— Оиламизда учинчи фарзанд дунёга келганида унга «Фурқат» дея исм қўйдик. Ўғлимиз худди акалари Жаҳонгир ва Улуғбеклар каби соғлом туғилгани боис ҳеч нимадан ташвиш тортмасдик. Аммо чилламиз чиқиб-чиқмай у йиғлоқи бўлиб қолди. Бирор ери оғрияптимикан, дея шифокор кўригидан ўтказдик. Текширувлар натижаси яхши чиқди. Аммо Фурқат мактаб ёшига етгунча мана шундай кутилмаган ҳолатларда бизни қўрқитарди. Салга шамоллаб қолар, энди даволатдик деганимизда йиқилиб, ё қўлини чиқариб келар, ёки оёғини синдириб оларди. Бир куни қайнонам унга исми оғирлик қилаётганини айтди. Шу боис исмини ўзгартиришга қарор қилдик. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида исми Фурқатлигича қолган бўлса ҳам, ҳозир уни Фарҳод деб атаяпмиз. Аммо кўнгилсизликлар, барибир, бўлиб турибди. Шу боис бошимиз қотган. Эҳтимол, гувоҳномасини ўзгартириш керакдир…
Зулхумор САИДОВА,
уй бекаси
Ҳақиқатан ҳам баъзида «исми оғирлик қилибди» деган иборани эшитиб қоламиз. Наҳотки, ота-она томонидан атайин улуғ мутафаккирларимизга ҳавас қилиб қўйилган исм болага оғирлик қилса? Бундай тушунчалар туғилишига нима сабаб бўлган?
Бунинг сабабларини филология фанлари номзоди Сабоҳат Кенжаева «Ўзбек антропонимларининг семантик ва социолингвистик тадқиқи» номли номзодлик ишида қуйидагича изоҳлайди: «Қадимдан боланинг соғлиғи, яшаб кетиши, келажак бахти ва омади унинг исмига боғлиқ деб ҳисобланган. Ушбу эътиқод исмлар хосиятли ва хосиятсиз бўлади, деган тасаввурни уйғотган. Шу тарзда «асровчи исмлар» ёки «ҳимоя номлари» деб юритилувчи номлар гуруҳи юзага келган.
Умуман, барча исмларнинг берилишида сўзнинг сеҳрли кучга эгалиги (магия) тушунчаси ётади. Масалан, чақалоққа туғилиш жараёни ва баъзи белги-хусусиятларига мос ном бериш, болага исм орқали турли истак ва орзуларнинг изҳор қилиниши, бола исмини сир тутиш, боланинг исмини унга оғирлик қилмоқда, деб бошқа исм билан алмаштириш, болага номуносиб характерли кишилар исмини қўймаслик, исм учун кексалар номини танлаш, буюк тарихий шахслар исмига тақлид қилиб, болани пайғамбар, авлиёлар, машҳур дин намояндалари, ўтган аждодлар номи билан аташ, уларнинг руҳи болани қўллайди, деб билиш ва бошқалар бунинг исботидир.
Сўз сеҳрига ишониш аста-секин боланинг исмидан унинг тақдири ва қисматига таъсир қилувчи восита сифатида фойдаланишга олиб келган. Кишилар жуда қадимдан болани ёвуз кучлар таъсиридан қутқариш чораларини ахтаришган ва хилма-хил чораларни ўйлаб топишган ҳамда чақалоқ туғилган уйда муайян удумлар, расм-русумлар, қоидалар, эътиқод ва ишонч ҳукмрон бўлган».
Инсоннинг исми унинг тақдирига қай даражада кучли таъсир кўрсатишига яқинда дунё олимлари томонидан айрим аниқликлар киритилди.
Тақдиримизга исмимиздаги биринчи ҳарф таъсир кўрсатар экан. Қиролича Мария (Буюк Британия) университети олимлари ўтказган тадқиқот натижалари ҳар қандай одамнинг тақдир ва шахсий ҳаёти кўпроқ унинг исмига, айниқса, ундаги бош ҳарфга боғлиқ эканини кўрсатди. Бунга руҳий ва ижтимоий маълумотлар гувоҳлик беради. Ҳаётда исми алифбонинг биринчи ярмидаги ҳарфлар билан бошланадиган кишилар бирмунча омадлироқ бўладилар. Бундай исмли кишилар ҳаётда кўпроқ ва тезроқ муваффақиятга эришадилар. Шунингдек, улар муҳаббат борасида ёрқин, узоқ ва мустаҳкам риштага эга бўладилар. Бу борада исм соч турмаги, косметика, атир кабиларга нисбатан кўпроқ аҳамиятга эга бўлади.
Гарчи айнан ушбу фактор биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам, бу саволни британиялик олимлар ҳозирча очиқ қолдиришяпти. Аммо худди шу олимлар аёллар сочининг узунлиги унинг соҳибаси эришадиган муваффақият чегарасини белгиловчи восита эканини айтишди. Узун сочли аёллар амал пиллапояларидан тезроқ кўтарилиб боришар экан. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Бу энди бошқа бир мавзу. У ҳақда келгуси мақолаларимизда тўхталамиз.