Ёшлик — гўзаллик, кексалик — улуғлик даври. Навқирон инсоннинг организми ҳам ўзи каби бардам ва куч-қувватга тўла бўлади. У оғир таомларни ҳам бемалол ҳазм қилиши мумкин. Аммо киши кексайганда ўзи каби организми ҳам нозиклашиб боради. Шу боис ёши улуғ инсонлар учун енгил ҳазм бўладиган ва фойдали элементларга бой таомлар тавсия этилади.
Ўсимлик мойининг зарари
Ёш улғайганда ортиқча вазн орттирмаслик ва бошқа кўплаб хасталикларга дучор бўлмаслик учун имкони борича кундалик рационни қисқартириш лозим. Аммо таомларни қисқартириш баробарида рационни хилма-хиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Ҳеч қачон бирор-бир маҳсулотга ружу қўйиб қолмаслик зарур. Айрим ёши катта инсонлар ўзларидаги атеросклерозни муолажа қилиш мақсадида ўсимлик мойини ўз рационларига кўпроқ миқдорда киритишга ҳаракат қилишади.
Ўсимлик мойлари: кунгабоқар, маккажўхори, зайтун, ёнғоқ ва бошқалар ҳақиқатан ҳам антисклеротик таъсир кучига эга. Уларда липидлар (ёғли) алмашинувини таъминлайдиган яримтўйинган ёғ кислоталари миқдори катта. Бу кислоталар қондаги липидлар даражасини тушириб, организмдан холестеринни ҳайдаб чиқаради, томир деворларида йиғилиши мумкин бўлган холестерин қатламларига тўсқинлик қилади. Лекин мутахассислар ўсимлик мойини ҳаддан ошиқ истеъмол қилиш организмга худди у етишмаётган пайтдаги каби салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигни аниқлашди.
Маълум бўлишича, керагидан ортиқча егулик, яримтўйинмаган ёғ кислоталари қариш жараёнини тезлаштиришда фаол иштирок этади. Шунинг учун ҳам қари кишининг суткалик овқатланиш рационида ўсимлик мойи 25-30 граммдан ортиқ бўлмаслиги керак. Имкони борича рафинадланмаган мой олишга ҳаракат қилинг. Чунки унда холестеринга қарши лецитин бирикмаси мавжуд. Тозаланган (рафинадланган) мойларда эса улар бўлмайди.
Тухум емаслик керак
Шифокор сиздаги касаллик сабаб тавсия этган парҳезга кўра бирорта маҳсулотдан бутунлай воз кечиш ҳам нотўғри. Бир вақтлар «кексалар холестеринга бой бўлгани учун тухум емасликлари керак», деган назария илгари сурилганди. Аммо тадқиқотлар натижасига кўра, тухумда холестерин ва липид алмашинувини меъёрлаштирадиган моддалар кўплиги аниқланди. Шунинг учун овқатланиш рационидан тухумни олиб ташлаш керак эмас. Ҳафтасига 2-3 дона тухум истеъмол қилиш мумкин.
Ичакларга энг маъқули — сут
Ёши катта кишилар ичакларида йирингли бактериялар кўпая бошлайди. Натижада организмда витаминларнинг синтезланиши бузилиб, микрофлоралар фаолиятида зарарсизлантириш хусусияти ёмонлашади, холестеринни ҳайдаб чиқариш пасаяди, канцероген хусусиятга эга иккиламчи ёғ кислоталари миқдори сезиларли даражада кўтарилади.
Ичак микрофлорасини ўсимлик ва сутдан тайёрланган егуликлар, сут маҳсулотлари, дуккакли ўсимликлар дони, ёрма, сабзавот ва мевалар меъёрлаштиради.
Гўшт, балиқ, сабзавот…
Кексалар овқатланиш рационида гўштни камайтиришлари, уни кўпинча таркибида қон қуюлишини пасайтирувчи эйкозапент кислотаси мавжуд бўлган балиқ билан алмаштиришлари керак.
Кундалик таомномада, албатта, саримсоқ ва пиёз бўлиши шарт. Буларда ўта кучли гипохолестерин ва гиполипидемик таъсирга эга компонентлар, шунингдек, ўсма ривожланиши хавфини секинлаштирадиган моддалар мавжуд.
Охирги одатдаги хусусиятларидан бири каротиноидлар сариқ рангли сабзавотларда кўп, масалан, сабзида.
Геродиетологлар (қарий бошлаган ва кексайганларни овқатлантириш муаммолари билан шуғулланувчи мутахассислар)нинг фикрига кўра, ёши улуғ инсонлар таомномасидаги озиқ-овқатлар таркибида геропротекторлар (қаришни секинлаштирувчи воситалар) нинг мавжуд бўлиши муҳим аҳамиятга эга экан. Улар ичида антиоксидантлар бирмунча яхши ўрганилган. Бу аминокислоталар (метонин, цистеин, глутамин кислотаси), витаминлар (аскорбин, никотин кислоталари ва В гуруҳи витаминлари, Р, А, Е, К витаминлари, А провитамини — каротин), минерал моддалар (магний, рух, темир моддаси, мис). Яна ўсимлик маҳсулотлари таркибидаги биофлавоноидлар, ўсимлик стероидлари, бетанидин (қизил лавлагига ранг берувчи модда), қичитқи ўт, қизил лавлаги, кашнич, мармарак, эстрагон, розмарин, маврак, кашнич ва бошқа ўсимликлар шу гуруҳга мансуб. Шунингдек, олма, узум, чой ва сут-қатиқ маҳсулотлари ҳам антиоксидантларга бой. Мутахассислар айни пайтда антиоксидантларга стресс ҳолатининг олдини оладиган модда сифатида қарашаётганини билиш ҳам зарар қилмайди.
Ёшариш учун…
Организмнинг эрта қаришини тезлаштирадиган турли касалликларга чалиниш ва нотўғри турмуш тарзидан воз кечиш учун овқатланиш рационини тузишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш лозим.
— Гўшт ва балиқни қайнатиб, сабзавотли гарнир билан истеъмол қилиш керак. Бу уларнинг биологик қувватини оширади.
Ҳайвонлардан олинадиган оқсилнинг асосий манбаи творог (кунига 50 грамм), худди шу миқдорда балиқ, ёғсиз гўштни эса 60 грамм истеъмол қилиш лозим.
— Гўшт ва балиқ шўрвасини ҳафтада 2-3 мартадан оширманг, чунки бундай шўрваларда подагра (модда алмашинувининг бузилиши туфайли юз берадиган, бўғинларни қизишгандек зирқиратиб оғритадиган касаллик)ни ривожлантирадиган экстрафаол моддалар мавжуд.
Қолган кунларда гўштсиз суюқ таомлар истеъмол қилиш мумкин;
— имкони борича, таомномангизга денгиз маҳсулотларини қўшинг. Улар антисклеротик таъсирга эга бўлиб, айниқса, 70 ёшдан кейин фойдали ҳисобланади;
— ҳайвонлар ёғи ва улардан тайёрланган, таркибида тўйинган ёғлар (чўчқа ёғи, корейка, ветчина) ва холестерин (буйрак, мия, елин) бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишни камайтиринг.
— Шакарни кунига 30 грамм, яъни 4 чой қошиқдан кўп истеъмол қилманг. Уни асал билан алмаштиринг, аммо асални шакар, торт, пирожний, конфетлар емаслик шарти билан кунига 60 граммгача истеъмол қилинг;
— таомингиздаги туз миқдори кунига 1 чой қошиқдан ошмасин;
— яхшиси, кунига 200 граммдан кўп бўлмаган кепакли қора нон енг;
— агар аллергиянгиз бўлмаса, кўпроқ ҳар хил ёрма, ловия, кўк нўхатдан таом тайёрланг;
— дастурхонингизда кунига, албатта, саримсоқ, янги узилган кўкатлар, сабзавотлар, кўк ва бош пиёз бўлиши шарт.
Витамин етишмаса…
Сархил ёки ачитилган карам (тузлангани эмас), картошка, пиёз С витамини манбаи ҳисобланади. Бу витамин етишмаса, кексаларда лоҳаслик, уйқучанлик, касалликларга тез чалинувчанлик (грипп, ЎРВИ — ўткир респиратор вирусли инфекциялар каби хасталиклар), бош айланиши, иммунитет сусайиб кетиши, асабийлик кузатилади.
Кексалар таомномасида организм учун зарур бўлган барча витаминлар ва макро ҳамда микро моддалар мавжуд бўлиши шарт. Чунки организмнинг жисмоний ва ақлий ривожланиши учун зарур бўлган бирорта модда етишмаса, саломатликка жиддий путур етади.
Ёш ўтиши билан инсон организми сувсизлана боради. Мисол учун, ёшларнинг танасида 60 фоиз сув бўлса, кексаларда бу кўрсаткич 50 фоизни ташкил этади. Одамнинг танасида яширин чанқоқлик кузатилса, моддалар алмашинуви секин кечади, қон қуюлади ва иммунитет пасайиб, турли касалликларга тез чалиниш хавфи ортади. Ушбу салбий ҳолатнинг олдини олиш учун 1, 5 литр суюқлик истеъмол қилиш зарур. Шунда қариш жараёни ҳам секинлашади.