Она кеча олиб келган помадасини қизининг қўлида кўриб тутақиб кетди. Чунки ишлатилмаган янги помаданинг учи ерга кўп ишқалангани сабабли эзилиб қолган эди. У шунчалар дарғазаб бўлдики, азбаройи тутаққанидан кўзига ҳеч нима кўринмай, қўлидаги супурги дастаги билан қизини аямасдан савалай бошлади. «Қаерга суркадинг буни?» деган саволига «деворга» деган жавобни олгач, унинг тутаққан ўти керосин сепилган оловдек ловуллаб кетди. Супурги билан савалаб қўли толиққан она супургини улоқтириб, кўксидаги игна тўғноғични ечди. Қизнинг «тавба қилдим, ойижон, энди помадангизни олмайман» деб ялиниб ёлворишига қарамасдан, нонга чекич урган нонвойдек қизнинг қўлига учли игнани санча бошлади. Қонга беланган оппоқ қўл бир пасда помададек қизариб кетди. Шундагини аёл қизни уришдан тўхтади. Кўзи жиққа ёшга беланган қиз шилқ этиб ерга йиқилди. Кеч кирди. Толиққан она оёғини базўр судраб хонаси томон юрди. Чироқни ёққанда кўзи девордаги ёзувга тушди. Не кўз билан кўрсинки, деворда қизил рангда: «Ойижон, мен сизни жуда-жуда яхши кўраман – Севаман» деган ёзув бор эди. Фломастер билан помадани фарқига бормаган қизча она помадасини бўёққалам деб ўйлаб, онага бўлган муҳаббатини деворга ёзиш билан изҳор қилган экан. Она эса бундан бехабар. Шунда игна санчган пайтда қиз қўлидан сизган қон каби она кўзидан ёш сизиб чиқди. Чарчоқни унутиб, тезда қизининг хонасига шошди. Бечора қиз юмшоқ каравотига кўтарилишга ҳам кучи етмай ерда ухлаб ётарди. Она қўли бинт билан чандилган қизига қараб ҳўнграб юборди. Эртасига эрталаб қизи ўқийдиган мактабга борди. Қизи бетоблиги учун мактабга келолмаслигини муаллимга билдириб қўймоқчи эди. Қизи ўқийдиган синф эшигини аста қоқди. Киришга изн бўлгач, ичкарига кирди. Синф ўқувчиларга тўлган. Фақат биринчи партада ўтирадиган қизининг ўрни бўш, холос. Она доскага қаради. Доскага катта ҳарфлар билан «ойижон, мен сизни жуда яхши кўраман» деган ёзув ёзилган эди. – Келинг, марҳамат. Раънохон қани? – деди муаллим. – Бироз тоби қочган эди, шунга келолмади. – Шамолладими? Нима деб жавоб беришга ўйланиб қолган она: – Ҳа, шша-мол-лаб қолди, – деди дудуқланиб. – Терлаб турган бола совуқ сув ичгандирда… – Шундай… – деди юзи қизарган она. – Кечаги дарсда «онани яхши кўриш» мавзусида сўзлашган эдик. Ўқувчиларга уй вазифаси топшириб, ҳар бир бола уйга бориб онасига «мен сизни яхши кўраман» деб оғзаки ва ёзма равишда баён қилсин, деган эдик. Қизингиз Раъно вазифасини бажардими? Она жавоб бериш ўрнига юзини ерга қаратди. Бир оздан сўнг ўзини ўнглаб: – Ҳа, бажарди, – деди. – Мен унга ишонаман. Қизингиз ажойиб қиз. Вазифаларни мен ўйлагандан кўра аъло даражада бажаради. Катталар калласига келмаган ажойиб фикрларни ўртага ташлайди… – Қизимнинг партасига ўтирсам майлими? – Бемалол. У қиз ўрнига ўтириб дарсни тинглай бошлади. Тасодифан қўли парта остидаги қоғозларга тегиб кетди. Қоғозлардан бирини олиб ўқиди. Унда «Азиз муаллим, мен онажонимни сиз айтмасингиздан олдин ҳам жуда-жуда яхши кўраман», дейилган эди. Қизининг хатини таниган она бошини янада қўйи эгди. Унсиз йиғлай бошлади. Қилмишига пушаймон бўлди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|