Хизматчилик
Биз эшаклар кўп яшамаймиз. Шунга қарамай, умримнинг тенг ярмини хўжайинга бағишладим. Ҳалол хизмат қилдим. Ҳали сомон, ҳали пичан, ҳали ўтин ташидим. Бу ҳам етмагандек, тез-тез хўжайин мени миниб қишлоқ айланарди. Биқинимга туртар, тезлашмасам, қамчин билан савалаб қоларди. Қишлоқ кранига сув келмасаям мен балогардон эдим. Шундоғам яғир елкамга икки-уч-тўртталаб сув тўла бидонни ортишарди. Чидардим…
Барибир обрў, қадр топмадим.
Мениям алқанг, хўжайин!
Оғилхона катта. Тўрда айғир, икки ёнда елини ерни супургудай тўрт сигир турарди. Менга эса бурчакдан, оғилхонанинг энг қоронғи, зах еридан жой ажратишган. Қур-қур хўжайин оғилхонага кириб келарди-да, ҳаммамизни бир-бир кўздан ўтазарди. Сигирлардан, айғирдан ҳол сўрарди. Мендан бўлса ҳеч нарса сўрамасди. Ҳатто бир марта қараб ҳам қўймасди.
Индамасдим. Нафас олишга-да қўрқиб тек, бошимни қуйиб солганча тураверардим.
Хўжайин энг аввало айғирнинг ёлларини силаб эркаларди. «Ўзимнинг тулпорим» дея алқарди. Думингни аллакимларнинг сочига ўхшаб қирқтириб гижингламай ўлгур ҳезалак айғир бир ишшаярди, бир ишшаярди… Аламимдан ҳанграб юборай дердим. Иложим қанча? Дардимни ичимга ютардим-у, сукут сақлардим. Нима фойда? Ҳанграганим билан барибир хўжайин қулоқ солмайди. Жуда бўлмаганда, мана шу айғир-у, елини ер супургудай сигирларнинг айтгани бўлади…
Чўғдек қизил поча пўстин
Совға олиш кимга ёқмайди. Аммо ўйлаб қарасам, шунча йил хўжайинга ҳалол хизмат қилиб бирор марта янги тўқим, ё ҳеч қурса арқонга эга чиқмабман. Индамасдим, замон зайлига йўйиб қўя қолардим. Бироқ куни кеча хўжайин қўлида чўғдай қип-қизил ёпинчиқ билан келаётганини кўриб қолдим. Хурсандлигимдан ҳанграб юборганимни сезмай қолдим. Афсуски, тарвузим тағин қўлимдан тушди. Бу чопон айғирга экан. Хўжайин ёпинчиқни, жайдарироқ қилиб айтганда, ўша поча пўстинни айғирнинг устига ёпди-да, белига эркалаб шапатилаб-шапатилаб қўйди. Бу гал энди аламга чидолмай чўзиб-чўзиб ҳанградим. Калтафаҳмлик қурсин! Бу ҳанграшим бошимга бало бўлди. Хўжайин қўлига қамчи олди-да, «Мунча ҳанградинг? Шунча ейсан, ичасан, барибир шукр қилмайсанми, ярамас хачир?» деганча савалаб қолди. Савалаши-ку, майли, бунақанги турткилар, калтакларни еявериб этим қотиб кетган. Хачир деб ҳақоратлагани ўтиб кетди. Бошимни эгганча «Фр-фр-фр-фр» лаб оғир-оғир хўрсиндим.
Биз эшаклар ҳақорат, миннат эшитиш, калтак ейиш-у, эшакдай ишлаш учун дунёга келган эканмиз-да!
Эшакдаям юрак бор
Менам эркакман. Соҳибжамол эшакойларнинг товушини керак бўлса минг чақиримдан танийман. Юрагим безовта уриб улар томон талпинаман.
Кеча ҳам шундай бўлди. Ҳув ўша кўл бўйида эшакойларимдан бирининг ўзгача нола билан ҳанграгани қулоғимга чалинди. Аниқ пайқадим. Жонон мени чорлаяпти. Аксига олгандек, ноинсоф хўжайин арқонни оёғимга бойлаб қўйган экан. Шундаям эҳтирос кучлилик қилди. Икки силтаниб арқонни уздим-у, жонон томон чопа кетдим…
Ҳовлиқмай мен ўлай. Ҳали тиллашишга, муҳаббат изҳор қилишга улгурмай, ортимдан хўжайин айғирни минганча етиб борди ва мени қамчилай-қамчилай уйга ҳайдаб келди. Жазолади. Мени тунда яйдоқ, ўт-ўлан ўсмайдиган ерга бойлаб қўйди.
Тунги шудринг калликка мойил теримни ювиб ўтаверди. Кўз ёшларимни ялай-ялай тўйиб йиғладим. Тўғри-да, мен ким бўлибман? Анави сигирларига ўхшаб фермага чопмайман, қутурган буқаларга илакишиб бузоқчалар туғиб бермайман. Ёки гижинглаган ҳезалак айғири каби думимни кестирмайман. Бўлар-бўлмасга кишнаб, хушомад қилмайман. Чунки биз эшаклар жиддий жонзотлармиз. Думимиз ҳам ҳалигидай йўғон ва дағал, эркакча дум. Айбимиз шу холос…
Мениям тиш дўхтирига олиб боринглар!
Қарилик қурсин. Кейинги кунларда тишларнинг мазаси қочган. Ердан ажриқ томирини узиб еёлмайдиган бўлиб қолдим. Аҳён-аҳёнда устимдаги инс-жинсларни ҳайдаб солиш илинжида ерга думалаб-думалаб олардим. Ҳозир эса думалашга думалайман-у, турволиш муаммо.
Хўжайин ҳам сўнгги пайтларда емдан қисяпти. Оғилхонага киритмай қўйди. Қачон қараса, далага бойлаб кетади. Далада қўй-қўзи, эчки, бузоқларнинг иштаҳа билан ажриқ кемираётганини кўраман. Уларга қараб туриб ёшлигим ёдимга тушади. Ёшлигимда қамчин ва оғир юкдан бошқасини кўрмаган бўлсам-да, барибир хотирлашга арзигулик воқеалар бор. Агар ўша ёшлик даврим қайтиб қолса, ҳозир манави чурвақаларга ажриқ тегмасди. Шуларни ўйлаб туриб, осмонга боқдим-да, хириллай-хириллай: «Хўжайин, мениям тиш дўхтирига олиб боринг!» дея ҳанградим. Зора оҳларим хўжайинга етса-ю, инсоф қилса!.. Ҳеч бўлмаса, қариган чоғимда тўкилиб битаёзган, қолган-қутганиям патаклашган юнгларимни бир марта силаб, мен етимга таскин берса!..
Тағин бу гапларимни биров-яримга айтиб қўйманг-а, биродар! Ҳозир замон қалтис. Ой чиқсаям, кун чиқсаям оғилхонадаги айғирларга бўляпти. Эшитиб қолса, хўжайин мени бозорга олиб бориб сотвориши, ёки сотиш билан қўрқитиши, дўқлаши ҳеч гапмас.
Ахир, қари, тишлари кемшик, бунинг устига нотавон кал эшак кимгаям керак?!. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|