— «Мен келажакни кўра олиш қобилиятимга осонликча эришмаганман, — дейди магаданлик Надя Северцова. — Худога шукрки, ҳозир одамнинг келгуси тақдирини айтиб бера оламан. Аммо билиб қўйинг, қисматдан ҳеч ким барибир устун кела олмайди…»
МУРДАЛАР ВАГОНИ
Башоратчилик деган нарса билан Надя болалигида тўқнаш келганди. Улар оилалари билан онасининг дугонасини Хабаровскка кузатиш учун вокзалга чиқишди. Шунда бувиси Ирина хола меҳмондан сўраб қолди:
— Қизим, чиптангиз нечанчи вагонга экан?
— Бешинчи вагон, холажон!
— Вой, тез алмаштиринг, югуринг, алмаштиринг вақт ўтмасдан!..
Надянинг дадаси тезлик билан чиптани бошқа вагонга алмаштириб келди.
Ҳеч қанча ўтмай, Хабаровскдан Миланинг, яъни, жўнаб кетган меҳмоннинг милиционер эри қўнғироқ қилди.
— Сизлар қаердан билгандиларинг кўнгилсизлик юз беришини?
— Нима бўлди?
— Бешинчи вагонда келган одамлар пастга тушишлари билан ўзларидан-ўзлари ўлиб қолаверишибди. Биттаси ресторанда ўтириб, бошқаси йўлда кетаётиб… Яхшиям хотинимни бошқа вагонга ўтказиб қўйибсизлар…
Ҳақиқатан бешинчи вагонда кетганларнинг жуда кўп қисми турли кўнгилсизликлар, жуда бўлмаганда соғлиғи бирдан ёмонлашгани сабабли ўлиб қолаверганини телевизор орқали ҳам айтишди.
Уч-тўрт кундан сўнг Ирина холанинг олдига милитсия ходимлари келиб уни сўроқ қила кетишди.
— Хўш, нима сабабдан меҳмонингизнинг чиптасини алмаштирдингиз? Бундай ҳодисалар содир бўлишини қаердан билгандингиз?
— Болам, — деди Ирина хола. — мен баъзида башоратчилик қилиб тураман. Бор-йўғи шу…
РУС РУЛЕТКАСИ
Надя тоғаси Геннадийни бир мартагина кўрган. Ўшанда ўн беш яшар эди. Тоғаси машинада келиб қолди. Эгнида қимматбаҳо костюм, бармоқлари, оғзи тўла тилла тиш. У кирибоқ Надянинг отасига уқтира кетди.
— Ака, келинг, шу қашшоқ ҳаётингиздан воз кечинг! Мен билан юринг, тез орада бойиб кетасиз.
— Йўқ, — ўртага Ирина хола тушди. — мен болаларимни бундай ҳаром ишларга ўргатмагандим. Битта сенгина йўлдан оздинг, бола!.. Аканг бормайди…
Надя кейинроқ билдики, тоғаси Геннадийда ҳам башоратчилик қобилияти бор экан. У казинога қатнар, уерда қачон ютишини, қачон ютқазиб қўйишини-ю, ўзи истаб қолган вақтда қайси қарта қўлига келиб тушишигача билиб тураркан…
Афсус узоққа бормади. Бир куни катта пул ютиб олди-ю, балога қолди. Ютқазган одамлар тўпланиб уни йўлда кетаётганда сўйиб ташлашди.
ХУДО БЕРГАН НЕЪМАТ
Надя йигирмага кирганида ўзида башоратчилик белгиларини сеза бошлади. Ҳаммаси оддий нарсадан бошланди. Надя уйларидаги кимдир совға қилган мушукчанинг келажагини айтиб берди. Буни эшитган бувиси Ирина хола дарров Надяни олдига чақирди.
— Бир нарсани эсингда тут, қизим! — деди у. — Биринчидан, совға қилинган буюмни ҳеч қачон бировга сотма, иккинчидан, мақтанма! Чунки башоратчилик бизларни ҳеч қачонеттинчи осмонга олиб чиқиб қўёлмайди. Сирингни ҳеч кимга айтма! Яна шуни эсингда сақлагинки, биз ўзимизнинг келажагимизни ўзимиз кўра олмаймиз. Фақат бегоналарникинигина кўрамиз…
Кўнгилсизлик бир йилдан сўнг юз берди. Қўшнилар Надяларникида ўтириб овқатланишганди. Эртасига уч яшар қизлари кутилмаганда қуса бошлади. Иситмаси кўтарилди. Отаси касалхонага олиб кетди. Лекинетиб бора олмади. Қизча йўлда жон берди. Ғазабига чидай олмаган ота Надяларнинг ҳовлисига чопиб кирди.
— Сен ярамас келажакни кўра олардинг-ку! — бақирди эркак Ирина холага. — Нимага айтмадинг?
Бу вақтда кампир каравотида ёнбошлаб ётарди. Қўшнининг гапини эшитиб бирдан ўзини ёмон ҳис қилди ва бир неча сония ичида оламдан ўтди…
Кейин маълум бўлдики, Ирина хола ҳам ўша қизчага ўхшаб овқатдан заҳарланган экан-у, ҳеч кимга билдирмай ётган экан.
Ҳа, Ирина хола қизчанинг келажагини атайин айтмаганди. Ўз ўлимидан хабар топиб қолишларини истамаганди…
Шундан бери Надя жуда эҳтиёткорлик билан иш кўради. Агар одамни хавф кутаётгани кўзларига кўринса, бу нарсани юмшоқ йўллар қидирган ҳолда тушунтиради. Аммо шуни ҳам яхши биладики, агар пешонада ўлиш ёзилган бўлса, башоратчи ҳам у кимсага ёрдам бера олмайди.