Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам аҳолига мурожаат қилиб, «Коронавирус юқтирганлар орамизда юрибди, улар кимлар, сони қанча, афсуски, биз билмаймиз», дея қайд этган эди.
Ҳоким ўз мурожаатида вилоятда коронавирус тарқалишига қарши жорий этилган чеклов чораларига риоя этилмаётганини танқид қилди.
«Тарғибот ишларига қарамасдан жуда кўпчилик бу касалликнинг хавфини тушуниб етмаяпти. Вилоятимизда бир бемор 38 кишига вирус юқтирди, яна бир ҳолатда вирусга чалинган киши 19 март куни ўтказилган тўй маросимига бориб, у ерда 18 кишига касаллик юқтирди. Ҳатто янги келин-куёв ҳам вирусга чалингани фуқароларимизнинг хулоса қилиши учун етарли бўлмаяптими?», дейди вилоят ҳокими.
Унинг алоҳи қайд этилишича, охирги уч кун ичида инфекция юқтирган, манбаси аниқ бўлмаган олтита ҳолат аниқланган. Ушбу фуқаролар бу касалликни қачон ва кимдан юқтириб олганини билишмайди. Айрим фуқаролар уйларида иситмалаб, буни оддий шамоллаш деб ўйлаб, ўзларини уй шароитида даволашга уринмоқда. Ушбу беморларнинг икки нафари оғир аҳволда, сунъий нафас олдирадиган аппаратларга уланган.
Вилоятда илк ҳолат 25 мартда аниқланган бўлса, қисқа муддатда касалланиш ҳолатлари 65тага етган. Булардан 22 нафари эркаклар, 43таси аёллар. 11 нафари 18 ёшгача бўлганлар, 7 нафари 60 ёшдан ошганлар. Касалликка чалинганлар орасида 2 ойлик чақалоқ ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, 13 апрель соат 06:00 дан бошлаб Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани, шу жумладан, Қайқи қишлоғи ҳудудида қатъий чекловлар жорий қилиниши маълум қилинди.