Яна оқшом чўкди. Яна қалбимнинг туб-тубидан зулмат отила келди. Кела солиб қалбимнинг тўрига соя йўллади. Бу соядан жуда қўрқаман, онажон, дадажон, моможон, бобожон. У мени сизларнинг назарингиздан нари ола кетишга шайланаверади. Хаста юрагимни чимдиб-чимдиб, кўзёшларимни дарёларга эврилтирганча мени сизлардан олиб қочишга тутинаверади. Не қилай? Қашшоқлик, ожизлик, хасталик, қўлларим, йўлларимнинг калталигидан сояга итоат этишдан бўлак чора топа олмайман…
Она, сиз мени дунёга келтиргандингиз. Биламан, оналар мурғаккина гўдагини не-не орзу-ҳавасларга кўмилган кўйи дунёга келтиришади. Сизнинг орзу-ҳавасларингиз қанийди унда? Наҳотки, душманларингиз тортиб олган бўлишса? Сиз индамасдан тилаб-тилаб олган орзу-ҳавасларингизни уларга тутқазиб қўявердингизми? Мен қашшоқ болангизни қашшоқлаштиришингиз мумкинлигини ўйламадингизми? Наҳотки, ўша орзу-ҳавасларингизнинг қиммати шунчалар паст чиққан бўлса?..
Ана, осмон-у фалакда ой юз кўрсатди. Тўлишибди. Аммо ойнинг тўлишгани мендек бир қашшоқ ва заиф банданинг кушандаси эканини билсангиз эди, моможон. Ой тўлган кечаларда кўзларимни ором ташлаб қочади. Вужудимни зулматнинг заҳри қоплайди. Шу лаҳзаларда сизнинг, фақатгина ўзингизнинг мени суйиб-суйиб, дунёларга ишонмай, алқаб-алқаб, бошимдан сув ўгириб ичганча эркалатланларингизни ёдга оламан. Кўзларимдан сизиб чиққан ёшга тик боқиб сизнинг сиймонгизнигина кўраман. Армонлар, аламлар, ўксик хотиралар бағримни эзади. Моможон, агар ҳаёт бўлсангиз, мени қашшоқлаштириб, хасталантириб, хорлантириб, ожизлантириб, қўлларимни калталантириб қўймасдингиз-а? Менга бор меҳрингизни, қашшоқликларига, хасталикларига қаҳрингизни берган бўлардингиз-а?..
Ўзимнинг моможоним! Не қилайки, қабрингиз тепасига бориб сиз-ла тиллашишлардан, сўзлашишлардан, кўзлашишлардан мосуво қолдим. Йиғлайман. Унсиз, фарёдсиз йиғлайвераман. Йиғлаганим сайин онасизлигим, отасизлигим, акасизлигим, укасизлигим, бобосизлигим, момосизлигим вужуд-вужудимга тиғ санчаверади, санчаверади…
Мурғаккина боламга боқаман. Бир боқсам, она, сизни, икки боқсам, момо, сизни кўргандек бўламан. Болам менга оналик, момолик, боболик, оталик, ака-укалик қила бошлайди. Тағин кўз ёшларим забтига олади. Менинг она ўрнидалигим, момо, бобо ўрнидалигим шу болам кўз ёшларимни кўзидаги милтиллаган ёшлари ила арта бошлайди. Шу кўйи елкамга аста бош қўяди. Иккинчи елкам ҳам бўшаб қолмайди. Бу елкамга яна бир она, ота, ака, ука, момо, бобо ўрнидалигим суюкли инсоним бош қўяди. Шундай қилиб икки елкамда суянганларим, сиғинганларим, ачинганларим, ўксинганларим, ёлғизланганларим ҳозир-у нозир бўласиз…
Ё Раббий! Онамни, отамни, момомни, бобомни раҳматингдан мосуво этма!
Она, орзу-ҳавасингиз-да бўлай она, қашшоқлигимни кўрмаётганингиз, хасталигимдан, нотавонлигимдан куймаётганингиз рост бўлсин!
Момо, қалбим тубидаги зулматларни ҳайдаб тургувчи моможоним! Қур-қур тушларимга кириб мен қашшоққинасини, хастагинасини, ожиз-у нотавонгинасини алқашдан тийилмас моможоним! Ёлвораман, мендан ранжиманг! Қўлларим узайса, оёқларим метиндек мустаҳкам тортса, қалбимнинг туб-тубидаги соялар ортга чекинса, қабрингиз тепасида ҳозир бўлишни худодан сўраб қўйдим. Ишонаман, у албатта изн беради. Мен барчангиз билан албатта тиллаша бошлайман. Сирлаша бошлайман. Йиғлаша бошлайман. Фақат… Қалбим тубидаги қўрқинчли, зулматли соялар нари кетса бас.
Астағфирилло!!! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|