Худо ҳақидаги азалий баҳс-мунозара унга ҳам тинчлик бермасди. «Ҳа, тангри бор. У бутун борлиқнинг эгаси», деган жўнгина иқрорга негадир бўйин ёр бермайди. Ҳеч қандай илоҳият йўқ, деб ёшлигиданоқ уқдирилган тушунча барибир хирагина бўлиб бунга соя ташлаб турарди. Муаллима ўзи каби олий маълумотли, туппа-тузук лавозимда ишловчилар ҳам худога сиғиниб, ундан фақат яхшилик, омонлик ёғилишини, ўт-сув, туҳмат балоси, бевақт ўлим рўй бермаслигини тиловчиларнинг бир қадар кўплигидан ҳайратга тушмай иложи йўқ эди. Агар ҳамма нарсага қодир Аллоҳ ҳақиқатан ҳам мавжуд, бўлса, нега нопок ва фосиқ одамлардан дунёни тозалашга қурби етмайди? Нима учун кимлардир ногирон, кимлардир бой ва яна бировлар жуда ночор? Нега оламнинг қайсидир қутбида уруш, сув тошқини, бир чеккасида боғу роғлар гуллаган? Унинг миясида саволлар шу қадар қалашиб ётардики, уларга бирма-бир жавоб топишга ақли ҳам, шу ёшга қадар тўплаган тафаккури ҳам ожиз эди. Аллоҳнинг мавжудлиги тўғрисидаги диний қарашлар кўпинча унга илмий талқинлардан устун эмасдек таассурот уйғотарди. Материя бирламчи, онг иккиламчи, деган тушунча ҳам шу туфайли вужудга келган шекилли…. Икки кун илгари у мактабдан қайтар, қош қорайиб қолганди, қиш аввалида кунлар қисқара бошлайди, кишилар совуқдан ижирғаниб, шом чўкиши билан бошпаналарига кириб кетишади. Муборак ҳали муз қотиб улгурмаган гузардан кетиб бораркан, вужудида одатдаги бамайлихотирлик ҳукмрон эди. Бу йўллардан ҳар куни, ҳар кеч юради, кундуз қандай бўлса, кечаси ҳам шундай, фақат қоронғилик, ўзингни қўлга ололсанг бўлди, ҳеч ким сени кузатаётгани йўқ. Аёл тикка йўлга чиқиб олгач, қадамини тезлатди, йўқ, сукунат ёки зимистонликдан заррача ҳам чўчимасди, барча қишлоқ аёлларига хос фидойилик, жонсараклик уни уйига шоширмоқда эди. У палтосининг тугмаларини ечди, икки кифтини нимадир босиб турганини ҳисобга олмаганда, руҳи енгил эди. Кўчанинг икки томонида ҳам тут дарахтлари савлат тўкиб турибди. Бирдан қаршисида қоп-қора кўппак пайдо бўлди, ит аввал ириллаб, унинг сумкасини ялади. Муборак ҳимоя истаб, қочишга ҳаракат қилди. Аммо жонвор чаққонлик қилиб, унинг олдидан кесиб чиқди ва бехосдан тун сукунатини бузиб, устма-уст ҳурди. Муборак қалтирар, оёқларидан мадор кетган, кўзлари ҳам нурсизлангандек теварак-атрофни илла-базўр илғарди. Важоҳатли ит, тилсиз, ҳиссиз дарахтлар ва чўзилиб кетган йўл, бошқа ҳеч вақо йўқ. Қичқириш бефойда, ана лаънати итнинг кўзлари шунчалик қаҳрга тўлиб ёниб турибдики, қўйиб берса уни ғажигудай. «Ё, Худо, ўзинг асра!» деб такрорлади ичида у, шу дафъада кўзига ҳеч нарса кўринмасди. Ўзини умр бўйи ўйлантириб келаётган саволларга шу тобда негадир жавоблар қуйилиб келаётгандек эди. Бўридек уни ғажишга тайёр турган махлуқотдан қутулиб олса бўлгани. «Ўтир, ўтир, ўтирсанг-чи!» дерди унга ички бир нидо баралла, шунда хаёлига ит ташланганда шартта ерга ўтириш керак, деган оқилона ўй келди. Юраги қинидан чиққудек урар, ит эса унга қараб тўхтовсиз ҳурар, афтидан ўтиргани учун унга ҳамла қилишга ботинолмаётгандек эди. Ўлжанинг кутилмаганда ерга ялпайиб ўтириши ҳам итнинг унини ўчиролмади. Муборак бир неча дақиқа жойидан қимирламади, махлуқ энди ҳуришни бас қилиб, ириллаб унинг теграсида айланар, кийимларини искарди, бинобарин, ҳужумнинг чекиниши учун имкон яратилганди. Агар шу тобда мотоцикл товуши эшитилмаганида, ит ҳали-вери унинг ёнидан жиладиган эмасди. Рулдаги одам улардан уч ҳовли нарида яшайдиган Фахри монтёр экан, уни орқасига мингаштириб олди ва уйигача элтиб қўйди. «Худонинг ўзи асрабди, тишлаб олганда нима қилардингиз, эртагаёқ етти чўзма қилиб, ўқитиб юборинг» деди у хайрлашаётиб. Муборак ўша кеч ухлолмади, худога шак келтиришингнинг оқибати бу, деб баттар асабига теккан эрига тескари ётиб олди. Фаҳмича, эри бу ёрти ҳазили билан иккаласи орасидаги баъзи келишмовчиликларни бартараф этмоқчи эди, аксинча бўлди. Муборак бу кўнгилсизликнинг худога сира ҳам дахли йўқ, деб баланддан келдию, ўйланиб қолди. Наҳотки, қора итни худо унга даҳрийлиги учун жазолаш мақсадида юборган бўлса, ақл бовар қилмайдиган гап. Дайдиб юрган ит, шунчаки йўлиқиб қолди, буни наҳотки худонинг ёзуғи деб баҳолаш мумкин бўлса? Аёл кўнгилсиз воқеа таъсиротидан ўзини халос этолмас, айни пайтда буни Аллоҳ раво кўрган тақдир кўргулиги деб баҳолаш эриш туюлмоқда эди. Кимларнингдир ҳаддан ташқари тақводорлиги ва бундай одамларга дуч келганда уларнинг ҳамма нарсани кўргувчи ва билгувчи зот борлиги тўғрисидаги қатъий эътирофларидан Муборак ҳеч қачон ҳайратланмас эди…. Талабалик йилларида бир курсдоши билан худди шу мавзу устида тортишиб, терс бўлиб қолганди. Наманганлик бу қиз ҳаддан ташқари художўй бўлиб, овқатланишдан аввал, ётиш олдидан, хуллас, оддий ҳаракатларда ҳам «бисмиллоҳир раҳмонир раҳим»деган сўзни айтишдан эринмас, имтиҳон ёки синовга киришда «Худо, ўзинг мададкор бўл!» деб илтижо қилар, бундан худди ўзига ғайрат-шижоат олгандек бўларди. Қизнинг тангри-таолога сиғиниши ўткинчи ёки расмий бўлмай, ҳеч вақт унутилмайдиган, ҳамма нарсага қодирлик тўғрисидаги фикр ва туйғуга асосланган эди. У муроди ҳосил бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, онгию шуурига маҳкам ўрнашиб олган ўша эътиқод таъсиридан чиқа олмасди. Муборак у билан битта хонага тушиб қолгани боис дастлаб унинг хатти-ҳаракатларига кўниколмай, ёшгина қизнинг бор-йўқлиги номаълум бўлган парвардигор азму иродаси қаршисида тиз чўкмоққа ҳам тайёр эканлигидан ажабланиб юрди. Курсдоши буни сезарди, бир куни сўраб қолди: «Нима, Муборак, сиз Худога ишонмайсизми? «. «Йўқ» деди у узил-кесил. «Астағфурулло денг, худога ширк келтирманг. Агар тепангизда яратган эгам амр бериб турмаса, ер юзида ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетишини тасаввур қиласизми? Ўзингиз ўйланг, ахир сиз, биз, ер, сув, осмон, дарахтлар, борингки, ўн саккиз минг олам унинг амру фармонисиз қандай мувозанат сақлайди, қандай бошқарилади? Агар Тангри-таолло бўлмаса, сиз билан биз бу ёруғ оламда юрармидик?» деди курсдоши куйиб-пишиб ўз фалсафасини тўкиб солар экан. Муборак бу қизнинг мушоҳадасини инкор этмади, аммо ўз фикрида собит қолаверди ва қачонлардир физикада кашф этилган бутун олам тортишиш қонунига боғлаб, илоҳий кучнинг йўқлигини, фақат у кўзга кўринмас бир шарпа сифатидагина мавжудлигини исботлаб бераркан, Ижобатни биргина савол билан мот қилишга муваффақ бўлди: «Сиз институтни тамомлаб, ўқувчиларга художўйликдан таълим бермоқчимисиз?» Ижобат индамади, аммо бу унинг Муборакка енгилганидан далолат бермасди. Муборак унчалик кўп давом этмаган таҳсил йилларини Ижобатнинг ўша гапларини гоҳ тан олгандек, гоҳ рад этгандек ўтказди. «Ҳали бошингизга бирор кўргулик тушсин, Худога ишонганингизни сезмай ҳам қоласиз. Ишонмайдиган одамни биринчи кўришим!» дерди у ҳар гал Муборакка дуч келганида. Аввалдан башорат қилинган кўнгилсизлик қачондир рўй бериши мумкин, буни рад этиш қийин. Бундан уч йил муқаддам отаси тўсатдан вафот этди, на оғриб ётди, на ташқаридан бирор таъсир бўлди, сабаби қоронғи. Қўни-қўшни ва қавм-қариндошлар «Худо юборган ажал-да, қўлимиздан нима ҳам келарди, осий бандалар бўлсак» деб ҳамдардлик билдиришди. Тасодифий ўлим Муборакка ғайри-табиий бўлиб туюлар, олий даргоҳда онгига обдон сингдирилган сабабсиз ҳеч қандай оқибатнинг бўлиши мумкин эмаслиги хусусидаги илмий тушунчалар миясида чарх ураверарди. Ҳеч қандай сабабсиз бу дунёдан кўз юмиш мумкинми, бу — ақлга, мантиққа сиғмайдиган гап. Балки отасида қон босими бирдан хуруж қилгандиру, ўтиб кетади деб эътибор бермаганмикан? Хўш, Худога отасининг ширин жони нимага керак, у раҳм-шафқатли, марҳаматини дариғ тутмайдиган зот дейлик, нега қўйдай юввош бандаи-мўминнинг умрига човут солади? Ҳаётнинг ёзилмаган қонуни — ўлимга дуч келганда зиёлилар ҳам боши эгик туриши, Яратган эртадир-кечдир бандаларининг умрига якун ясашини Муборак отасини сўнгги манзилга кузатар чоғда чуқурроқ англаганди. Институтни тамомлаган ёшгина мутахассис мактаб муҳитига кўникиб, ягона илоҳий зот фалакнинг одамзотга кўринмас қаватида амру фармон бериб туришини катта-кичик давраларда эшитар, аммо буни ҳақиқат деб тан олишга ҳамон иккиланарди. Муаллимлардан бирининг ўғли олти ёшдан ошишига қарамай тили чиқмаганлигини ҳам яратганнинг кўргулиги деб билишарди улар. Айниқса, ўша ўқитувчи ич-ичидан эзилар, ҳар қадамда Аллоҳга ишониб қолганини таъкидлар, наҳотки, боламнинг пешонасига гунглик балоси ёзилган бўлса, дея изтиробини ҳаммага ошкор этарди. Чиндан ҳам буни тангрининг азму иродасига йўяётган ҳамкасбларини рад этгулик жўяли фикрга эга эмаслигидан Муборак қийналарди, баҳслашмагани маъқул, эҳтимол улар чиндан ҳам ҳақдирлар… Курсдоши Ижобат айтган ўша кўргулик Комил муаллимнинг бошига тушганини, бу эса уни руҳан ожиз ва мағлуб қилиб қўйганини баъзан тан олар, баъзан тан олмас эди. Ҳамкасби зиёлилигига бориб, шўрлик ўғлини аввал дўхтирларга кўрсатди, туғма гунгни даволашга врачларнинг салоҳияти етишмаслиги ҳақида муаллим ўйлаб ҳам кўрмаган. «Чиқмаган жондан умид» дея аламзада ота мулла-эшонлардан нажот сўрарди. Афсуски, улар ҳам болага тил ато этишолмасди. Муборак бегуноҳ ва норасида гўдаккинанинг аҳволи-руҳиясидан таъсирланган кўйи Аллоҳга ишонишига бир баҳя қолган ҳолатга ҳам тушди, лекин миясининг иккинчи томонида чарх ураётган буни кескин рад этувчи тушунчани барибир енга олмади. Оламнинг англаб бўлмас сирлари кўп, инсон боласи ҳеч вақт бу синоатнинг тагига ета олмайди. Фанда худо йўқ, деб жар солувчилар қанчалик кўп бўлмасин, бунга зид равишда унинг яккаҳокимлигини ёқловчилар ҳам оз эмас. Аслида илоҳий куч саналмиш худо фалакиётда бутун оламни ўз изми билан бошқараётгандек тасаввур уйғонишига сабаб ўша тақводорларнинг осмонда ердагидан фарқлироқ ҳаёт кечишини билмаслиги эмасмикан? Фан осмон жисмлари ўртасида ўзаро ҳаракат бирлиги ҳукм суришини аллақачон исботлаган. Қор, ёмғир, дўл ўз-ўзидан эмас, балки табиат ҳодисаларининг бир-бирига боғлиқлигидан ёғмасмикан? Eл йўқолса ҳам қаъдаси йўқолмайди, одамларнинг турмуш тарзига сингиб кетган урф-одатларга бўйсунмасликнинг мутлақо имкони йўқ, қишлоқ аҳлидан ажралиб юриш хосиятли эмас, бинобарин, маломатга қолмаслик керак, деган ўй Муборакни аҳён-аҳёнда безовта этарди. Эл билан эллашиб, тиллашиб, диллашиб яшамасанг бўлмайди. Муаллима кўпроқ мактабда — ўқувчилар даврасидагина ўзини эркин тутар, уларга Аллоҳ-таоло ибтидоий жамоа тузуми даврида қашшоқ ва ночор, бечораҳол қабилалар томонидан ўйлаб топилган илоҳият эканини уқдиришга уринар, баъзан ўзини бу қадар қийноққа солаётган тушунчанинг қули бўлиб қолаётганидан таажжубга тушарди. Болалар ҳам қизиқ ҳикоя ёки эртак тинглаётгандек унинг нутқига қулоқ осишарди. Чақмоқ чақиши, момоқалдироқ гумбурлаши, ер силкиниши, дунёнинг қайсидир қитъасида ёнғин ёки сув тошқини рўй бериши, машина ёки самолётларнинг ҳалокатга учраши инсоннинг аллақандай гуноҳлари учун парвардигор томонидан юборилган жазо эмаслигини, аксинча ер, юлдуз, осмон, сунъий йўлдошлар ўзидаги ортиқча энергияни вақти-вақти билан чақмоқ ва турлича фалокатлар кўринишида чиқариб туришини ўқувчилар ҳайратга кўмилиб тинглашарди. Муаллима яна шундай давом этарди: «Энергия йўқдан бор бўлмайди, бордан йўқ бўлмайди, фақат бир турдан бошқасига айланади, бу табиат қонуни бўлиб, ҳеч қандай илоҳий куч уни ўзгартира олмайди». Тўпори ва довдир, сипо ва содда қишлоқ болаларини ўқитиш пешонасига ёзилганидан шукр қилмай бўладими? Талабалигида амалиётни шаҳар мактабларида ўтказишга тўғри келар, шаҳарлик мардумчаларнинг ўзбошимчалигига бас келиб бўлмасди. Уларнинг айримлари очиқдан очиқ худога ишонишар, бўлғувси ўқитувчининг бу мавзуга муносабатини билиш учун саволларга кўмиб ташлашарди. Муборак ўнғайсизланар, ўнлаб жуфт кўзлар қаршисида бебурд ва обрўсиз бўлиб қолишидан хавфсирар, илоҳий кучнинг йўқлиги тўғрисидаги илмий таълимотни батафсил тўкиб солар, кечалари мижжа қоқмай қалин китобларни варақлаб чиқиш эвазига ҳосил бўлган мағизли фикрларни ўқувчиларга тортиқ этарди. У уч йил мобайнида амалиётни шу тариқа ўтказди, тенгқурлари ўқувчи ва ўқитувчи орасида вужудга келиши мумкин бўлган турли зиддиятлар ҳақида гапиришар экан, унда айнан шу масалада тортишув рўй беришини курсдошларидан сир тутишга мажбур эди. Хайриятки, бу йиллар кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Муборак ғала-ғовур шаҳри азимни тарк этиб, киндик қони томган юртга қайтиб келганида, бир ҳолатдан ниҳоятда ажабланди: шаҳар фан, маданият, санъат тараққий этган, яъни тараққиёт авж олган макон бўлишига қарамай, яратганга сиғинувчилар кўпроқ экан. Қишлоқ одамлари онгида ҳам эҳтимол, Аллоҳга сиғиниш у ўйлаган даражадан зиёддир, ҳар нечук бу масалада уларни айблаш керак эмас, негаки бу ерда маърифат маскани сифатида биргина мактаб, нари борса, кутубхона ишлайди. Ҳашаматли кинотеатр ёки музей, соя-салқин истироҳат боғлари аҳоли истиқомат қиладиган гавжум шаҳарларга хос. Агар олтмиш олтинчи йилда пойтахти азимда табиий офат — зилзила рўй бермаганида, тўридан гўри яқин қарияларгина Аллоҳдан ўзларига умр сўраб ёлворишарди, бу аниқ. Ижобат айтганидек, кутилмаган, хаёлга келмаган мусибат кўпнинг бошига шўри-ғавғо солиб, илоҳиётга ишонтириб қўяди. Олимларнинг таъкидлашича, табиатдаги бундай фавқулодда ҳодисалар ҳар ўн бир, ўттиз беш, қирқ бир, тўқсон саккиз ва ниҳоят етти юз эллик йилда такрорланиб тураркан, буни фанда айланиш қонуниятлари дейишади. Улкан шаҳарда табиатнинг бу хуружи ўз-ўзидан содир бўлмаган, табиий офат қандайдир қонуниятлар билан чамбарчас боғлиқ, ҳа, худди шундай. Муборак инсон руҳиятининг кўп нарсага қодирлигини, воқеликдан олинган таассурот даставвал бир сидра кўнгилдан кечишини оддий ҳақиқат деб билар, очиғини айтганда, ўйлаш, фикрлаш, таъсирланиш каби ҳолатлар ҳам бизга парвардигор томонидан ато этилган қобилият дегувчиларни рад этишга тайёр эди. Ахир инсон ўз онги, ақлу тафаккури билан оламни англайди-ку? Қандай қилиб уни Аллоҳ бошқарсин? Айримларнинг фикрича, одамнинг танаси Аллоҳ томонидан қурилган иморат эмиш. Бунга ақл бовар қилмайди, ахир ҳар бир инсонни отаси, онаси яратади-ку? Ҳаётнинг тасодифга тўлалигини қаранг, қаердан ҳам қора ит унга йўлиқа қолди? Шифохонада ётиб даволанишини мажбур қилиб қўйган дўхтирлар билан баҳс бойлашиши фойда бермаяпти. Уларнинг фикрича, Муборакка ташланган ит қутурган бўлиши ҳам мумкин экан. Унга ташхис қўйиб, бир неча кунлик муолажани буюрган дўхтир афсусланганнамо бош чайқаб шундай деди: — Аёл бошингиз билан тунда нега ёлғиз юрибсиз, ҳайронман! Яхшиям тишлаб олмабди, худо бир асрабди сизни. — Зарилликка юрганман-да, дўхтир! Бу воқеанинг худога нима алоқаси бор? — Жуда алоқаси бор-да, синглим. Яратгандан беамр бировнинг оёғига ёки қўлига тикон кирмайди. ҳаммамизам яратганнинг осий бандаларимиз. Бизга институтда худо йўқ, деб таълим беришган, лекин мен юз фоиз худога ишонаман. Яхши ишимизнинг мукофоти, номақбул ишимизнинг жазоси бор. Ҳар қалай ўн саккиз минг оламни яратишга сизу биз ожизмиз! — Ахир табиат ҳам яратувчи-ку, наҳотки ер, сув, тоғу тошлар худонинг амри билан вужудга келган, десангиз. — Бўлмасам-чи, худди шундай, Муборакхон. Сиз ғирт атеист экансиз-ку, бунчалик ҳам бўлманг. — Иккиланиб юргандан кўра ё ишониш, ё ишонмаслик керак. — Тўғри, демак сиз ишонмайдиганлар хилидан экансиз-да, мен эса аксинча… Э, қойил, умрим бино бўлиб, сиздай қатъий фикрли одамга биринчи маротаба дуч келишим, худди европаликларга ўхшайсиз-а, ваҳоланки сиз фан доктори ёки катта амалдор эмассиз, оддийгина муаллима… ҳайронман! — Нима қипти, одам ўз фикри билан яшаши керак! — Ҳар кимнинг ўз фикри борликка бор-а… — дўхтир суҳбатдошига синчковлик билан тикилиб, унинг фикрини тасдиқласа-да, гапининг давомини айтолмай тўхтаб қолди. — Ниманидир айтолмаяпсиз… — Сиз билан баҳс бойлашишнинг фойдаси йўқ экан! — Мен нечта укол олишим керак? — Киндигингиздан қирқта укол оласиз, чидашга мажбурсиз, акс ҳолда… — Акс ҳолда қутуриб кетишингиз эҳтимолдан холи эмас, демоқчисиз. — Худо асрасин! Муборак қаршисида туриб валломатлик қилаётган шифокорнинг сўнгги сўзига жавобан ҳеч нима деёлмади. Дўхтирнинг оқ-сариққа мойил юзида хавотирга асос бўладиган ифода акс этди. Битта-ярим оқ оралаган қуюқ, қора қошлари пир-пир учди, пастки лабини бармоқлари билан ушлаб, нигоҳини Муборакдан олиб қочди. — Тинчланинг, биз кучукнинг сизга ўтиб улгурган микробларини аллақачон даф қилдик, ҳар қалай қутурмаган ит бўлсин-да. Агар жуда кўнглингиз хижил бўлса, Балиқчи ота зиёратгоҳига боринг-да, назр-ниёз дегандек… Ит қопганлар, фарзанд кўрмаётганлар, бедаво дардга чалинганлар, хуллас, гуноҳкор бандалар ўша ерга бориб, худо йўлига назр-ниёз аташади. Эскичага ишонмасангиз ишонманг, лекин бундан ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайсиз! Палата шифокори яна нималар деди, Муборак эшитмади, тўғрироғи, буни истамай, қулоқларини қўллари билан бекитиб, чойшабни устига тортиб олди. Бу қандай ҳолат, адоғи, чеки-чегараси йўқ саволларга жавоб топиш мумкинми ўзи?…
Масжид биноси бу ердан — мактабнинг орқа томонидаги катта тош йўлдан аниқ кўринарди. Нақшиндор устунлардан ёғилган ёрқин жилолар бу гўшада сирли ва илоҳий муҳит ҳукм сураётганидан далолат беради, тип-тиниқ чашма ва ундаги катта-кичик балиқлар жозибадор туюлмоқда эди, яланғоч дарахтлар совуқда ғарибгина бўлиб кўзга ташланади. Симтўсиқдан сал нарироқда сукунатга чўмган қабристон ястаниб ётар, унда-бунда ёдгорлик лавҳалари ўрнатилгани кишига қандайдир хотиржамлик бахш этарди. Қор барханлари орасига яширинган майсалар кўзни қанчалик қувонтирмасин, очиқ қабрлар кишини шунчалик ваҳимага соларди. Бежиримгина мўйналик палтодаги аёл масжидга оёғи тортмайроқ кетиб борар, агар у шу тобда муқаддас зиёратгоҳга нима учун кетаётганини хаёлидан ўтказмаганида, ҳадиксираши ҳали замон чекинмасди. Аёл кўзларини оҳиста юмди, қора ит худди ёнгинасида изма-из юргандек ён-верига қаради, хаёлида жонланган экан. Шу атрофдаги хонадон болалари ҳали у масжидга элтувчи ёлғизоёқ йўлда кўриниши биланоқ ажабсиниб қараб туришарди. Афтидан, улар кўҳликкина аёлнинг бу жойга қадам ранжида этишидан ажабланишмоқда. Кўк чопони устидан белбоғ ўраган қотма киши — қоровул шекилли, белкурак билан масжид ҳовлисидаги қотиб қолган музни ўярди. — Э, қизим-ей, сенга қайси бемазанинг ити ташланиб юрибди, — қоровул унинг арзини тинглаб, афсус билан бош чайқади. — Қутурганмикан, деб гумонсираяпсан-да, бўлиши мумкин. Қайси йили қишлоғимизда бир хотин тўйдан қайтаётса, саёқ ит унга қараб ҳурибди. Шўрлик қўрқиб кетибди, ит баттар қувармиш. Шунда аёл ит қувганда бирдан ўтириш керак, деган ақидани эслаб ўтириб олибди. Кучук уни искаб-искаб нари кетибди, Балиқчи отага келиб, кийим-кечакларини назрига қўшиб, худо йўлига ташлаб кетди, ҳеч бало қилмади. Эгнидаги қимматбаҳо палтосини, ичидаги кийимларини бу ерга ташласа, қандай кетади? Қанча назр олса олсин, лекин кийимларига кўз олайтиришгани нимаси, қишнинг ўртаси бўлса, бунинг устига пальтоси қимматбаҳо. Чол уни анойи деб ўйлаяпти шекилли, керак бўлса, у оладиган назрлар ҳеч қандай худо йўлига ташланмаслигини, аксинча, юлғичликнинг бир тури эканлигини исботлаб беради. — Ота, бу… эгнимдаги кийимларимни ташласам, қандай кетаман? Ахир пул берсам бўлмайдими? — деди Муборак ботинмайроқ. У қоровулдан тасдиқловчи жавоб эшитарман деб ўйлади, чолнинг юзида истиҳола ёки андиша сезилмади. — Ит искаган кийимларни кийишни ўзингга эп кўрасанми, қизим? Ахир қутуриш балосидан омон қолганингнинг ўзи бахт-ку, худо кўрсатмасин, қутуриб кетсанг, кийимнинг сенга нима кераги бор? Муборак Балиқчи отага ўзини етаклаб келган қўрқув туйғусининг мумкин қадар тезроқ даф бўлишини истар эди, шу лаҳзада бу алағдалик уни ўзига буткул оғдириб олди. Бу олатасир туйғудан батамом қутулишни истаган сайин акси бўлаяпти. Қора ит юрганда, турганда ва ухлаганда ҳам уни тинч қўймас, кўз ўнгида ириллар, овлоқ ва кимсасиз жойда танасини бурда-бурда қиладигандек дамба-дам сесканиб кетарди. Зиёратгоҳ қоровули ҳозирча пул билан қаноатланадиган бўлди, аммо эртагаёқ итнинг тумшуғи теккан кийими борми, буюми борми, қутурмаслиги учун оқ латта илинган салқи дорга осиб кетишини уқдирди. Муборак эртага яна масжидга келишини ўйлаб, негадир кўнгли ёришиш ўрнига хижил тортди, қора ит ҳамон ўзини таъқиб этаётгандек атрофга аланг-жаланг қаради. Аёл ўзидаги бу оний ҳолат аввалгиларидан энди кескин фарқ қилаётганини англагандек бўлди… Чор-тараф оппоқ қор қўйнида, қир-адирлар ортидан тобора баландлаётган офтобга қаролмай аёлнинг кўзлари қамашди… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|