Мадамин ҳали ёш эди. Фарзанд орзу-ҳавасини кўришга ҳақли эди. Лекин элликка кирмай тўшакка михланди. Ҳар кўзгуга боққанда пешонаси тўла ажинни, жонсиз оёқларини кўради-ю, беихтиёр йиғлаб юборади.
У билади. Ҳаммасини англаб туради. Фақат… Дардини ҳеч кимга айта олмайди…
* * *
Қиш кирди дегунча Мозорқишлоқ йигитларига Худо беради. Носир тракторчиникига бир-бир оқиб келаверишади. Баҳордан бери далада тер тўкиб чарчаган йигитлар фақат қиш фаслидагина енгил нафас олиб, гаштак деб аталмиш кичик маросимни бошлашади.
Гаштакнинг қоидаси оддий. Навбати билан бир кун ош, бир кун шўрва қилинади. Ичкиликни эса ҳар ким ўзи билан, таъбига қараб олиб келаверади.
Айниқса, ичкиликка бошқалардан кўра Мадамин ҳавасмандроқ. Йиғди-йиғди ҳам қилиб ўтирмайди. Чўнтагида мириси қолмаса қолмайдики, аммо гаштак ичкиликсиз ўтмаса дейди…
— Қани, ош олдидан элликта-элликта олайлик, Қўчқор! — Мадамин йил бўйи хирмонда пахта ташишдан бўшамайдиган синфдошини туртди. — Анавиларни қўявер! Улар бизга ўхшаб ичса, бўкиб ўлади!
Қўчқор кула-кула Мадамин қўйнидан олиб стол устига қўйган бир шиша ароқни бир-икки силтади-да, қопқоғини очиб пиёлаларга қуйди.
— Анави жияним Нусрат жуда жонга тегди-да! — дея афтини бужмайтирди Мадамин. — Нуқул хотинимминан айтишгани айтишган. Нима қилсам экан-а?..
Қўчқор пиёладаги ароқни паққос туширди-да, газагига тўғралган пиёздан чайнаб, қўл силтади.
— Жиянинг туппа-тузук бола-ку! Айб хотинингнинг ўзидадир-да!
— Гап деб гапиравераркансан-да сенам! — Қўчқорни уришган бўлди Мадамин. — Ҳалима уни болалигидан оқ ювиб оқ тараган. Киригача ювса, овқатини пишириб олдига қўйса… Тағин нима қилсин?..
— Собир бобоминан, Суйди момо жиянингни ер-кўкка ишонмайди. — деди Қўчқор жиддий тортиб. — Қўй, қаттиқ тегма болага!.. Катта бўлса қуйилиб қолар. Тағин ота-онанг оғриниб қўймасин!.. Ма, манавини ичвор, енгил тортасан!..
— Тўғри, лекин шу етимчани ота-онам эркалатаверишига ғашим келади, ошна! Борсин ота юртига! Бу ерда пишириб қўйибдими? Ҳали ўғлим катта бўлса, қаерга жойлаштираман уни? Нусратга қоладими ҳаммаси?..
Қўчқор синфдошининг муддаосини тушунди. Бироқ орада гап қочмаслиги учун тилини тийиб қўя қолди.
* * *
Гаштакдагилар хуфтонга яқин тарқалишди. Кайфи таранг Мадамин Қўчқорнинг ҳай-ҳайлашига-да қарамай, гандираклаганча ҳовлисига кирди-да, бир муддат чол-кампирларнинг хонасига разм солган бўлди. Уй чироғи ёниқ, ичкаридан Нусратнинг хандон отиб кулгани қулоққа чалинарди.
— Хунасанинг боласи! — дея уй томон юрди Мадамин. — Очиб қўйибдими кулади?.. Ҳозир кирай!..
Ҳали эшикка етиб улгурмай хотини Ҳалима пучуқ (бу аёл болалигида эшакдан йиқилган ва бурни синиб кетган-у тузалгандан сўнг пучуқнамо қиёфага кириб қолган экан) пилдираганча келиб унинг йўлини тўсди.
— Менга қаранг, дадаси, — аста Мадаминнинг қулоғига шивирлади у. — Боя кир юваётгандим. Анави Нусрат песингиз кимминандир кесак отиб ўйнаётганакан. Кесаги нақ тоғорамга келиб тушса бўладими… Жон-поним чиқиб кетаёзди. Э, бир адабини бериб қўймасангиз бўлмайди шекилли. Жа ҳаддидан ошиб кетди бу кўрнамак!
— Шунақами? — гезарди Мадамин. — Бўпти, сен… Уйга киравер, ўзим масаласини ҳал қиламан!..
Ҳалима пучуқ қандай пилдираб келган бўлса, шундай ҳолатда ўз уйига кириб кетди!..
* * *
Собир бобо етмишдан ошган. Соқоли кўксига тушади. Пешона-бўйинларига тушган ажинлар ҳаётнинг ғам-андуҳларини кўпроқ тортганидан дарак берса-да, кўзларининг ҳануз чақнаб туриши бу ғамларга банди бўлмаганини айтиб туради.
Қария ўғлининг мастлигини эшик очишидан пайқади ва ўрнидан қўзғалиб йўлини тўсди.
— Кирма, болам, кирма! Фаришталар қочади! Кирма! Эрталаб ҳушёрлигингда кирасан!
— Э, ота мунчаям тергайвермасангиз-а? — отага ўдағайлади Мадамин. — Ўтиравермайсизми жойингизда?..
— Вой, болажоним, — ўғлининг феълини яхши билгани учун Суйди момо елкасидан силаб-сийпаб ўтқазишга тутинди. — Кел, бир пиёла иссиқ чой ичгин, кайфинг тарқайди!
— Нимага манави арзандангиз ўрнидан турмайди? — Нусратни кўрсатиб бақирди Мадамин. — Вей, ёпишиб қолганмисан тўшакка?
Ўн беш ёшли Нусрат тоғасининг дағдағасидан қўрқиб аста ўрнидан турди ва бурчакка туриб олди.
— Нега қотиб қолдинг? Хода ютганмисан? Сўрашмайсанми?..
Болакай бош эгганча келиб Мадаминга қўл чўзди. Тоға эса сўрашиш ўрнига унинг қўлидан бир силтаб ўзига тортди-ю, юзи аралаш тескари шапалоқ тортиб юборди.
Нусрат полга қулади ва йиғлаб юборди.
— Нимага урасиз мени? — йиғи аралаш қичқирди у. — Нима ёмонлик қилдим сизга?..
— Вой, нега урасан боламни? — Суйди момо югуриб бориб Нусратнинг олдини тўсиб олди. — Шундай ювош боланиям урадими одам?
— Қўй, ўғлим, — орага тушди Собир бобо. — Уйингга кир-да, дамингни ол!
— Э, сенлар аралашма! — чол-кампирни сенлаб бақирди Мадамин. — Бу неваранг бола-ю, меники бола эмасми?.. Бу-чи, жимгина кир юваётган Ҳалиманинг тоғорасини кесакка тўлдириб қочибди, тузукми?!. Тағин ўртага тушасанлар!.. Тур ўрнингдан қизиталоқнинг боласи! Ҳозир…
Собир бобонинг тоқати тоқ бўлди. Ҳассасини қўлига олди-да, ўғлининг олдини тўсди.
— Шу бегуноҳ болани ургандан кўра, мана, мени ур, ҳароми! — қариянинг овози хириллаб чиқди. — Ҳа-а, нимага аммамнинг бузоғидай бақрайиб қолдинг? Урмайсанми?
— Қоч дедим! — оғзидан кўпик сачратиб қичқирди Мадамин. — Йўлимни тўсмаларинг! Ўзингга ёмон бўлади!
— Қочмайман! — деди Собир бобо. — Мен ўғил эмас, ит ўстирган эканман!
— Нима?.. Мен ит бўлдимми ҳали?..
Бу гапни эшитиб азбаройи жаҳл отига минган Мадамин отасини қандай қулочкашлаб урганини сезмай қолди…
Собир бобо учиб бориб боши билан деворга урилди. Ҳали ҳовури босилмаган Мадамин дод солганча ўзига ёпишган Суйди момони ҳам зарб билан итариб юборди…
Бир зумда уй ичи чол-кампир ва Нусратнинг дод-войига тўлди…
Мадамин эса эшикни қарсиллатиб ёпди-ю, уйига кириб кетди…
— Илоё, косанг оқармай ўтгин! — ичкаридан жони оғриган ота ва онанинг аччиқ ҳайқириғи эшитилиб турарди. — Битта нонга зор, касалга чалиниб хор бўлмасанг рози эмасма-ан!..
ЭСЛАТМА:
Ҳа, оиладаги жанжаллар бундан кейин ҳам адоғига етмади. Мадамин ота-онасидан афсуски, узр сўраб ёлвормади. Бесабаб қўл кўтаргани учун кексалар милицияга мурожаат этишмади. Тавбасига таянмаган Мадамин-чи?.. Нусратни турткилашда давом этаверди. Бола фақир охир-оқибат бу хонадондан бош олиб кетишга, ўзини тақдир ҳукмига топширишга мажбур бўлди…
Орадан йиллар ўтди. Собир бобо, Суйди момолар бу дунёдан ўтиб ҳам кетишди. Мадамин ўғил уйлантирди, кенг ҳовлида яйраб яшади.
Надоматлар бўлсинки, бу лаззатли онлар узоққа чўзилмади-да! Кунларнинг бирида инсультга учради-ю, ўша-ўша ўзини ўнглай олмади.
Бу ҳам етмагандек, ҳали қирққа кирмай мункайган Мадамин энди-энди ҳассага таяниб ҳовлиларда юра бошлаганда, ёлғиз ўғли ҳарбий хизматдан ногирон бўлиб қайтди. Бу эса Мадаминни қайтадан тўшакка михлади-ю, узоқ йиллар шу кўйи ётиб қолди…
Ҳозир у ҳаёт. Бироқ қўли бир пиёла сувни тутиб тура олмайди. Хотинининг турткилари, норозиланиб жаврашларига чидашга, кимсасиз хонада соатлаб аламли кўз ёш тўкишга маҳкум. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|