Бир бой одам масжидга кириб, намоз ўқибди. Намоздан сўнг дуо қилаётса, ёнида ўтирган бир дарвешнинг дуосини эшитиб қолибди: – Аллоҳим! Қорним жуда оч. Менга фалон таом, фалон ширинликлардан етказгин! Бой ичида «Бу дарвеш менга эшиттириш учун атайлаб овозини чиқариб дуо қиляпти. Шу нарсани ўзимга айтса ҳам бўларди-ку. Шу қилгани учун унга ҳеч нарса бермайман» деб ўйлабди (нафс ана шундай нарса, ҳар ишга бурнини суқаверади). Дарвеш дуоларини тугатиб, ўрнидан турибди, сўнг масжиднинг бир четига бориб ёнбошлабди. Бир оздан сўнг масжидга бир одам қўлида сават билан кириб келибди. У тўғри дарвешнинг олдига бориб, саватни унинг олдига қўйибди. Дарвеш саватнинг устини очса, дуосида сўраган таом ва ширинликлар турган эмиш. Ўтирган жойида ҳамма нарсани кўриб турган бой анграйиб қолибди. Дарвеш таомдан ҳам, ширинликлардан ҳам тўйгунча еб, қолганини саватни олиб келган одамга қайтариб берибди. Ҳалиги одам индамай саватни кўтариб, масжиддан чиқиб кетибди. Бой сакраб туриб, сават кўтарган одамнинг орқасидан югурибди. Етиб олгач, уни тўхтатиб, сўрабди: – Сиз кимсиз? – Бир ҳаммолман. – Бу нарсаларни ким юборди? – Ҳеч ким. Ўзим олиб келдим. – Сиз бояги дарвешни танийсизми? – Йўқ, танимайман. – Ўзингиз танимаган, билмаган одамга нега шунча нарса олиб келдингиз? Ҳаммол киши кулиб қўйиб, шундай дебди: – Мен бир фақир одамман. Одамларнинг юкини ташиб кун кўраман. Бугун бир бой одамнинг юкини ташиб берган эдим, жуда кўп пул бериб юборди. Хурсанд бўлиб, бозорга бордим, бошқа пайт болаларимга едира олмаган таомларимни олиб, уйга бордим. Роса чарчаган эканман, аёлим овқатни тайёрлагунча ухлаб қолибман. Тушимда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўрдим. У зот менга шундай дедилар: – Мана шу масжидда бир валий инсон ўтирибди. У ҳозир мана шу таомларни сўраб, Аллоҳга дуо қилди. Сен унга таомларингдан, ширинликларингдан олиб бориб, едиргин. У бу таомлардан еганича есин. Қолганини олиб келиб, ўзинг бола-чақанг билан есанг, сенга баракот бўлади. Шу ишни қилсанг, жаннатга киришинг учун кафил бўламан. Мен уйғондим-у, таомларни олиб, масжидга югурдим. Бор гап шу. Қолган гапни ўзингиз кўрдингиз. Бой ундан «Шу қилган бозор-ўчарингга қанча кетди?» деб сўрабди. Ҳаммол фалонча кетганини айтибди. – Шу пулнинг ўн бараварини бераман. Шу савобнинг бир бўлагини менга бер! – дебди бой. – Бўлмайди, – дебди ҳаммол. – Йигирма бараварини бераман. – Бўлмайди. – Эллик баравар!!! – Йўқ. – Юз!!!… Ҳаммол бойга шундай дебди: – Бекорга овора бўлманг, қанча берсанг ҳам, савобимни сизга бермайман. Ахир Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом менга бу ишим учун жаннатни ваъда қилдилар. Сиз менга бутун дунёни берсангиз ҳам, мен сизга бу неъматни бермайман. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|