Дунёда ўз тарихи ва ҳаттоки ўз шарпаю-арвоҳларига эга бўлган отель (меҳмонхоналар) талайгина. Бундай жойлар ўрганилмаган мистик воқеаларга қизиқувчан сайёҳларни доимо ўзига жалб қилиб келган. Бу меҳмонхоналарнинг кенг коридорларини мароқ билан айланиб чиқишингиз, дабдабали ресторанларида овқатланишингиз, керак бўлса ўзга олам сир-асрорларининг гувоҳи бўлишингиз ҳам мумкин.
Колорадо штати, Estes Park, "Станли ” меҳмонхонаси Ушбу меҳмонхона тарихий жойлар рўйхатига киритилган. У 1909 йилда очилган бўлиб, кўпгина таниқли шахсларни мезбон сифатида қабул қилган. Бу отель Стивен Кингда психологик қўрқинчли жанрдаги «Нурланиш» романини ёзишга илҳом уйғотганлиги туфайли ҳам машҳур бўлиб кетган. Мистика ва қўрқинчли нарсаларга бой бўлган бу асар катта муваффақият қозонди. Унинг асосида суратга олинган фильмнинг сёмкалари бошқа меҳмонхонада олинганлигига қарамай, «Станли» отели шарпа-ю-кўланкалар тарафидан қўриқланади, деб ҳисоблашади.
"Голливуд Рузвельт” меҳмонхонаси, Лос-Анжелес, Калифорния 1927 йил 15 май куни Испания колониал услубидаги ушбу 12 қаватлик меҳмонхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Айнан мана шу отелда «Оскар» киномукофотининг энг биринчи тақдимотлари бўлиб ўтган эди, кейинчалик эса энг ёмон киномаҳсулотлар учун бериладиган «Олтин малина» антиакадемик мукофотларнинг топширилиш маросимлари ҳам шу ерда ўтказилган. Меҳмонхонада шунингдек, фильмлар суратга олинган, фильм премералари бўлиб ўтган ва кўплаб Голливуд юлдузлари тўхтаб, меҳмон бўлганлар.
Отелда яшовчиларнинг айтишларича, меҳмонхона коридори ҳамда хоналарда бир замонлар бу ерда яшаган машҳур юлдузларнинг сарсон, ором топмаган шарпалари санғиб юрар эмиш. Мерилин Монро ҳамда Монтгомери Клифтнинг арвоҳлари айниқса кўп учрар экан. «Голливуд Рузвельт»нинг меҳмонлари ярим тунда 9-қаватдан мусиқа овози эшитилишидан кўп маротаба шикоят қилишган. Айнан мана шу қаватда бир пайтлар актёр ва мусиқачи Монтгомери Клифт яшаган эканда.
"Golden North” меҳмонхонаси, Скагуей, Аляска "Golden North” меҳмонхонаси 1898 йилда «олтин талвасаси» айни авжига чиққан паллада қурилган. Клондайк шаҳрига йўл олган олтин изловчилар шу отелда тўхтаб ўтганлар. Афсоналардан бирида айтилишича, Айск исмли олтин қидирувчи қаллиғи Мерини 23 хонага жойлаштириб, ўзи олтин конига қараб йўл олади. Йигит қайтиб келганида қаллиғи сирли равишда вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитади.
Мерининг ўлими борасида уч хил тахмин бор эди. Кимдир унинг зотилжамга чалиниб, вафот этган деса, яна кимдир Мери қаллиғининг узоқ қолиб кетганидан хавотир олиб, хонасидан чиқмай қўйганлигини айтган, бошқалар эса келиннинг маҳаллий безорилардан қўрқиб, хонасида беркиниб ўтирганини гапириб беради. Мерининг айнан нима сабабдаб вафот этгани номаълум. Қизнинг узоқ вақт хонасидан чиқмаганидан хавотирга тушган меҳмонхона ходимлари эшикни бузиб кирганларида, қизнинг келин куйлагига бурканганча ётган жасадига дуч келадилар.
Ўша даврдан бошлаб, Мерининг арвоҳи меҳмонхона бўйлаб юрар ҳамда олтин конидан қайтаётган қаллиғини кўриш илинжида деразалардан йўлга қараб турар экан. 23- хонада қўним топган меҳмонлар кечаси бўғилиб уйғониб кетишлари ва ҳаммаёқ берк бўлишига қарамай муздай шамолни ҳис қилишлари ҳақида гапириб берадилар.
Отелда яна бир нечта сирли ва мистик хоналар бор. Айтишларича, улардан қандайдир тилларанг ёғду таралар экан. 2002 йилда меҳмонхона ёпилди, бироқ бу ерга экскурсиялар уюштирилган ва ҳаттоки унинг ичида квест ўйини ҳам ўйналар экан. Ҳа, мистика ишқибозлари учун ажойиб имконият.
"Drovers Inn” меҳмонхонаси, Шотландия Айтишларича, «Drovers Inn» меҳмонхонаси атрофида кичкина қизчанинг шарпаси изғиб юрар экан. Бир пайтлар у тоғдаги дарёга тушиб кетган қўғирчоғини оламан, деб чўкиб кетган экан. Ўшандан бери қизнинг ором топмаган руҳи йўқолган ўйинчоғини қидириб, сарсон бўлиб юрар эмиш. 6-хонада яшовчиларнинг айтишларича, ярим тунда улар ухлаётган каравотларининг устига қаердандир муздек сув томчилари томиб турар экан. Бу ерда шунингдек, бир пайтлар шу ерда яшаган ҳамда Шотландия кланлари ўртасидаги жангларда ҳалок бўлган подачиларнинг шарпалари ҳам изғиб юрар экан.
"Bolivar” меҳмонхонаси, Серкадо де Лима, Перу Бу меҳмонхона 1924 йилда Перу пойтахтига келаётган юқори даражадаги шахсларни жойлаштириш учун очилган бўлиб, Лимадаги энг яхши отель ҳисобланган. Бу ерда Голливуд юлдузлари, машҳур ёзувчилар ва рок мусиқачилар қўним топганлар. Турли вақтларда «Bolivar» меҳмонхонасида Шарл де Голл, Никсон, Роберт Кеннеди, император Акихито, ёзувчилар Хемингуей, Орсон Уелс, Ава Гарднер, қўшиқчилар Ҳулио Иглесиас, Сантанна ва бошқа таниқли юлдузлар тўхтаб ўтганлар.
Аммо вақт ўтиб, янги замонавий меҳмонхоналар пайдо бўлган сари «Bolivar» отелининг шуҳрати сўна бошлади-ю, бироқ паранормал активликка эга бўлган жой сифатида ном қозона бошлади. Гап шундаки, бу ерда паранормал ҳодисалар билан боғлиқ воқеалар ҳақида афсоналар учраб туради. Афсоналардан бирида айтилишича, бир пайтлар шу меҳмонхона ойнасидан ўзини отиб, ҳалок бўлган аёлнинг оқ куйлакдаги шарпаси коридорда изғиб юрар экан. Бошқа бир афсонада айтилишича, меҳмонхонанинг хоналаридан бирига жойлашган ҳамда сирли равишда вафот этган шу отель ходимининг арвоҳи ҳам шу ерларда дайдиб юрар экан. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|