— Вой-бў-ў, мақтанишини қаранглар хунасанинг!.. — Мўмин қиморбоз (Баъзи-баъзида атрофига уч-тўрт норғул йигитларни йиғиб қарта ўйнаб тургани сабаб уни маҳалладагилар шундай деб аташарди) девормиён қўшниси Аҳмад дўкондорнинг яқиндагина тикланган уч қаватли уйига алам билан боқиб сўкинди. — Ҳамманинг олдида ўзини кўрсатмоқчи бўлди шекилли бу. Ярамас, ҳали шошмай тур, сен бой бўлсанг, менам кам эмасман. Мана шу ҳовлимни бузиб тўрт қаватли иморат қуриб олмасам, Мўмин отимни бошқа қўяман. Би-ир юрагингни чангаллаб дод солганингни кўрай ўшанда!..
У алам устида уёқ-буёғига ўғринча қараб олди-да, кўчада ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, ердан кичикроқ тош олиб дўкондорнинг томига ирғитди.
— Худоё шу уйинг ўзингни босиб қолсин!.. Падар лаънати, шу бугуноқ бузаман уйни! Шу бугундан қолдирмай янги уй қура бошлайман. Мана кўрасан, сендақанги бойлардан қоладиган аҳмоқ йўқ!..
Мўмин жонҳолатда ҳовлисига кирди-да, дарвозахонада турган ломга ёпишди.
Хотини Рисолат опа узоқдан қараб турган экан. Эрининг лом кўтариб томга чиқиб кетаётганини кўрди-ю, ҳайрон бўлди.
— Ҳа, дадаси, қаёққа? Тинчликми?..
Мўмин нарвоннинг ярмида тўхтаб, пастда турган хотинига аста шивирлади.
— Уйни бузаман!.. Уч қаватли янги уй қуриб анави хунасанинг ич-этини едирмасам, одаммасман!
— Вой, мен ўлиб қўя қолай! Кимни айтяпсиз?
— Кимни бўларди? Аҳмад бойваччани!.. Қара, куйиб ўлсин деганми, икки қават уй қурвопти. Нима, ўша қурумсоқдан кам ерим борми?..
— Йўқ, йўқ, бу шаштингиздан қайтинг! — ялина бошлади Рисолат опа. — Шундай уйни бузасизми? Арвоҳлар чирқиллаб қолади-ку, ахир!.. Қўйинг, қурса қуравермайдими? Сизга нима?..
— Бекорнинг бештасини айтибсан! — хотинини уришиб ташлади Мўмин. — Ҳе товуқмия!.. Фаросатинг бўлса, шу гапни гапирмасдинг!.. Вей, эртага чиқиб бутун маҳаллага жар солади. Мени кўрсатиб устимдан кулишданам тоймайди у!..
— Майли, мен йўл қўймайман!.. Бузмайсиз уйни! Ҳали замон ўғлингиз ишдан кеп қолади. Буёқда… Куёвлар, қудалар эшитса, нима деб ўйлайди?
Бор, бор, аралашма!..
Мўмин барибир қулоқ солмади. Томга чиқди-да, бир бошдан буза бошлади…
Рисолат опа эса, қайсар эрнинг қилиқларига чидолмай ув тортиб йиғлар, томдаги тахта-кесаклар ҳар ерга учиб тушганда юраги жиғиллаб-жиғиллаб кетарди…
* * *
Рисолат опа ҳақ эди. Мўминнинг бу қилиғи Худога ҳам хуш келмади чоғи, кутилмаганда оёғи тойиб кетиб ерга қулади.
— Вой-вой-ей-й!..
— Вой мен ўлиб қўя қолай!.. Ҳой дадаси, тирикмисиз?..
Рисолат опа ерда чўзилиб ётган Мўминни туртар, нима қилишни билмай нуқул атрофга алангларди.
— Ҳой, ким бор?.. Ёрдам беринглар!..
— Иҳ-ҳ!.. — Мўмин сал ўзига келди шекилли инқиллай-инқиллай, ўрнидан туриб ўтирди. — Нимага ваҳима қиласан, хотин? Менга жинам ургани йўқ. Орқам… Орқам сал ёмонроқ тушди, холос. Бақирма! Одамни шарманда қиласан-ку!..
— Ие, бирор ерингиз лат еган бўлса нима қиласиз? Тезда дўхтир чақириш керак.
— Дўхтир-пўхтирингни билмайман. Гапни кўпайтирмай, туришимга ёрдамлашвор!..
Рисолат опа эрини қўлтиғидан олиб ўрнидан турғазди-да, сўри томон бошлади…
* * *
"Падарингга лаънат, Аҳмад! — хаёлан сўкинарди Мўмин сўрида ёнбошлаб ётган ерида ярми бузилган томга алам билан термулиб. — Касофат одам ҳар ерда касофатлигини қиларкан-да!.. Э, йўқ, шу қилганингга бир шўрингни қуритмасамми!.. Бошингни чангаллаб, мана шу икки қават уйингни гаровга қўйиб қолмасанг, у дунёи бу дунё тинчимайман…”
Мўмин бир соатлар чамаси ётиб, оғриқ бироз пасанда бўлганини сезгач, осмонга қаради.
— Ҳа, кун ҳам ботяпти. Ана энди шу кеча шўрингга шўрва тўкилади. Сен Мўминни билмас экансан. Ўт қўяман уйингга!..
Шу куни Мўминнинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. То соат тунги ўн иккиларга занг ургунча у ҳовлида уёқдан-буёққа бориб келиб вақт ўтказди. Ўғли Маҳмуднинг саволомуз боқишлари ҳам, Рисолат опанинг ора-сирада ҳовлига чиқиб ўзича шивирлаб қўйишлари ҳам кўзига кўринмади.
— Кечаси уйига ўт қўяман-у, ҳеч нарса кўрмагандай, эртага томошасини кўраман. Ҳа, том бузишга чиқсам, қандай зириллаб чопаётгани-ю, шу ҳаромдан келган уйининг гуриллаб ёнаётганигача мириқиб томоша қиламан. Кўрибсизки, икки қаватли уйдан асар қолмайди. Мен бўлсам, атайин тез кунда уч қават болохонадор уйни қарсиллатиб қуриб оламан-у, маҳалла гузарига чиқиб бемалол мақтанавераман…
Ниҳоят кўчадаги онда-сонда ўтиб турган машиналарнинг ҳам товушлари тинди. Фақат қаерлардадир итлар қур-қур ҳуриб қўйишарди…
Мўмин эҳтиёткорлик билан уй деразаси ёнига бориб ичкарига қулоқ тутди. Она-болалар аллақачон чироқларни ўчириб уйқуга кетишибди.
У бирпас уларнинг ухлаган-ухламаганини текширган бўлиб дераза рўпарасида туриб қолди. Жимжитлик эканига ишонч ҳосил қилгач, секин ортга қайтиб гараж томон йўл олди…
Биларди. Ўғли яқинда бир канистр бензин олиб келган. Ўшандан битта челакда олволса бас, Аҳмадни таг-туги билан супуриб ташлашга етади…
Қоронғида тимирскилана-тимирскилана канистрни топгач, уни ташқарига олиб чиқди. Сўнгра оёқ учида юриб бориб сўридан битта челакни «ўмарди»…
"Оҳ, нега шу ишни олдинроқ ўйламадим-а? — кўнглидан ўтказди Мўмин канистрдаги бензиндан челакни тўлатиб қуяркан. — Доим шу-да!.. Камбағалнинг ақли "абит”дан кейин киради. Ҳа майли, ҳалиям кеч эмас. Насиб бўлса, яна ўн дақиқалардан сўнг маҳалла қора тутунга тўлиб, Аҳмадбойнинг уйи куя бошлайди. Оҳ, яширган пуллариям шу уйида. Ҳавога учаётганини кўрсайдим!..”
Юраги ҳасад исканжасида қолган Мўмин оҳиста кўчага чиқди-да, эҳтиёткорлик билан кўчанинг икки томонига назар солди. Аксига олгандек, шу кеча симёғочлардаги чироқларни ёқиб қўйишибди. Ҳаммаёқ кафтдек кўриниб турибди. Лекин… Кўчада ҳеч зоғ кўринмайди.
— Худо, ўзинг ҳаммасини кўриб турибсан! — осмонга боқиб шивирлай бошлади Мўмин. — Ким ҳаромхўр-у, ким ночорлигиниям ўзинг яхши биласан. Мен тўғри йўл тутяпман. Ахир, нима ҳаққи бор бунақанги шоҳона уй қуриб кўз-кўз қилишга?.. Сал мундайроқ қуравермайдими?..
Мўмин аланглай-аланглай, қўлига бензин тўла челакни олди-да, Аҳмад дўкондорнинг дарвозаси томон юрди.
Шу пайт… Узоқдан келаётган машинага кўзи тушиб қолди.
— Жин урсин! Ким бўлдийкин?
Мўмин шошиб йўл четидаги чинор панасига ўзини олди…
Машина унга яқинлашиб келди-да… Хайрият, сал наридаги тор кўчага бурилди…
— Ярамаслар! Ис олиб юрадими бу машиналар?..
Афсуски, Мўмин машинани ҳаяжон ичидами, танимай қолди. Бу участка нозирига қарашли машина эди…
Фақат… У ҳам Мўминнинг қора ниятидан бехабар қолганди…
* * *
— Ҳой, ким бор?.. Чиқ ким бўлсанг ҳам!.. Ўт кетди!..
Бу Мўминнинг ҳайқириғи эди. У Аҳмад дўкондорнинг уйига ўт қўйгач, ҳеч нарса бўлмагандай маҳалла аҳлини ёрдамга чақирар, аммо ўзи шундоққина йўл четидан оқиб ўтган анҳорга яқин бориб сув олишга-да интилмасди. Фақат… Ўз дарвозаси ёнида турганча бетиним қичқирарди…
То одамлар йиғилиб, ўт ўчирувчилар етиб келишгунча, уйнинг кўча томондаги деворлари ёниб, сувоқлари деярли кўчиб тушди. Битта дераза ҳам ёниб битди…
Бу лаҳзаларда Мўмин уйида бемалол чой шопириб ўтирар, кўчадаги бақир-чақирларни эшитиб ҳузур қиларди…
— Ҳов Мўмин ака!..
Кутилмаганда дарвозасини кимдир тепиб бақираётганини эшитган Мўминнинг юрагига ғулғула тушди.
— Оббо, сезиб қолишган бўлса-я?..
У остонада ҳеч нарсага тушунмай дийдираб турган хотинига бир қараб қўйди-да, дарвоза томон йўналди…
Эндигина дарвоза зулфинини суғурган ҳам эдики, ичкарига аввал участка нозири Зулфиқор, кетидан қўлида болта тутган Аҳмад дўкондорлар бостириб киришди.
— Сиз нима қилиб уйда биқиниб ўтирибсиз? — ўзини босиб сўради ундан нозир. — Қўшнининг уйи куйиб ётибди-ю, сиз бўлсангиз…
— Ў-ўғлимни чиқардим… — зўрға жавоб қилди Мўмин Аҳмад қўшнисининг қўлидаги болтага қўрқув аралаш қараб. — Ана, кўчада у!..
— Ифлос! — хириллади Аҳмад дўкондор. — Ичинг қоралигини, маразлигингни билардим-у, аммо бунчаликка боришингни ўйламабман… Ҳозир…
— Ўзингизни босинг, Аҳмад ака! — уни қайтарди нозир. — Хўш, Мўмин ака, боя қўлингизда челак кўтариб нима қилаётгандингиз кўчада?..
— М-менми?.. Сув… Сув олишга чиққандим…
— Шунақами?.. Бўпти, ўша челагингиз қани?..
— А-ана, уйда…
— Ёлғон гапирманг!.. Агар ҳозир гаражингизга кириб бензин топсам, ўзингиздан кўринг!..
Нозир Аҳмад ака ҳамроҳлигида гаражга кирди-да, кўз очиб юмгунча канистр кўтариб чиқди.
— Нега бу канистр яримлаб қопти? — тағин Мўминга юзланди у. — Қолгани қани?..
— Билмадим… Ўғлимникийди бу…
— Яхши…
Нозир Аҳмад дўкондорга ишора қилганди, у бир зумда кўчадан Мўминнинг ўғли Маҳмудни етаклаб келди.
— Бу бензин сеникими? — сўради нозир.
— Ҳа, меники.
— Нега яримлаб қопти?
— Нима?.. Қанақасига?..
Маҳмуд канистрни бир кўтариб кўргач, отасига савол назари билан боқди.
Шунинг ўзи Мўминнинг айбини исботлашга етиб ортарди. Суриштирувлар ўз натижасини бериб, Мўмин уйининг ўзидаёқ айбини тан олди…
Орадан маълум муддат ўтиб ҳасадгўй қилмишига яраша жазосини олди. Уни турма деб аталгувчи даргоҳга кузатиб қўйишди…
Аҳмад дўкондор бўлса…
Бу одамни бутун маҳалла ҳурматларди. Қийналган хонадон борки, ёрдамини аямасди дўкондор…
Рисолат опага раҳми келдими, ўртадаги совуқчиликларни унутиб, бир-икки ой ичида бузилган томни қайтадан тиклаб берди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|