Ватандан олисда , ўзга юртда, қамоқ панжаралари ортида қанча йилларим ўтди. Эссиз! Қимматли умримни жуда арзон бир ҳавасга алмаштирибман. Неча йилдирки нуқсонли ҳаёт йўлимни ўйлаб, ўтган умримга ачиниб юрак бағрим эзилади . Бу ерда ўтган ҳар лаҳза минг йилларга тенг бўлсада, калтакларга ва жазоларга кўникиб сабр қилишдан ўзга чора йўқ. Зеро, оғир жиноятчилар сақланаётган колониялардаги ҳаёт ҳам оғир бўлади.
Бу ерда она юртимни бир бора кўрмок иштиёқида, бир ҳовуч тупроғининг тафтини ҳис қилиш илинжида яшамоқдаман.
Бу шунчалар улуғ истакки, ҳатто тушларимда юртим жамолини кўришга, уни ҳис қилишга уринаман.
Аслида шу тушларимдаги ҳисларим мени ҳаётга боғлаб турувчи бир арқондир.
Энг оғир кунларда ҳам мени яшашга шу туйғу ундаб турар балки…
Бугун ҳам юртимни туш кўрибман. Фасли баҳор эмиш … Тоғ-ён бағридаги адирлар ям-яшил либосга бурканган . Баланд тоғ чўққилари ҳали қор қўйнида худди ухлаётгандек гуё .
Майин эсган шаббода майсаларни тебратиб уйқудан уйғотар, шабнам томчилари ила юзларини юварди .
Қуёш заррин нурларини сочиб оламга жило бермоққа шай турибди. Кичик ариқдан эриган қор сувлари шошиб, тошдан-тошга урилиб, жўшқинлик куйини чалиб пастлик томон илдамлар, гоҳида сакраб-сакраб ариқ лабларини сийлаб, бўсалар оларди гўё. Сайроқи қушларнинг иштиёқ билан сайрашидан кўнгил барча ғуборлардан халос бўлиб, тенги йўқ туйғу ила ажиб бир ифорни дилга жо айлайди. Бу манзара менинг ҳам ҳиссиётларимни жунбушга келтириб, жиловини узиб, оппоқ булутлар узра мовий самода сузиб юргандек…
Шундай ширин хаёллар оғушида , болаларни бир-биринини қувлашиб , ўзаро айтилган шўх-шодон чақириқларию ва тонгда мудраб, эриниб тепалик сари туртиниб- суртиниб келаётган қўйларнинг дупир-дупирлари чалғитиб юборди.
…Ичимни нимадир узиб яна йўтала бошладим. Ёнбошлаб, тираниб турганча дастрўмолимни оғзимга тутдим. Беш-ўн марта силтаб – силтаб йўталим тўхтади. Йўтал зарбидан сапчиб – сапчиб, хонани бошимга кўтарганимда хонадаги шерикларим онда-сонда бош кўтариб қараб қўяди холос .
Бу қамоқхонада менга ўхшаганлар жуда кўп, шунинг учун кўпчилик бу ҳолатга эътибор ҳам бермайди.
Фақат бироз ачиниш ҳисси, тўғрироғи, эртага ўзининг бошига ҳам шундай кунлар тушишидан ҳадик аралаш ички сезги ила нигоҳ ташлаб қўярди .
…Ҳарбий хизматни ўтаб уйга борганимда отам қанчалик хурсанд бўлганди. Халққа ош бериб, базм уюштириб берганди ўшанда.
Онам бўлса қувончдан дам йиғлаб, дам кулиб атрофимда парвона бўлар, меҳмонларга андармон бўлиб елиб-югуриб хизмат қиларди.
Кеча якунида отам сўзга чиқиб, кўз ёшларини яширолмасдан:
– Мана Жасурбек ўғлим бағримизга аскарлик бурчини ўтаб қайтди! Пахлавондек йигит бўлибди . Энди юрт хизматини қилиб , ёнимизда бўлади . Ҳамқишлоқларим!
Кейинги сафар никоҳ тўйига келасизлар. Бизни қувончли кунларимиз сизларники, -деб ғурур билан гапирганди.
Орадан бир ҳафта ўтиб мен Россияга ишлаб пул топиб келаман деб қатъий туриб олдим. Қишлоқда қолсам, худди дунёдан орқада қолиб кетаётгандек, умрим шу тоғлар орасида беҳуда ўтиб кетаётгандек, ўзга юртга ошиқардим.
Ота-онамнинг тушунтиришлари, насиҳатлари ҳам кор қилмади. Синглим ва укамни қанча зорланишига қарамасдан уйдан чиқиб ўзим хизмат килган Россиянинг Сибирь тарафларига келдим .
Бу ерларга келганимда, ҳали октябрь ойи бўлишига қарамасдан ҳамма ёқ оппок қорга бурканган эди .
Узоқ юрилган йўл ўз кучини кўрсатди. Тезроқ бир бошпана топиб, мириқиб дам олиш, йўл чарчоқларини чиқариш илинжида бирга хизмат қилган Василийнинг (Вася) уйини қидириб топдим . Ҳартугул, Вася мени илиқ қарши олди. У билан кўришиб, келишим сабабини тушунтирган бўлдим. Суҳбат якунида у билан биргаликда ишлашга келишиб олдик. Эртасига Вася билан Сергей амакисининг ёнига бордик. Сергей амаки тадбиркор киши бўлиб, улгуржи олди-сотти билан шуғулларнаркан. Жияни Васяга ишонч билдириб иккаламизниям ишга олди .
Ишимиз ҳар хил юкларни қабул қилиш , жойлаштириш ва айтилган мижозга элтиб беришдан иборат эди.
Кўп ўтмай ишлар юришиб, қўлимизда жарақ-жарақ пул ўйнай бошлади.
Аммо қанчалик осон топсак, шунчалик осонлик билан совуриш одатимизга айланиб қолганди.
Бебошлигим, калтабинлигим, қолаверса фақат ўзимни ўйлашлигим сабаб кунлар, ойлар, йиллар ўтса ҳам бир маротаба бўлса-да уйга пул жўнатиш уёқда турсин, ҳатто бир энлик хат ёзмадим . Эҳҳ…!
Онам шўрлик қай аҳволда экан хозир… Кутавериб, йўлга термулиб кўз ёшлариям қолмагандир.., бадбахт ўғлини ўйлайвериб сочлариям оқаргандир.., бебурд ўғлига инсоф сураб қўллари дуодами ё… Қўни-қўшни, қовми-қариндошларнинг юзлаб отган изтеҳзо яширин «юпанч» тошларини қандай кўтариб юрибди экан.
Отам мени оқ қилгандир ҳойнаҳой… Чунки отам бир сўзли, қаттиққўл инсон.
Синглим, укам ҳам турмуш қуриб, фарзандларини катта қилиб, неварали ҳам бўлишгандир…
…Топган пулимни кўчага сарфлаб, кайф-сафо қилиб юравердим. Бу ҳам етмагандек, безори болалар тўдасига қўшилиб қолдим, улар билан қандай зулмкорлик бўлса ҳаммасини қилдим…
Бир куни дискотекада одатдагидек Вася бегона бола билан уришиб қолди. Жанжал кучайиб у болани шериклари тортқилади. Тарафкашлик бошланди. Кимдир Васяни бошига стол билан урди. Мен ҳам қараб турмадим, дуч келганини уравердим . Ахир шеригимни ҳимоя қилишим керак-ку. Жахлим кўзларимни кўр қилиб қўйганди. Улар ҳам бўш келмасди, кўпчилик бўлиб мени йиқитиб тепкилашга тушишди. Шунда қандай қилиб ёнимда олиб юрадиган пичоғимни қинидан суғуриб, иккитасини пичоқлаб ташлаганимни билмай қолдим. Ўзимга келганимда ҳамма қочиб кетган, икки бола ва Вася қора қонига беланган ҳолда полда ётарди. Кейин милиция келди . Жанжалга алоқаси бор хаммани қўлига кишан солиб олиб кетишди.
Суд булди. Мени қасддан икки одамни ўлдирганликда айблашди. 1990 йилнинг 10 майида 27 йилга қамалдим…
Мана, 25 йилдирки шу ердаман . Бетон деворлар сирдошим . Бу деворлар не-не маҳбусларни кўрмаган дейсиз. Қанча ўлимларга гувоҳлик қилган. Кимдир ўпка касали билан ўлса , кимдир оғир калтаклар азобини тортиб ўлади.
Бу ердан соғ чиққанлар жуда кам. Муддатини ўтаб чиқса-да, озодликда кўп яшолмайди . Сабаби қамоқхонанинг оғир асоратлари ҳар лаҳзада ўлимни чорлаб туради …
Колониядаги асосий ишимиз ўрмонда дарахт кесиш. Совуқдан оёқ-қўлларимиз музлаб қолса-да ишлайверамиз. Кечга яна тўрт девор орасида тун ўтади. Кеча кадрдон дўстим Юра шифохонадан қайтмади. Таъзиясини ўзимиз билганча хонада ўтказдик. Шифохонага кетмасидан олдин қамоқхона бошлиғи билан гаплашганди . Шунда у:
– Ўртоқ бошлиқ , менинг куним битиб қолган. Ҳаммасидан хабарингиз бор. Мени юртимга юборинг. Ўз юртимга бориб жон берсам армонда кетмасдим,- деб бошлиқни кўзига илтижоли қараганида, бошлиқ:
– Муддатинг тугагунча ўлигинг ҳам , тиригинг ҳам меники . Ҳеч қаерга рухсат йўқ, – деб хонасидан ҳайдаб чиқарган эди…
Янада ёлғизланиб қолгандек бўлдим. Чунки Юра қамоқхонадаги ягона сирдошим эди.
Қанчалар муқаддас Ватан соғинчи. Бир ҳовуч Она тупроғимни кафтимда эзиб, ҳавосидан тўйиб нафас олсам дейман.
Ёшлигимда от чоптириб юрган адирлардаги майсаларнинг ифорига тўйсам армоним қолмасди .
Шилдираб оқаётган сойда юзимни ювиб, қониб-қониб ичсам-у, шаббодада тебраниб турган райхонларни юзимга босиб ширин ҳидларини ҳис қилсам армоним қолмасди…
…Бемаҳал келган йўтал яна азоб берди . Ҳар силтаганда юрагимни узиб олай дейди. Жоним чиқиб кетадигандек бўлади. Оғзимни тўсган дастрўмол қизил қонга бўялади…
Йўқ, менда барибир умид бор. Қамоқхонадан чиқсам тўғри юртим томон ғизиллайман.
Фақат бир ўй тинчлик бермайди: «Етиб бора оламанми?!»
Азиз ўқувчим ! – Жасур бобо жазо муддатини охирги онларини турма шифохонасида ўтказди. 27-йиллик азоб – уқубатлардан оғир дардларни ўзига ҳамроҳ килиб олса-да, юрт соғинчи устун келиб ўзига чорларди . Озодликка чиқиб тўғри аэропортдан Ўзбекистонга учди . Жасур бобонинг кенг пешоналарини ажин босган , калта сочлари, қошларигача оқариб кетган. Кўзлари ичга ботган. Улар аламли ёшларга лиқ тўла. Юзларидан қон кочган. Лаблари қуруқшаб , озғин жуссаси энкайиб қолган.
Тошкент аэропортига келиб қўнган самолётдан кўзлари тўла ёш билан Жасур бобо аста пастга тушиб, она заминга оёқ босди. Улуғ бахтдан сармаст ҳолда таксига ўтирди.
Уйи томон таксида кетиб бораркан машина ойнасидан ажиб ифор юзига уриларди. Худди ҳаво етмаётгандек энтикиб-энтикиб нафас оларди. Худди тушларида кўрган ям-яшил адирлар ўзига тортдими, машинани тўхтаттирди. Пастга тушиб юзини майсаларга босиб узоқ ётди.
Тоқати тоқ бўлган ҳайдовчи эса Жасур бобонинг тепасига зарда аралаш келиб бор овозда бақирди. Бободан сас чиқмади. Баттар жаҳли чиқиб бобонинг елкасидан сиқимлаган кўйи чалқанчасига ағдарди. Шундагина…
Ҳайдовчи тушунди.
Ич-эти музлаб кетди.
Ҳа, Жасур бобо она заминга юзларини босганча жон берганди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|