«Ассалому алайкум!» Жуда яхши кўраман бу сўзни. Азбаройи қаерга ёки кимга қўнғироқ қилмай биринчи каломим шу бўлади. Токи Ўзбекистонда яшарканман, ҳар қандай эшик, ҳар қандай тармоқ мендан энг аввало, шу сўзни қабул қилади. Аммо… Юртимизда «Добрый день» ва «Здравствуйте»дан узилолмайдиганлар талайгиналиги дилимни хира қилади…
Дунёнинг ҳеч бир миллати биз ўзбекларчалик рус тилини «тавоф» қилмаса керак. Ҳаттоки бу тилни расман асосий тил дея қабул қилишга ҳам бир нечта «зиёли» бош қўшиб кўрди. Бугун мен анча сийқаси чиқиб қолган мана шу мавзунинг бошқа бир учини кўтармоқчиман…
Биламизки, сўнгги пайтларда ривожланган мамлакатларнинг имижи шиддат билан биз томонларга ҳам кириб келди. Исталган хизмат кўрсатиш соҳасига боқинг, русча, инглизча, французча, итальянча номлар, брендлар остида. Кўчадаги майда дўкончалар, ризқини териб юрган шахобчаларга осилмаймиз. Зеро, улар кичкинагина тахтага инглизча ёзиб қўйишса-да, ўзбек эканликларини унутишмаган.
Бугун нишонимизда гуркираётган, тилга тушган бақувват соҳалар: ресторан, меҳмонхона, спорт мажмуалари, гўзаллик салонларию сайёҳлик фирмалари… Хуллас, ҳозир санаган исталган хизмат кўрсатиш соҳасида тил муаммоси. Лекин уларнинг ўзлари буни муаммо эмас, аксинча, «замонавийлик» дея баҳолайди. Юқорида келтирилган манзилларнинг қабулхонасида сизни ходима «Добрый день!» дея кутиб олади. Рус тилини билмайдиган оми эмасман (зиёлилар рус тилида гаплашгани учун ҳам зиёли-да), шунчаки сўзим аввалида айтганимдай «Ассалому алайкум»ни севганим учун азим пойтахтимизнинг «бақувват» манзилларига ўзбекча мурожаат қилиб чиқдим.
Суриштирув натижасида маълум бўлдики, етмиш фоиз қабулхоналардаги ходимлар ўзбекча билмасликларини айтиб, русча мурожаат этишимни сўрашди. Мен эса ўзбекчасига «Менга ўзбекчани тушунадиган одам керак!» деб туравердим. Баъзи хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзбекча биладиган ходимни қидириб топишди, баъзилари эса шунчаки гўшакни илиб қўя қолишди. Яна кимлардир «русча гапириш ресторан, меҳмонхона имижини ошириш учун шартлигини, бу уларнинг ички низоми» эканлигини зиёлиларча тушунтирди. Очиғи, ҳар сафар бирор иш билан мана шу соҳа вакилларига қўнғироқ қилсам, афсусланиб кетаман. Бунда ўзбек бўла туриб, Ўзбекистонда яшаб туриб ўз ҳақингни олдириб қўяётгандай сезасан гўё. Агар халқнинг «юқори табақаси» борадиган бу ерларда инглиз, итальян, француз тилида ҳам сўзлаша олиш ва хизмат кўрсатиш Ўзбекистон имижи учун муҳим бўлса, ходимларга ўзбекчани ҳам ўргатиш шарт! Ахир улар Ўзбекистонда яшаб, бизнинг дунё миқёсидаги «имижимиз»ни кўтаришга интилишаётган экан-ку?! Ана бор, қирқ хил тилни билсин, лекин мамлакатнинг давлат тили энг муҳими, энг олийси, билиш шарт бўлган тил эмасми? Ўзбекча салом беришни истамасалар ҳам, ўз дидларига кўра «Здравствуйте»ни хуш кўрсалар ҳам, жилла қурса, ўзбекча гапирганларга ўзбекча жавоб қайтара олишсин. Наҳотки Ўзбекистонда фақат ўзбекча билганлари учун хижолат чекиб юришса ва қабулхонадаги танноз қизларнинг «Русча гапиринг», деган кинояли оҳангларини эшитишга мажбур бўлса?..
«Бир нечта тилни билганида, русча сўзлашув муаммо бўлмасди, рус тилини ўрганиш зарар қилмайди, рус тилини билмаса уят», дегувчи юртдошларимизга бир савол: қайси рус миллати вакили сиз жон куйдириб айтаётган таклифларни айтяпти? Ҳатто ўз юртимизда русча гапиришни талаб қилаётган рус дўстларимиз бизни ҳам Россияда шундай қўллармикин?
Миллатлараро тотувлик, демократия, турли ички низомлар ҳақида бонг ураверадиганларга ягона илтимос: шунчаки юртимиздаги хизмат кўрсатиш соҳаси қабулхоналарига ўзбек тилини ҳам биладиган ходимларни ишга олишсин. Акс ҳолда, ўзимизни хорижда юргандай ҳис қилавериб, она юртимизни соғиниб қоляпмиз. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|