Ҳаммамиз қувончли воқеани кутиб турган бир пайтда оиламизга қайғу оралади. Опам фарзандини дунёга келтирди-ю, оламдан ўтди. Кутилмаган жудолик бизни ларзага солди. Айниқса, тўнғич фарзандини кутиб юрган поччам учун бу айрилиқ оғир эди. Маросимлар ўтгандан кейин ҳам поччам чақалоққа қайрилиб қарамасди. Севган инсонининг ўлимига гўёки шу чақалоқ сабабчидек, хушламай қараб қўярди.
— Набирамда нима айб? — тушунтирди онам. — Қизимнинг пешонасига шу тақдир битилган экан, кўнмасдан ўзга чорамиз йўқ.
Лекин ҳеч қандай тасалли поччамга таъсир қилмасди. Оқибатда онам Ёдгорбекни уйга олиб келди-да, «Қизимдан қолган ёдгорим», дея қарай бошлади. Тунлари Ёдгорбек тинимсиз йиғлаб чиқарди. Онам шўрликка ҳам оғир эди.
Кунларнинг бирида онамга раҳмим келганидан хонага ўтиб бордим.
— Ойижон, бироз дам олинг, бунақада касалланиб қоласиз, — дея кўзлари юмилиб кетаётган онамнинг ёнига ўтирдим. — Ёта қолинг, ойи.
— Билмадим, бола ҳам онасидан айрилганини тушуняптими дейман, тинимсиз йиғлайди, — кўз ёшларини артди онам. — Унга ҳам осон эмас, катта бўлганда онасининг уни туғаётган пайтда бу дунёни тарк этгани пешонасига тамға бўлади.
Онам чақалоққа ачиниб қараб қўйди-да, аста ёнбошлади. Ёдгорбек кутилмаганда жимиб қолди. Ўрнимдан туриб, унинг каравотига яқинлашдим. Чақалоқ шифтга тикилган кўйи ётарди. Кутилмаганда чироқ ҳам ўчди. Гўдак ҳали ухламагани учун шам ёқдим. Хона четида ётган онам толиққанидан ухлаб қолганди. Бирдан эшик очилиб кетиб, шамол шамни ҳам ўчириб қўйди. Қандайдир ғалати, англаб бўлмас қўрқув бутун вужудимни чулғаб олганди. Хонанинг бурчагига бориб, кўзларимни юмиб олдим. Шу пайт қандайдир шарпа пайдо бўлгандай туйилди. Қўрққанимдан кўзларимни оча олмасдим. Ёнгинамдаги кўрпачани олиб, устимга ёпдим. Негадир чақалоқ тинчиб қолганди. Бир томондан жиянимга бир нима бўлмасайди, деган ҳадик ҳам бор эди. Бу ҳолатда узоқ туролмасдим, хонада нима бўлаётганини билиш истаги қўрқувдан ҳам устунроқ эди. Аста кўрпачанинг бир томонини очиб, чақалоқ ётган томонга қарадим. Не кўз билан кўрайки, бир аёл Ёдгорбекни қучоғига олиб, эмизиб ўтирарди. Яна кўрпачани устимга тортиб олдим. Орадан қанча вақт ўтгани ёдимда йўқ. Ўзимни қўлга олиб, хонага кўз югуртирдим. Аёл шарпаси аста-секинлик билан эшик томон ўтиб борарди. Аёл чиқиб кетаётганда эшикни ёпди ва шу ондаёқ чироқ ёнди.
Тунда бўлиб ўтган воқеадан қўрқиб кетгандим. Онам уйғонганида хона бурчагида ўтирганимни кўриб, ҳайрон бўлди.
— Тинчликми, Наргиза? — деди менга тикилиб. — Рангингда ранг қолмабди, қизим. Нима бўлди?
Сўнг у жавобимни ҳам кутмасдан, хавотир билан ўрнидан турди-да, Ёдгорбекнинг каравотига яқинлашди. Чақалоқ ухлаб қолганини кўргач эса хотиржам тортиб, яна менга ўгирилди.
— Бирор нимадан чўчиган кўринасан, — деганча ёнимга келиб ўтирди онам. — Ёдгорбек ҳам ухлаб қолибди. Бошқа кунлари эрталабгача тинчимасди.
Тундаги ҳодиса ғайритабиий, жуда қўрқинчли бўлса-да, онамга бу ҳақда гапирмадим. Кундузи ўзимда куч топа олдим. Энди қўрқув ўрнини қизиқиш эгаллаб олганди. Тунда жиянимнинг олдига ким келаётганини билиш ҳисси ҳамма нарсадан устун бўлиб туйиларди.
— Ойи, бу кеча Ёдгорбекка ўзим қарайман, бемалол ухлайверинг, анча кундан бери оромингиз йўқ.
— Набирам кам ухлайди, толиқиб қоласан-да, қизим, — менга ачинди онам. — Балки, навбат билан қарармиз.
— Шарт эмас, ойижон, — тинчлантирдим мен. — Истасангиз, ўз хонангизда ётаверинг. Керак бўлсангиз, чақираман, ён томондаги хонадасиз-ку.
— Ҳа, майли, қаттиқ ухлаб қолмагин яна, — огоҳлантирди онам. — Чақалоқ кўп йиғласа ҳам яхши эмас, толиқиб қолади.
Онам шу куни ўзининг хонасига ўтиб ётди. Кундузи қўрқув чекинган бўлса-да, тун пардаси яна мени ҳаяжонга сола бошлади. Ёдгорбек каравотига осилган шилдироқни ўйнаб ётарди. Анча вақтгача кутдим, ўтган кундаги шарпадан дарак бўлмади. Уйқу устунлик қилиб, кўзларим юмилди. Ярим кечада эшик ёпилганидан уйғониб кетдим. Шарпа чиқиб кетаётганди. Ўрнимдан туриб, Ёдгорбекнинг каравотига яқинлашдим. Чақалоқ ҳамон ўйнаб ётарди. Кўзлари нимадандир миннатдор тарзда ёниб турарди. Кейинги кунлар ҳам жиянимга мен қарайман, деб у билан бир хонада тунай бошладим. Ҳар сафар ухлаб қолардим, тунги шарпани фақатгина чиқиб кетаётганда кўрардим. Қизиқишим эса тобора ортиб борарди. Жиянимга тунлари қараб турган аёл кимлигини билишни жуда-жуда истардим, аммо шу билан бир қаторда, бировга айтишга нимадир тўсқинлик қиларди. Ўша куни ухламасликка аҳд қилдим. Кута бошладим. Тонгга яқин уйқу устун келганди. Қандайдир шарпадан уйғониб кетдим. Яна аёл эшикни ёпиб чиқиб кетаётганига кўзим тушди. Ўзимда куч топиб, ўрнимдан турдим-да, эшикни очиб ҳовлига қарадим. Аёл шарпаси боғ этагидаги дарахтзор томон кетарди. Аста айвонга ўтдим, қандайдир куч менга далда бера бошлаганди. Айвондан пастга тушмоқчи бўлганимда аёл тўхтади. Мен ҳам айвон четида тўхтаб турардим. Аёл аста ўгирилиб, «Ҳеч ким билмаслиги керак», дегандек кўрсаткич бармоғини лабларига босди. Шундагина аёлнинг юзини кўрдим. Тунлари жиянимнинг олдига келаётган инсон опам эди. Бу воқеага анча вақт бўлди. Ёдгорбек катта бўла бошлаганда, аниқроғи, овқат ейишни ўрганганида опамнинг руҳи келмай қўйди. Шундагина мен опам тунлари боласини эмизиш учун келаётганини англаб етдим. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|