Болливудлик актёр Риши Капур 68 ёшида Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳридаги клиникада вафот этди, деб хабар берди kun.uz. NDTV телеканалининг пайшанба куни хабар беришича, актёрда саратон касаллиги бўлган.
Риши Капур – актёр ва режиссёр Раж Капурнинг ўғли. Уни кўплаб вакиллари Болливудда суратга тушган бу оиланинг катта авлодидаги сўнгги юлдуз деб аташган.
Оилада Чинту деб лақаб қўйилган Риши Капурнинг биринчи жиддий роли отасининг «Менинг исмим Масхарабоз» (Mera Naam Joker, 1970) фильмида ўйналган, унда совет актёрлари, шу жумладан цирк актёрлари ҳам роль ижро этган. Ёш актёр учун биринчи катта муваффақият отаси Раж Капур режиссёр бўлган «Бобби» (Bobby, 1973) фильмидаги ролидан кейин келди. Ўшанда Риши Ҳиндистонда йил актёри деб тан олинган. Чинту анъанавий равишда ҳинд киноси учун муҳим бўлган романтик севишганлардан бирининг ролини ўйнаган.
Шунингдек, Риши Капур «Қасоскор» (Barood, 1976), «Амар, Акбар, Антони» (Amar, Akbar, Antoni, 1977), «Севги касали» (Prem Rog, 1982), «Чандни» (Chandni, 1989), «Кўр муҳаббат» (Fanaa, 2006) ва бошқа фильмларда суратга тушган.