Худди бизнинг замонда деразалари қулаб тушаёзган, ваннахонасидаги трубалардан елкага чакка томиб турувчи, ошхонасидан сувараклар аримайдиган, балконсиз, зах ҳиди уфуриб тургувчи «однушка»да ожиз-у нотавон, ғарибдан ғариб шоир, журналист яшаган экан. У кунларнинг бирида ярим кечаси ҳовлига чиқиб тиз чўкибди-ю, худога нола қила бошлабди.
— Худойим, юз минг сўм бер, ойликкача етволай! Аммо… Айтиб қўяй, 99 минг 999 сўм берсангам олмайман!..
Ўша маҳал деворнинг нариги тарафида яшовчи бойвачча фермер қўшниси журналистнинг ноласини эшитиб қолибди ва синаб кўриш ниятида халтачага 99 минг 999 сўмни солиб девордан аста ташлаб қўйибди. Журналист нола чека-чека қараса, ёнгинасида халтача пайдо бўлибди. Шошиб ичини очса, пул. Санаб кўрибди. 99 минг 999 сўм экан.
— 99 минг 999 сўмни берган худо бир сўмниям бериб қолар! — дебди-ю, уйга равона бўлибди. Бой фермер қўшниси кузатиб турган экан. Жон-пони чиққудек бўлиб югурганча журналистникига чиқиб бақира кетибди.
— Сиз худога нола қилиб, «Эй худо, юз минг сўм бер, 99 минг 999 сўм берсангам олмайман», деганингизни эшитиб, сизни синаб кўрмоқчи бўлгандим. Бу пуллар меники!
— Ие, — дебди ғариб журналист. — Бу пулларни худо берди. Мен ердан ҳатто итларнинг оёғи узилган маҳал худойимга нола қилиб сўрагандим. Мана, берди!
— Бунақаси кетмайди, — дебди ғижиниб бой фермер қўшниси. — Судга борамиз. Судья ажрим қилсин!
— Судга? — дебди елка қисиб ғариб журналист. — Судга бориш учун янги кийимим ҳам, уловим ҳам йўқ. Мен судьянинг олдида шарманда бўлишни хоҳламайман!..
Бой фермер қўшниси азбаройи аламига чидай олмай, унга янги бош-оёқ сарпо, машина ҳадя қилибди. Улар судга боришибди.
— Жаноб судья, — дебди бой фермер қўшниси. — Манави одам нуқул худодан «Худойим, юз минг сўм бер! 99 минг 999 сўм берсангам олмайман!», деявергани учун синаб кўрмоқчи бўлиб халтачага 99 минг 999 сўмни жойлагандим ва деворнинг нариги тарафига ирғитгандим. Энди пул меники десам тан олмаяпти. Пулларни менга худо берди деб туриб олди.
Судья ғариб журналистга юзланиб сўрабди:
— Ўртоқ журналист, қўшнининг гаплари ростми?
— Жаноб судья, — дебди ғариб журналист. — Қўйиб берсангиз, бу ярамас манави устимдаги кийимлар, ҳовлида турган машинаниям меники дейди!..
Бу гапни эшитган бой фермер қўшниси жонҳолатда тиз чўкибди-ю, қичқирибди.
— Ҳа-а, кийимлариниям, ҳовлидаги машинаниям мен олиб бердим, мен!!!
Судья бир қарорга келибди. Бой фермер қўшнини пўписалаб ҳайдабди. Ғариб журналистни эса тавозе билан кузатиб қўйибди.
Аммо… Ташқарига чиқаётганда, ғариб журналистнинг ожиз-у нотавонлиги тутибми, ё бошқа сабаб бўлибми, бошини эшик кесакисига уриб олибди. Чунонам урибдики…
Кўзларидан ўт чиқиб кетаёзибди.
Зарба миясини чайқай-чайқай, кўзларини каттароқ очибди.
Не кўз билан кўрсинки, у ўзининг деразалари қулаб тушаёзган, ваннахонасидаги трубалардан елкага сув томчилаб турувчи, ошхонасидан суварак аримайдиган, балконсиз «однушка»сидаги каравотда ётган экан.
Кўрган-кечирганларининг барчаси туш бўлиб чиқибди.
Шоша-пиша ўрнидан туриб телефонига ёпишибди.
Оҳ, худойим! Қанчалар меҳрибонсан!!!
Қўллари дард кўрмасин!
Худо хайрларини берсин!
Ишхонасидаги бухгалтерлар одатга кўра маошининг ярмисини пластик карточкасига ташлаб қўйишибди.
Ура!!! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|