Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида яшовчи Асрор Аброров (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўғли Ботир Аброровга яширинча шаръий никоҳ ўқиганлиги учун етти суткага қамалди. Бу ҳақда «Дарё» интернет нашрига Андижон вилоят маъмурий суди раиси Отабек Мирзамаҳмудов хабар берди.
Маълум бўлишича, 2020 йилнинг март ойида фуқаро Собир Мирзаев куёви Ботир Аброровнинг қизи Феруза билан бўлган қонуний никоҳини бекор қилмасдан, бошқа фуқаро билан шаърий никоҳ асосида турмуш қурганини эшитиб, Булоқбоши туман ИИБга шикоят қилган.
Ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида Асрор Аброров 2020 йилнинг 7 март куни диний идоранинг махсус рухсатномасисиз ўзининг яшаш хонадонида ўғли Ботир Аброров ва Наргиза Ҳайитовага шаръий никоҳ ўқиб, диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузганлиги аниқланган.
Суд мажлисида Асрор Аброров 2002 йилда туғилган фарзандини қонуний никоҳ асосида уйлантирганини, икки нафар набираси борлигини, аммо келинининг хиёнати сабаб ўғлининг турмуши бузилганини айтган. Унинг айтишича, келини Россия Федерациясига кетиб қолгач, икки набираси билан қолган ўғли тушкунликка тушиб қолган. Шу сабаб февраль ойи охирида ўғлини жияни билан никоҳлатиш мақсадида бир неча домлаларга мурожаат қилган, лекин ҳеч ким ноқонуний никоҳ ўқимаслигини айтиб, илтимосига рози бўлмаган. Шундан кейин ўзи фарзандига шаърий никоҳ ўқишга мажбур бўлганлигини айтган.
Мазкур ишни кўриб чиққан суд Асрор Аброровни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 2-қисми (Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) билан айбли деб топиб, 7 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.