Норбой яқинда 25 га тўлди. Ўғрилик оламига кирганига эса ҳали ярим йил ҳам тўлмади. Шаҳардаги ўртоқларига қизиқиб шу ишга қўл урганди. Ҳаваси кетди. Икки-уч карра қўли мўмай пул кўрди-ю, тинчини йўқотди. Бошқа ишлардан ҳафсаласи қайтди.
Лекин бировларга ўхшаб чўнтакка тушмади, тиқилинч автобусларни кезиб, дайдимади. Бегона хонадонларга ярим кечаси бостириб кирмади.
Ўғриликнинг ўзгача йўлини топди. Шу усул баҳона яқинда анча-мунча пул ҳам ишлади.
Тўғри-да, шаҳарнинг кети кенг. Кеча борган ерингга бугун қадам босмайсан. Эски манзилдан оёғинг узилдими, тамом, ҳаётда сени ҳеч ким кўрмайди. Тинчгина бошқа манзилларни кезиб тирикчилик қилаверасан.
Норбойнинг фикри шундай эди. У бадавлат хонадонларни қидириб топиб, ишчи ё қоровулликка ёлланиш, кейинчалик ўша уйни ўмаришга ошифта бўлди. Бундай усулни ҳали шаҳардаги бирор ўғри қўллаш тугул тушида ҳам кўрмаган…
«Бугун борадиган уйнинг эгаси сал қўполроқ дейишганди, — ўйлади Норбой жингалак, патаклашган сочларини сийпалаб. — Демак, у одамга бошқачароқ муомала керак. Ўзимни ғарибдан олиб ғарибга солишим лозим. Агар ишончига кирволганимда, уй эгасининг Билол оғайним мақтаган темир сандиғига тушардим. Долларларини қуртдай қилиб санаб қуённинг расмини чизардим. Кўрибсанки, аканг Норбой бойваччага айланарди. Кейинчалик бу хатарли ишни ташласа, тижорат билан шуғуллансаям бўлади. Эҳ, ишқилиб, ишим ўнгидан келсин…»
Норбой атайин кийган эски-туски кийимларига сўнгги бор қараб олди-да, трамвайдан тушиб, маҳалла ичкарисига юрди.
* * *
Маҳалла кенг далага туташган экан. Қаторнинг охиридаги қизғиш дарвозага етганда, Норбой тўхтади-да, бирпас тек туриб қолди. Гапириши керак бўлган сўзларни хаёлан такрорлади, бадавлат одамлар қаршисида ўзини қандай тутишини тасаввур этди. Шундан сўнг аста бориб дарвоза тепасидаги қўнғироқ тугмачасини босди.
Орадан бир дақиқача вақт ўтиб, дарвоза очилди ва рўпарасида қориндор, юзлари захилсифат, шоп мўйловли, ёши олтмишларга борган ўрта бўйли эркак пайдо бўлди.
У Норбойга бошдан оёқ разм солиб кўргач, менсимайгина сўради:
— Ҳа, болам, сенга ким керак?
Норбой атайин уй эгасига ер остидан боқиб ўзини ҳийла ҳайиққанга солди.
— М-мен… Иш сўраб келувдим, — деди тутилиб. — Ўртоғим тайинлаганди.
— Ўртоғинг ким? — сўради янада дағалроқ оҳангда уй эгаси.
— О-отчопарда… иш-шлайди. Билолиддин…
— Ҳа-а, уми?.. Отасининг оти нимайди?.. Ботирмиди?..
— Ҳа, ҳа, худди ўша, — деди ҳовлиқиб Норбой. — Манзилингизни берганди ўша.
— Қўлингдан нима иш келади?
— Нима иш буюрсангиз қилиб кетавераман. Ишдан қочмайман, амаки!..
— Шунақами?
Уй эгаси яна бир марта Норбойни кўздан кечиргач, боши билан ичкарига ишора қилди.
— Хўп, қани, юр-чи ичкарига, йигит!..
* * *
Ҳовли ҳамтовоғи таърифлаганидек жуда ҳашаматли экан. Хоналарнинг чек-чегараси йўқ, ҳовли этагида каттакон мевазор боғ, ўртада оқ мармардан тикланган бассейн.
Бассейнда олти-етти ёш атрофидаги бир болакай мириқиб чўмиларди.
«Аниқ адашмадим, — ўйлади Норбой уй эгасининг олдида йўлига қисиниб. — Бу уйга ишга жойлашволсам, тез орада бойиб кетишим тайин. Қария ҳам жа унақанги синчковга ўхшамайди. Сал ҳушёр, дилгир бўлсам, бу гал ҳам ишни хамирдан қил суғургандек бажара оларканман. Фақат… Манави нусхани ишонтира олай-да!..»
— Қани, ўтир-чи манави ерга! — ток остидаги сўрини кўрсатди уй эгаси унинг хаёлини бўлиб. — Ҳа, ҳа, келавер, тортинма! Шундай қилиб ҳамма ишни уддалайман дегин?..
— Уддалайман, амаки, — ялтоқланиб жавоб қилди Норбой. — Иш берсангиз бўлди.
— Ота-онанг, қариндош-уруғинг борми ўзи? Қаерда турасан, бўтам?
Ана энди ҳақиқий имтиҳон бошланганди.
Норбой дарров бош эгиб, бир-икки бурнини тортиб қўйди. Шу йўл билан уй эгасининг қалбида ачиниш, шафқат ҳиссини уйғотишни ният қилди.
— Нима бало, оғзингга толқон солволганмисан сен бола? — бирдан дағаллашди уй эгаси. — Гапирмайсанми?..
Норбой худди эркакнинг дўқидан қўрқиб кетгандек сесканиб бошини кўтарди ва қайтадан ер чизиб жавоб қилди.
— Мен… Етимхонада ўсганман, амаки.
— Етимхонада?.. Ие, шундай йигит-а?..
Норбой сездики, жавоби уй эгасини бироз юмшатди. У сўнгги сўзларини дўқ аралаш сўзламади.
— Оббо сен-ей!.. — деди эркак Норбойга ер остидан қараб. — Ҳа майли, хафа бўлма!.. Ярангни янгиладим шекилли… Хў-ўш… Ундай бўлса, мақсадга ўтайлик, бўтам! Ҳов анави боғни кўраяпсанми?
Норбой ҳануз ясама қовоқ уйиш қилиб боғ томонга бошини бурди.
— Ҳа, амаки, катта боғ экан!..
— Ўша боғни парвариш қиласан. Ойига… — Эркак бош қашиган кўйи бироз ўй сурди-да, ўтирган ерида тиззасига шапатилаб ўрнидан турди. — Ойига эллик минг сўм ҳақ оласан. Ейиш-ичишинг мендан. Ҳа энди… Майли, эртага бир сидирға янги кийим ҳам обераман. Савоб бўлар… Норғул, бақувват йигитга ўхшайсан, болам! Боғни яшнатворгин!
— Қойиллатаман, амаки! — деди Норбой. — Илгари тез-тез мардикорчиликка чиқиб турардим.
— Баракалла! — деди уй эгаси. — Ишлаган одам кам бўлмайди. Хўш, отинг нима ўзи?
— Норбой!
— Мени Ҳусан амаки деб чақиравер!
— Хўп бўлади, Ҳусан амаки!
— Қани, унда ичкарига юр, қоринни тўйдирайлик! Опоқинг жа мазали чучвара пиширибди. Ана ундан кейин ишни бошлайверасан!
* * *
Ҳали ҳаётнинг аччиқ шўрвасини татиб кўрмаган Норбойнинг оғзи қулоғида эди. Шундай бадавлат қариянинг ишончига жуда тез фурсатда кира олгани руҳини кўтарар, ўзи учун бахтли ва унутилмас лаҳзалар яқинлашишини интиқлик билан кутарди.
Орадан икки ой ўтгач, ниҳоят орзуси ушаладиган бўлди. Шу куни эрта тонгда Ҳусан амаки бола-чақа, невараларини ёнига олди-да, дала ҳовлисига жўнади.
Бир ҳафта тоза ҳавода дам олишни ихтиёр қилибди. Бу хабарни эшитган Норбой қувончдан ёрилай деди. Машина маҳалладан узоқлашишини чамалаб, дарҳол ҳамтовоғи Билолга қўнғироқ қилди ва хушхабарни етказди.
Ҳа, бугун икковлари учун ҳам энг ёқимли онлар ошно бўлади. Норбой аллақачон ис олиб бўлган. Ҳусан амакининг сандиғи калити-ю, пана-пастқамга беркитадиган тилла тақинчоқларгача тахминлаган. Қолаверса, қария унга қаттиқ ишониб қолган. Ҳатто кўча-кўйга чиқса ҳам хоналарни очиқ-сочиқ қолдиради. Норбой уйдалиги сабабли кўнгли тўқ…
Фақат Билол тезгина етиб келса бас. Ошиғи олчи. Бу дунёда ундан-да бойроқ, бахтлироқ одам бўлмайди…
Орадан бир соатча вақт ўтди. Билол ҳам етиб келди. Икковлашиб дарвозани ичкаридан тамбалашди-да, олдинма-кетин ичкари уйларни тинтий бошлашди. Ҳусан амакининг бойлиги бир маҳаллага етар даражада кўп экан. Умрида бундай давлатни кўрмаган икки баттол пулларни катта жомадонга жойлади. Қимматбаҳо тақинчоқлар халтадан жой олди.
Шундан сўнг юкларни кўтариб йўлга тушишди…
ХОТИМА ЎРНИДА
Қинғир ишнинг қийиғи эртами-кечми барибир чиқади. Норбой ҳамтовоғи билан шаҳардан ташқарига чиқишга улгурмади.
Юриш-туришидан шубҳаланган милиция ходимлари икковларини тўхтатиб, бўлимга олиб боришди.
Суриштирув бошланди. Афсуски, улар ўзларини оқлашга арзирли баҳона топа олишмади.
Ҳақиқатни айтишга, жиноятни бўйинга олишга мажбур бўлишди.
Суд икки баттолни ҳам маълум муддатга озодликдан маҳрум этди.
Мажлисга якун ясаркан, судья йиғилганларга бир гапни айтди:
«Огоҳ бўлинг! Уйингизга ўзингиз танимаган кимсаларни киритманг! Бировнинг ёлғон-ёшиқ сўзларига ишониб бадном бўлманг!» Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|