Эрур барҳақ каромат авлиёдин,
Иноятдур валийларға Худодин.
(Авлиёлардан каромат содир бўлиши ҳақдир. Бу нарса Оллоҳ таолодан валийларга берилган иноят – эътибор ва икромдир)
Каромат хориқи одат эрур исм,
Бўлубдур хориқи одат неча қисм.
(Каромат хориқи одат – фавқулодда, инсон қўлидан келмас бир иш ҳисобланади. Хориқи одатлар бир неча қисм бўлади).
Набийдин хориқи одатни таъйин
Дедилар: мўьжиза, эй толиби дин.
(Эй дин ва илм толиби! Пайғамбардан содир бўлган фавқулодда ишни «мўъжиза» деб белгилаганлар).
Нубувватдин бурунни дерлар ирҳос,
Муни билсанг керакдур, аййуҳаннос
(Эй одамлар, буни билсангиз керак! Пайғамбарда пайғамбар бўлишидан олдин содир бўлган фавқулодда ишларни «ирҳос» дейдилар).
Агар солиҳ кишидин бўлса ҳар гоҳ,
Кароматдин бўлур бешакку ашбоҳ.
(Агар бундай нарса бир солиҳ илмли кишида содир бўлса, бу, ҳеч шак-шубҳасиз, каромат ҳисобланади).
Кўрунса бу авом мўмин ишидин,
Маунатдур ўшал айғон кишидин.
(Бу нарса авом бир мўмин ишидан содир бўлса, ўша айтилган кишидан бир «маунат» деб аталади).
Агар кўрсатса мундоғ кофир инсон,
Ул истидрож эрур монанди шайтон.
(Агар бундай нарсани кофир бир инсон кўрсатса, у «истидрож» деб аталади, худди шайтон каби. Яъни шайтонга ҳам фавқулодда ишлар қилишига имкон берилган, истидрож юзасидан).
Вале ул орифи биллоҳ бўлса,
Ёмон ишдин қўли кўтоҳ бўлса.
(Лекин ўша каромат содир бўлиши мумкин бўлган одам Аллоҳни таниган орифлардан бўлса. Ёмон иш – маъсиятлардан ҳам қўли қисқа бўлса – гуноҳлардан узоқ юрса).
Авомирни ҳамиша қилда ул қул,
Тақи «қилма» деганни қилмаса ул.
(Ул банда буйруқларни доим қилса. Яна «қилма» деганни қилмаса).
Яратқон Тангрини қўрқунчидин нез,
Қаю шубҳа дегондин қилса парҳез.
(Яна Аллоҳдан қўрқиб, ҳар қандай шубҳадан ҳам парҳез-тақво қилса).
Тақи лаззат билан шаҳватга, эй ёр,
Фуру ҳам кетмаса ул яхши кирдор.
(Яна ул яхши амалли киши мубоҳ бўлган лаззат ва шаҳватларга ҳам шўнғиб кетмаса).
Бу таърифлар кишига бўлса содиқ,
Валийдур ул ақоидга мувофиқ.
(Бу таърифлар қайси кишига тўғри келса, ана ўша одам ақоидга мувофиқ валий ҳисобланади).
Шариатсиз киши учса ҳавоға,
Кўнгил қўйманг анингдек худнамоға.
(Шариатга амал қилмайдиган киши осмонда учса ҳам, унақа ўзни кўрсатувчига кўнгил қўйманг, ихлос қилманг).
Ҳавоға учса монанди чибиндур,
Ани ҳодий дема шайтони диндур.
(Ҳавода учадиган бўлса пашша–чивин кабидир. Уни ҳодий – ҳидоятга йўлловчи дема, балки диннинг шайтонидир).
Шариатсиз киши гар ютса ўтни,
Ҳаво ўртасида минса булутни.
(Шариатга амал қилмайдиган киши агар оловни ютса ҳам, осмон ўртасида булутни минса ҳам).
Қачон топғон эрур қурбат идини,
Валий билманг тақи андоғ кадини.
(Қурбат – Оллоҳга яқинликнинг ҳидини қачон топар экан?! Ҳеч қачон! Унақа ошқовоқни валий деб билманг).
Бўлубдур мундоғ ишлар кофирийдин,
Нечукким бўлди сеҳри Сомирийдин.
(Бунақа ишлар кофирлардан ҳам содир бўлган. Мана, масалан, Мусо алайҳиссалом замонида Сомирийдан сеҳр содир бўлган эди).
Эшитгил бул, ки Фиръавн амридин Нил,
Қуйидин юқориға оқди беқийл.
(Эшитгил, айтишларича, Фиръавннинг амри билан Нил дарёси тескари – пастдан тепага оққан).
Муни билгилки Ҳиндустонда ҳоло,
Учарлар кофири санноси боло.
(Шуни яна билки, ҳозирда Ҳиндистонда саннос кофирлари баландга учадилар).
Шариат ҳукмин этмай истиқомат,
Таажжуб ишлари бўлмас каромат.
(Хуллас, шариатнинг ҳукмини истиқоматда қилмай – ўрнига қўйиб бажармасдан бунақа таажжубли ишлар каромат бўлмайди).
Шариатни киши ким тутса хўб пос,
Каромат мундин ўтмас, аййуҳаннос.
(Ким шариатни маҳкам тутадиган бўлса, унга тўлиқ амал қилса, эй одамлар, каромат бундан ортиқ бўлмайди).
Хилофи нафсу истикмоли тоат,
Бўлурми андин ортиқ харқи одат.
(Нафсга хилоф иш қилмоқ, тоатларни камолига етказишдан–да ортиқ харқи одат – фавқулодда иш бўладими?!).
Киши деса валийни ғайбдондур,
Наъувзу биллаҳ, ул сўз кўп ёмондур.
(Биров валийни, авлиёни «у ғойибни билади» дейдиган бўлса, Оллоҳ ўзи паноҳ берсин, ул сўз жуда ёмондир).
Наби ҳам билмагай ушбу равишдин,
Магар билдирса Тангрим баъзи ишдин.
(Ҳатто пайғамбар ҳам билмайди бу ҳолатни – ғайбни. Магар Оллоҳ таоло баъзи ишларни ваҳий орқали билдирсагина, шунда билиши мумкин).
Худонинг хоссасидур илми ғайби,
Бу сўзнинг бўлмағай бир зарра райби.
(Ғайб илми Оллоҳ таолога хос бўлган илмдир. Бу сўзга бир зарра бўлса ҳам шубҳа қилмаслик керак).
Яқин бил, ғайб ишидин фолбинлар,
Хабар берса агар ё аҳли жинлар.
(Аниқ билки, фолбинлар ёки жин хизматида бўлган кишилар ғайб ишидан хабар берса…).
Киши чин деса ул ботил сўзини,
Бўлиб кофир, қаро қилғай юзини.
(Ул ботил сўзни бирор киши чин ҳақиқат бу, дейдиган бўлса, кофир бўлиб, юзини қора қилажакдир).
Наъувзу биллаҳ, андоғ мўътақаддин,
Худойим сақлағай бу раъйи баддин.
(Унақа эътиқоддан Аллоҳ паноҳ берсин. Худойим бу ёмон фикрдан ўзи асрасин).
Яқин билгил ки баъзи номусулмон,
Демиш: «Вақтики қурбат тобса инсон,
Кўтарур Ҳақ шариат ҳукмин андин!»
Бўлур юзи қаро мундоғ дегандин.
(Хабаринг бўлсинки, баъзи бир номусулмонлар «Инсон қурбат топганда – Аллоҳга яқинлашганда, Ҳақ таоло ундан шариат ҳукмини кўтаради – ибодат қилиб ўтиришга ҳожат қолмайди» деб даъво қилибди. Бунақа деган одамнинг юзи қора бўлади!).
Бу ботил сўз эрур қавли малоҳид,
Шариатта эрур ул фирқа жоҳид.
(Бу ботил гап мулҳидлар – шариат ва Оллоҳга мункир бўлганларнинг гапидир. У фирқа шариатни инкор этади, тан олмайди).
Шариатга киши ким бўлса мункир,
Гумон йўқдур, бўлур албатта кофир.
(Шариатни ким инкор қиладиган бўлса, ҳеч шубҳа йўқки, албатта кофир бўлади).
Киши бўлмас муқарраб анбиёдин,
Алар безор эрур ужбу риёдин.
(Бирор киши пайғамбарлардан ҳам Оллоҳга яқинроқ бўлиб кетмайдику. У зотлар ўзларига бино қўйиш ва риёкорликдан безор ва узоқ эдилар).
Кўтарилмади ўлгунча алардин,
Худо ҳаргиз кўтармас ўзгалардин.
(Ўшандай зотлардан ибодат ва шариат ўлгунларича кўтарилмади, ўзгалардан Оллоҳ ҳаргиз ва ҳеч қачон кўтармайди).
Сўфи Оллоҳёр раҳимаҳуллоҳнинг "Саботул ожизин” китобидан,
Сайфуллоҳ Носир Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|