Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 9 апрелдаги 292-сонли қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартишлар киритилди. Жумладан, эндиликда куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт. Бу кўпчиликда норозилик туғдириб, эътирозли фикрлар билдирилмоқда. Хўш, аслида вазият қандай? Нима кераги бор? Ички ишлар вазирлиги ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов ва бош бошқарма қошидаги Жамоатчилик кенгаши котиби Мансур Рихсиев бу ҳақда шундай дейди: «Бу борада, аввало, илғор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди. 2016 йил 1 мартдан кучга кирган йўл ҳаракати қоидаларида автобус ва микроавтобуслар, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт воситаларига кундузги вақтда ҳам яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриш мажбурий қилиб белгиланди. Кейинчалик таҳлиллар ва ўзгаришларга асосланган ҳолда барча транспорт воситалари кундузи яқинни ёритувчи ва кундузги сигнал чироқларини ёқиб юриши зарурлиги тўғрисидаги қарорга келинди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиздан ҳам иссиқроқ иқлим шароитига эга давлатларда ҳам транспорт воситалари кундуз пайти чироқ ёқиб юради. Олд томонга қараб ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчиси ён томондан чироғини ёқиб келаётган транспорт воситасини кўз қири билан ҳам илғай олади. Бу хавфсизлик учун хизмат қилади. Жаҳон тажрибасида ушбу амалиёт орқали йўл-транспорт ҳодисалари 15 фоизгача камайишига эришилган. Ўзбекистон ҳудудида йилига 9 мингтага яқин йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлса, унинг 15 фоизгача камайиши сезиларли рақамни келтириб чиқаради. Рақамлар ортида эса инсонлар ҳаёти туради. Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган иқлим масаласига тўхталадиган бўлсак, бу ҳолатда иқлимий шароитнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чироқни ёқиб келаётган транспорт воситасини пиёда ва ҳайдовчилар узоқ масофадан илғайди, ҳушёр бўлади. Шу мақсадда ҳам бу қоида жорий этиляпти. Ўйлаймизки, бу ўз натижасини беради ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади». Депутатлар: жарималар миқдори катта, қарор қонун мазмунига мос эмас… Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Абдурашид Абдуқодиров ва Жамшид Пирматовнинг йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартириш бўйича мақоласи эълон қилинди. Улар шундай фикр билдиришган: «Биз бу ўринда янги ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишидан асосий мақсад ҳайдовчи ва пиёдаларнинг хавфсизлигини таъминлашда юқори натижаларга эришиш назарда тутилганини эътироф этамиз. Аммо… Мамлакатимизда йил давомида кунларнинг асосий қисми иссиқ, ёғингарчилик кам, туман ва ҳаво кам булутли минтақа экани инобатга олинмаган. Масалан, Молдовада бундай тартиб фақат қиш мавсумида амалга киритилган ва тартибни бузганлик учун жарима чоралари қўлланилмайди. 2016 йил сентябрь ойига қадар амалда бўлган йўл ҳаракати қоидаларининг 138-бандидан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига «ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик» учун энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима белгилаш бўйича 2016 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-411-сонли қонун таҳриридаги диспозицияси депутатлар томонидан маъқулланиб, қонун қабул қилинган эди. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан йўл ҳаракати қоидаларининг 138-бандига киритилган «Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт» деган ўзгартириш 2016 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-411-сонли қонуннинг тегишли қисми концепциясига мос келмайди. Ушбу тартибга риоя этмаслик оқибатида тўланиши керак бўлган жарима миқдорлари ўртача ойлик иш ҳақларига нисбатан Италияда 85 марта, Латвияда 146 марта, Словенияда 56 марта, Финляндияда 82 марта камни ташкил этади. Бизда эса белгиланган жарима миқдори ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 16-17 марта камни ташкил этмоқда…» Европа, Россия, Канада… Бу Ўзбекистон-КУ! Ўзбекистон йўл ҳаракати қоидаларига ушбу талабни киритган илк давлат эмас. Масалан, Скандинавияда кундузи ёқилган чироқ билан ҳаракатланиш шарти жорий этилганига 20 йилдан ошди. Аксарият Европа мамлакатларида ушбу қоида 2000 йилларнинг бошидан буён амал қилади. МДҲ ҳудуди ҳам бундан мустасно эмас: Россияда автотранспорт воситалари 2005 йилдан буён аҳоли пунктларидан ташқарида, 2010 йилдан буён эса ҳамма жойда яқинни ёритувчи чироқлар билан ҳаракатланади. Европа Иттифоқида 2011 йилда қабул қилинган қарорга кўра, 2011 йилдан чиққан барча янги автомобилларга ишлаб чиқарувчи заводнинг ўзи кундузги чироқларни ўрнатиши шарт. Лекин автомобиль 2011 йилдан аввал ишлаб чиқарилган бўлса, умуман бундай талаб йўқ. Британияда бу «Дейтайм раннинг лайтс» дейилади. Янги машиналарда одатда фара атрофига чиройли светодиод чизиқли чироқ ўрнатилган. У автомобиль мотори ўт олиши биланоқ автоматик тарзда ўзи ёнади. Кундузи чироқ ёнган бўлиши ҳақиқатдан ҳам ҳалокатларнинг олдини олиши мумкин. Масалан, Канадада авариялар шу туфайли 5 фоизга камайгани қайд қилинган. Европада 2011 йилдан кейин чиққан автомобилларга талаб ҳайдовчига эмас, ишлаб чиқарувчига қўйилган… Ўзбекистонда барча ҳайдовчилардан кундузи фараларни ёқиб юриши талаб қилиниши қанчалик тўғри экан? Ёнғинлар кўпайди! Бу хавфни нега ҳисобга олмаяпмиз? Қўшни Қозоғистон давлатининг жанубий қисми – Чимкент шаҳрида ҳам автомобилларнинг чироқлари ёқиб юриши оқибатида ёниб кетиши кузатилган. Илгарироқ ижтимоий тармоқларда ёнаётган автомобиллар акс этган суратлар тарқалган эди. Интернет-фойдаланувчилари ушбу ёнғинларга ЙҲҚга киритилган янги тузатишлар – кундузи фараларни ёқиб юриш сабаб бўлганини айтишмоқда. ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг маълум қилишларича, ёнғинга сабаб бўлган электр ўтказгичларнинг техник қониқарсиз ҳолатлари кўпинча эски йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда учрайди. Бундан ташқари, улар техник кўрик давомида электр ўтказгичларга алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлайди. Натижани кузатамиз Таҳлиллар пойтахтимизнинг айрим туманлари йўлларидаги вазиятнинг юзаки таҳлили автомобиль эгаларининг тахминан 1-2 фоизи янги талабга риоя этаётганини кўрсатмоқда. Бунинг бир нечта сабаблари бор. Хусусан, ўзгартиришларга тайёргарлик кўрилмаган. 2018 йил 13 апрелдаги 3666-сонли Президент қарорининг 4-бандида талаб қилинганидек, лойиҳа дастлаб жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаган. Бундан ташқари, ҳужжатда автоҳаваскорлар билан ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш учун қоидани амалга киритишни бир муддатга кечиктириш назарда тутилмаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили бутун дунёда йўл ҳаракати ҳодисалари натижасида бир миллион нафарга яқин инсон ҳаётдан бевақт кўз юмади, 38 миллион нафардан ортиғи эса турли даражадаги тан жароҳати олади. Шундай экан, ҳар қандай шароитда ҳам хавфсизлик қоидаларига амал қилиш жуда муҳим. Мухтасар айтганда, чироқ билан боғлиқ қарор ҳайдовчилар онгида ҳали «пишиб» улгурмагани аён бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, рақамлар, далил ва асослар адолат тарозусида яна бир бор тортилмоғи, бунда одамларнинг асабийлашиши эмас, балки босиқлик ва ички тушунишига эришилиши мақсадга мувофиқ. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|