оддий. Бир эркак севимли аёли билан учрашиб юрган. Аёл кутилмаганда у билан бирга бўлишни истамай, бетиним раъйини қайтараверган. Охири аламига чидай олмаган эркак чўнтагидан пичоқ олган-у, аёлнинг кўксига бир неча маротаба санчган. Сўнгра ўзи полицияга келиб қилиб қўйган ишини бўйнига олган. Бор-йўғи шу, холос…
Хўш, нега қочиб кетмади?.. Ақли жойида одам ўз оёғи билан полицияга келадими?.. Мана шу савол кўпчиликни қизиқтирарди. Шу жумладан, мени ҳам…
Дастлабки экспертиза ўтказилди. Хулосаларга кўра, эркак руҳий хаста экан. Қачонлардир миясидан қаттиқ жароҳат олган. Ҳаммаси тушунарли. Демак, ўзининг нима қилаётганини фаҳмламаган…
Аммо йўл-йўлакай яна бир муаммо туғилди. Қотилнинг қариндош-уруғлари терговга ташриф буюриб, унинг ҳеч қандай руҳий хаста эмаслигини айтишди ва жиноий жавобгарликка тортишларини илтимос қилишди. Иш шундан кейин янада чалкашди. Энди иккинчи маротаба экспертиза ўтказиш лозим. Мен бошқа бир шаҳардаги экспертларни бу ишга жалб этдим. Қарангки, улар ҳақиқатан қотил руҳан соппа-соғ эканини исботлаб беришди. Менинг йўлимда иккита ғов пайдо бўлди. Қай бирига кўпроқ ишонай? Руҳий хасталигини тўлиқ исботласам, қотил жазодан қутулади. Исботлай олмасам…
Ана шундай оғир кунларнинг бирида яқин танишимни учратиб қолдим. У ҳам тиббий экспертизага яқин одам эди. Унга ҳаммасини бир бошдан айтиб бердим.
— Сен бошқа йўлдан боришинг зарур, — дея маслаҳат бера бошлади у. — Агар ҳақиқатни юзага чиқармоқчи бўлсанг, қотилнинг ёзувини текшириб кўр. Ёзувда гап кўп!
— Ёзувнинг қотилликка нима алоқаси бор? — ҳайрон бўлиб сўрадим ундан.
— Жуда алоқаси бор-да!.. Мана, сен унинг руҳан хаста ё аксинча эканини аниқламоқчисан. Билиб қўй, руҳан хаста одамлар ёхуд асабий кишилар ёзаётган пайтда кўп хато қилишади, ҳарфларнинг айримларини ташлаб кетишади. Хуллас, бир текис ёза олишмайди. Сабаби шундаки, уларнинг қўллари қалтирайди. Ана шу нарсадан ҳаммасини билиб олишинг мумкин…
Ўйланиб қолдим. Энди нима қиламан? Қотилнинг ёзувларини қандай топаман?..
Таваккал камерага бордим. Йўқ, унинг ёнига кирмадим. Соқчилар орқали топишга ҳаракат қилиб кўрдим. Натижа чиқмади. Шундан сўнг қотил илгари ишлаган корхонага бориб, барча аризаларни олдим-да, камерага қайтиб, ундан тоза қоғозга бирор нарса ёзиб беришини сўрадим…
Ҳа-а, танишим янглишмаганди. Қотилнинг қўллари ёзаётган маҳал қалтирарди… Демак, у руҳан хаста экан-да!..
Ҳа, майли, яна бир марта текшириб кўрай-чи! Балки, бу галги ёзувида касаллик белгилари учрамас?..
Иккинчи марта камерага борганимда, қотилнинг ёнига кириб ўтирмадим. Яна соқчиларга мурожаат этдим…
Бир четда ўтирибман-у, юрагим безовта уради. Қанийди, унинг беморлигини исботласам. Қанийди, жазодан халос этишга муваффақ бўлсам. Аслида, мен адвокат эмасман. Бироқ негадир шу эркакка раҳмим келарди. Унинг кўз қарашлари, ўзини тутишлари, муомаласи, хотиржам гапириши мени ҳаяжонга соларди…
Ниҳоят, кутилган онлар яқинлашиб, камерага кириб кетган соқчи қайтиб чиқди.
— Биласизми, — деди у ҳовлиқиб, — Қотил жуда ақлли ва билимдон чиқиб қолди.
— Нима?.. Қанақасига билимдон?..
— У бошқотирмалар ечишни қойиллатаркан. Мана, охирги маротаба ечган бошқотирмаси!..
Мен шоша-пиша газетани қўлимга олдим-да, қотилнинг ёзувларини текшира бошладим. Ўлай агар, ҳаммаси рисоладагидек. Бирор ерда хатога йўл қўйилмаган, ҳарфлар теп-текис. Ҳеч бир касаллик аломатига йўйса бўладиган белги йўқ…
Камерадан бўшашганча ортга қайтдим. Чунки бу энг сўнгги чора эди…
Қотилни орадан маълум вақт ўтгач, ўн уч йил муддатга озодликдан маҳрум этишди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|