Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида синчков ҳайдовчи ЙПХ инспекторини жарима тўлашга мажбур қилди, дея хабар берди «Daryo».
Маълум бўлишича, 2020 йил 14 июль куни Қамаши туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори Баҳодир Эргашев шахсий автомобилини тўхташни тақиқловчи 3.27 йўл белгиси бор жойда қолдирган. Буни кўрган бошқа ҳайдовчи эса автомобиль тақиқловчи белги ўрнатилган жойда турганини тасвирга олиб, интернетга жойлаган.
«ЙПХ инспектори Қамаши туманида хизмат олиб бораётган пайтда ҳайдовчилардан қоидани бузмасликни сўраётганди. Ва қоидабузарликлар учун жарима ёзаётганди. Ҳолбуки, ўша пайтда ўзининг шахсий автомобили тўхташни тақиқловчи белги таъсирида қолдирилганди. Мен эса ЙПХ инспекторининг ўзи ҳам йўл қоидасини бузганини кўрсатиш учун унинг автомобилини тасвирга олдим», — дейди видео муаллифи, қашқадарёлик блогер Мақсуд Музаффаров.
Блогер Мақсуд Музаффаров ЙПХ инспекторининг қоидабузарлигини тасвирга олиб, видеони Telegram каналида жойлайди. Мазкур видеога эътибор қаратган Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ ахборот хизмати эса ЙПХ инспектори жаримага тортилганини маълум қилди.
«2020 йилнинг 28 июль куни ижтимоий тармоқда Nexia русумли, 70 J 989 ОА давлат рақам белгили шахсий транспорт воситаси 3.27 — ‘Тўхташ тақиқланган’ йўл белгиси таъсир доирасида қолдириб кетилгани тасвирланган ва ушбу автомобиль ЙПХ ходимига тегишли эканлиги айтилган видеолавҳа тарқалди. Видеолавҳа ўрганилди. Nexia ҳайдовчиси Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани ИИО ФМБ ЙҲХБ катта инспектори Б.Эргашевга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилди», — дейилади ЙҲХББ ахборот хизмати хабарида.