Андижонда шу йил 21 апрел куни эр-хотин жанжали оқибатида аёл аразлаб онасиникига кетиб қолганди. Эр эса қайнонасиникига бориб хотинидан уйга қайтишни талаб қилди. Аёл истамади. Қайсарлик қилиб туриб олди. Шунда эркак қўлига пичоқни олди-ю, хотини сўйишга тутинди. Кейин эса қайнонанинг уйига бензин сепиб ўт қўйишни ихтиёр этди. Хайриятки, ҳеч бирига улгурмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари вақтида тўхтатиб қолишди.
Эркак суд ҳукмига кўра 15 кеча-кундузга қамалди ва яна 4 млн 460 минг сўм миқдоридаги жаримага тортилди.
Шу ўринда бир ҳақиқатни айтиб ўтиш ўринли бўлади. Негадир ҳозир ёшлар сабрсиз, иродасиз бўлиб кетишди. Сал асабига тегсангиз, ўзини осишга, ё сўйишга тутинади. Ваҳоланки, биз ўта кучли иродага эга, вужудида матонат, мардлик ғиж-ғиж тўлган халқ фарзандимиз. Ота-буваларимиз 33-йилги очарчиликларни ҳам мардона енгиб ўта билишган. Нега биз нозиклашиб кетдик? Одам ўлдириш, жонига қасд қилиш гуноҳлигини, бунинг ажрини тўлаш мушкуллигини биламиз-у, билганимиздан қолмаймиз. Қиссадан ҳисса шуки, ўша андижонлик эр-хотин ҳам, жонига қасд қилган боғча мудираси ҳам Оллоҳни ёддан чиқармаса, шайтон йўриғида қолмаса, муросаи-мадора деса бўларди-ку! Афсус!