Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи И. Алматова сўнгги 27 йил мобайнида кетма-кет оғир ва ўта оғир (фирибгарлик, босқинчилик, гиёҳванд моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш, ҳужжатларга шикаст етказиш ва яшириш, қасддан одам ўлдириш) жиноятларни содир этгани учун қонуний жазога тортилган, ҳатто умрининг салкам 15 йилини темир панжаралар ортида ўтказган бўлса-да, барибир жиноий қилмишга қўл уришдан ўзини тиёлмади. Оқибатда айни пайтда олтинчи жинояти учун жазо муддатини ўтамоқда.
Гап шундаки, И. Алматованинг 1996 йилда содир этган қотиллик ва босқинчилик жинояти орадан 21 йил ўтгач, ошкор бўлган ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2018 йил 28 майдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "в”, "ж”, "и”, "п”, "р”-бандлари ва 164-моддаси 4-қисми «в»-бандига биноан, жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 13 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Фақат ушбу жазо 12 та амнистия актининг ҳар бирига асосан, тўртдан бир қисмига қисқартирилиб, айбдор суд залидан озод қилинганди. Аммо И. Алматова 6 ойлик «танаффус»дан кейин яна «эски ҳунари» — фирибгарликка қўл урди.
Аниқроқ айтганда, 2018 йил 6 декабрь куни И. Алматова «Новза» метро бекати яқинидаги «Gold centre» савдо марказига боради.
— Қадимги Ёқутистон тошларидан ишланган тилла тақинчоқларни сотиб оламан. Ўғлим Америкада тилла тақинчоқлар билан савдо қилади. Мен сизлардан олиб, ўғлимга юбораман, — дейди у савдо марказидаги сотувчи ва харидорларга.
Албатта, бу гап И. Алматованинг фириб тўри эди. Бироқ харидорлар орасида турган фуқаро М. Назарова унинг ғаразли мақсадини қаёқдан билибди, дейсиз?! Шу боис соддадил М. Назарова И. Алматованинг гапларига ишонади.
— Менда сиз айтган тиллолардан бор. Керак бўлса, яна топиб беришим мумкин, — дейди М. Назарова.
Буни қарангки, И. Алматова унга ўзини «Маҳфират» деб таништиради.
— Илгари гинеколог бўлиб ишлаганман. Энди пенсияга чиқиб, ўғлимнинг бизнесига ёрдамлашаяпман, — дейди у.
Шу тариқа И. Алматова оғиз кўпиртириб, ўғли ва ўзини мақтай кетади. Ташқарига чиққанда эса, М. Назаровани илинтириш учун яна аврашда давом этади.
— Ўғлим «Олой» бозори ёнидаги «Капиталбанк» филиалига қирқ беш минг доллар юборган. Бу пулнинг ҳаммасига тилла тақинчоқлар сотиб олишимни тайинлаган. Кўриб турибман, истарали аёл экансиз. Шунинг учун сизга таклифим, мендан фойдаланиб қолинг.
Шундан сўнг улар телефон рақамларини алмашиб, эртаси куни «Олой» бозорида учрашишга келишиб олишади. 2018 йил 7 декабрь куни эса, М. Назарова ундан олдинроқ бозорга етиб бориб, И. Алматовага қўнғироқ қилади. Аввалига И. Алматова гўшакни кўтармайди.
Фақат соат 11:40 лар чамасида унинг ўзи нотаниш рақамдан қўнғироқ қилади-да, ҳозир етиб боришини айтади.
И. Алматова етиб келгач, М. Назаровадан «тилла тақинчоқларни олиб келдингизми?» — деб сўрайди.
— Ҳа, олиб келдим, — дейди М. Назарова сумкасида турган, нархи 13 500 АҚШ долларига тенг бўлган 4 жуфт бриллиант узук ва зиракларни кўрсатиб. Шундан сўнг «Маҳфират» М. Назаровани Дилбар исмли аёлнинг дўконига бошлаб киради.
Аммо дўкон соҳибаси улар кутганидан анчагина паст нархни айтди.
Шу боис, М. Назарова бу нархга сотмаслигини билдириб, жаҳл қилганча ташқарига чиқиб кетади.
— Шошманг, — дейди И. Алматова унинг ортидан эргашиб.
Сўнг қўлидаги шарфга ўралган нарсани М. Назарованинг қўлига тутқазди.
— Мана бу ўттиз минг доллар пул, ҳозиргина банкдан олдим. Сиз ушлаб туринг, мен тилла тақинчоқларингизни баҳолатиб чиқаман.
У шундай деб М. Назарованинг тилла тақинчоқларини олиб, парфюмерия маҳсулотлари сотиладиган дўконга кириб кетади. Бироқ хадеганда чиқавермайди. Охир-оқибат тоқати тоқ бўлган М. Назарова ўша дўконга кириб, «Маҳфират»ни — И. Алматовани сўрайди. Лекин сотувчи аёл уни танимаслигини айтади. Шунда бояқиш аёл алданганини, фирибгар дўконнинг иккинчи эшигидан чиқиб кетганлигини билади. Шунинг учун шоша-пиша бир соат аввал қўнғироқ бўлган рақамга сим қоқади.
— Бу менинг рақамим. Маҳфират исмли аёлни танимайман. Фақат боя бир аёл қўнғироқ қилиш учун телефонимни олганди, — деб жавоб беради гўшакни кўтарган нотаниш йигит.
Шундан сўнг М. Назарова дарҳол ички ишлар идорасига хабар беради. Натижада И. Алматовага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а»-банди билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2019 йил 7 январдаги ажримига биноан эса, унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинади. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, «қаҳрамон»имиз 2019 йил 10 апрель куни қўлга олинади.
Пировардида жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2019 йил 19 июндаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 50-моддаси 6-қисми ва 57-моддаси қўлланган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шу билан бирга, жабрланувчига етказилган 13 500 АҚШ доллари миқдоридаги зарар ҳукм эълон қилинган кундаги 1 АҚШ долларининг Ўзбекистон сўмига нисбатан қиймат — 8 314 сўм 85 тийинда ундириш белгиланди. Аммо И. Алматова бундан норози бўлиб, апелляция шикоятини берди.
Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а»-бандига кўра, айбдорга энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Кодекснинг 50-моддаси 6-қисмида эса, «Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу кодекснинг Махсус қисми тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас» дея қайд этилган. Бинобарин, суд кодекснинг мазкур моддасини инобатга олиб, қолаверса, 57-моддасини қўллаб, Махсус қисм моддасида назарда тутилганидан ҳам камроқ жазо тайинлаб тўғри хулосага келган. Ана шу асосларга таянган апелляция инстанция суди апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
Бу воқеани баён этишдан мақсад шуки, ҳар бир аёл ҳақиқий бахтни оилада, фарзандлари қувончида кўради. Буни унутиш эса, инсон ҳаётини издан чиқариб юбориши ҳеч гап эмас. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|