БИРИНЧИ МУҲАББАТ
Қуръон оятларида зино қатъиян қораланади. Бундай гуноҳни Оллоҳ ҳеч қачон кечирмаслигини ҳамма билади… Баҳром ҳам буни яхши биларди. Аммо… Ёшлик қилибми, ё эҳтирос устунлик қилдими… Сожида билан никоҳсиз ётиб қўйди… Нима қилишсин?.. Университетда ўқиб юриб бир-бирларини севиб қолишди. Ўртадаги муҳаббат кун сайин кучая борди…
Хайрият, бу ҳақда бошқа курсдошлар сезишмади, Баҳром ва Сожида ими-жимида тўйга тайёргарлик кўра бошлашди. Баҳром бўлажак умр йўлдошининг на оиласи, на келиб чиқишию, на қариндош-уруғини суриштирди…
Тўй ҳам бўлиб ўтди. Фақат… Баҳромнинг ҳовлисида эмас… Университет ётоқхонасида… Сабаби, Баҳромнинг ота-оналари биринчи кўришдаёқ негадир Сожидани ёқтиришмади. Унинг келин бўлиб ёлғиз ўғилларининг ёнида ўтиришига буткул қарши бўлишди… Буни тақдир деб қўйибди… «Биз бир-биримизни севсак, — ўйлади Баҳром, — нега энди турмуш қурмаслигимиз керак?.. Қолаверса, ўртада мана бунақанги ишлар бўлиб ўтган бўлса…» Хуллас, ҳеч кимга қулоқ солиб ўтирмай, улар турмуш қуришди. Тўйдан сўнг уларни табриклаш учун нотаниш бир йигит ётоқхонага келди.
— Танишинглар, бу — акам Бахтиёр!.. — қувончини ичига сиғдиролмай деди Сожида, — Битта-ю битта акам бор ўзи… Тижоратчи…
Бахтиёрнинг нигоҳлари, юз тузилиши жуда совуқ, ҳатто, табассумидан ҳам ҳаётга, инсонларга нисбатан кучли нафрат балқиб турганлигини сезиш қийин эмасди.
— Хўш, куёв, — деди у кетиш олдидан Баҳромнинг қўлини қисиб, — Нимаям дердим… Бахтли бўлинглар… Фақат… Синглимни хафа қила кўрма!.. Ёлғизгина синглим-а?! Ёрдам керак бўлса, тортиниб ўтирма!.. Мана бу «Нексия»нинг калити… Яхши кунларда ҳайдаб юр, куёв!..
— Баҳром бақа бўлиб қолди. Бахтиёр кетгач, у қайта-қайта акаси ўзи қанақанги тижоратчи эканини суриштирди. Сожида эса… Айтмади… Фақат… Майин жилмайиш қилиб: «Вақти-соати келганда билиб оларсиз…» — деб қўйди, холос.
ШАЙТОНИ ЛАИН
Уларнинг ҳаёти бир текис ўтиб борарди. Икки ёш бир-бирига термулиб, суйиб тўйишмас, курсдошлар эса, яп-янги Нексияга гоҳ ҳавас, гоҳ ҳасад билан боқишарди. Кунлар, ойлар ўтиб университетни ҳам тамомлашди. Битирув кечаси Бахтиёр яна келди. Йўқ… Бу сафар ҳам қуруқ келмади. Баҳромнинг қўлига Тошкентнинг қоқ марказидан сотиб олинган бир хонали квартира калитини топширди.
— Ётоқхонада яшайвериш жонларинггаям тегиб кетгандир, — деди у Баҳромнинг елкасига қоқиб. — Фақат… Ёлғиз синглимни эҳтиёт қилгин-а, куёв!..
— Баҳром худди ўша кеча қайнисининг нима иш қилишини билиб олди… Йўқ… Буни Бахтиёр айтмади… Сожида… Сожида «гуллаб» қўйди. Унинг айтишича, акаси катта бир бандитлардан иборат гуруҳга бошчилик қиларкан. Бу гуруҳ, асосан, қора дори савдоси, керак бўлса, одам ўлдириш, талончилик билан шуғулланаркан… Ўша кундан бошлаб Баҳромнинг кўнгли ўз оиласидан, Сожидадан, Бахтиёрдан негадир совий бошлади. Энди унга хотини билан узоқ-узоқ суҳбатлар қуриш, ширин бўсаларидан баҳра олиш, умуман, бир уйда яшашнинг буткул қизиғи қолмагандек эди. Сожидани илгаригидек соғинмас, уйга сира-сира шошилмасди. «Нималар қилиб қўйдим-а!.. — пешонасига уриб ўзини-ўзи койирди Баҳром. — Кимга кўнгил бердим ўзи?.. Нега бошида сўраб-суриштирмадим?..»
Орадан бирмунча вақт ўтиб у аспирантурага ўқишга кирди. Сожида уйда ўтириб ҳар куни унинг ўқишдан қайтишини интизорлик билан кутар, келишига у ёқтирган таомларни пишириб қўяр, истар-истамас остона ҳатлаб ичкарига кирган Баҳром эса, Сожиданинг елиб-югуришларига тамоман эътиборсиздек эди… Ана шундай кунларнинг бирида у тасодифан Назирани учратиб қолди. Назира университетнинг охирги курсида ўқир, камбағалгина оиладан эди. Баҳром у билан ҳар учрашганда Сожидада йўқ фазилатларни топгандай бўлар, йигитнинг назарида Назира хотинига нисбатан анча-мунча гўзал ва жозибалидек туюлаверарди…
Баҳром Назиранинг уйида кўп марта «меҳмон» бўлиб қўйди. Аёлнинг тўшакдаги ҳар гал ютоқиб-ютоқиб, эҳтиросга тўлиб Баҳромнинг бўйнига чирмашишлари уни оҳанрабодек ўзига тортаверди. Хуллас калом, Баҳромни шайтон йўлдан урди. Энди у Сожидадан бутунлай воз кечишга қарор қилди. Уйга кеч қайтадиган, баъзида умуман келмайдиган одат чиқарди… Аёл-да, Сожида ҳам бу ишлардан аста-секин хабар топгач, қалби ларзага келди. Тутоқиб, ёниб Баҳромнинг ёқасидан олди.
— Илгари ҳеч қачон сизга гап қайтармагандим, — деди йиғлаб Сожида, — Бетгачопарлик қилмагандим… Лекин, сиз номард экансиз… Мен, барибир ўша қанжиғингизни топиб, тириклай ерга кўмаман, мана кўрасиз!..
МУАММО
Бу тахлит кўз ёшлар, ялиниб-ёлворишлар Баҳромга заррача таъсир қилмасди. Унинг фикри-зикри ажралиш… ажралиш ва Назира билан турмуш қуриш эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, у Назираникига бира-тўла кўчиб ўтди ва ҳеч нарса бўлмагандек яшаб юраверди.
Бир куни эрта тонгда Назира билан қўлтиқлашиб уйдан чиққан Баҳромнинг кўзи таниш «ЖИП»га тушиб, ичидан зил кетди. «Тамом, — ўйлади у қўрқа-писа машинага яқинлашиб келаркан, — Акаси билибди…»
Шу лаҳзада Бахтиёр машинанинг қорайтирилган ойнасини тушириб, Баҳромга сўз қотди:
— Куёв, ахир мен сени огоҳлантиргандим-ку!.. Яхшиси, уйга — Сожиданинг ёнига қайт!.. Учинчи марта огоҳлантириб ўтирмайман…
Баҳром бу гапларга умуман эътибор бермади, — «Нимаям қила оларди… Айтди-қўйди-да!..» — деди-ю, Назираникида яшаб юраверди… Валлоҳи аълам, чамаси ўн беш кун ўтди ё ўтмади… Ишдан чарчаб, бироз сайр қилиш учун паркка қадам қўйган Баҳромнинг пешонасига кутилмаганда тўппонча қадалди… Қўрқиб кетган Баҳром бошини зўрға кўтариб… қаршисида гўёки юзларидан қон томаётган Бахтиёрни кўрди.
— Мен айтгандим-ку, хунаса!.. — дея оҳиста сўз бошлади Бахтиёр, — Уинчи марта огоҳлантириб ўтирмайман дегандим-ку!.. Нега қулоқ солмадинг?.. Ўзи нима етмайди сен ҳезалакка-а?.. Сен синглимни бахтсиз қилмоқчи бўлдингми?.. Менинг обрўйимни тўкмоқчи бўлдингми?.. Йўқ… Бу ҳунаринг ўтмайди… Ҳозир… Сен ўласан… Тайёр тур, куёв!..
Ниҳоят… Тўппончанинг тепкиси босилди. Баҳром шилқ этиб ерга қулади… Бир зумда қаердандир тез ёрдам машинаси келди ва Баҳромни касалхонага олиб кетишди…
МЕН ЎЛГАНМАН…
Шаҳарнинг руҳий хасталиклар шифохонаси яна бир касал билан бойиди. У ўша шайтон домига тушиб йўлдан адашган Баҳром эди. Маълум бўлишича, Бахтиёр уни чин дунёга равона қилмаган, яъни ўлдирмаган. Миясига инсон руҳиятига кучли салбий таъсир этувчи ўқ юборган. Бундай ўқ билан яраланган одамни, шифокорларнинг айтишича, ҳеч қачон даволаб бўлмайди. Бемор бир умр жиннилигича қолаверади… У ўзини ўлган ҳисоблайди. Шу сабабли атрофдагилар билан ҳеч қачон мулоқотга кириша олмайди…
Сожида Баҳромни бир кўриш учун касалхонага келди. Айни ўша пайтда эгнига худди қопга ўхшаб кетадиган мато кийдирилган Баҳромни муолажага олиб кетишаётган экан, у ҳеч кимга эътибор қилмас, атрофга қарамас, фақат… Оғзидан сўлаги оқиб тинимсиз жаврарди:
— Вей, мени қаёққа олиб кетяпсизлар?! Ахир… Мен ўлганман-ку!.. Ҳеч бўлмаса, ўлганимдан кейин тинч қўйсаларинг-чи?..
Сожида ёнида бошини маъюс эгганча Баҳромнинг ортидан термулиб турган акасига алам ва нафрат аралаш тикилиб боқаркан, беихтиёр йиғлаб юборди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|