Дунёда дўстлик туйғусини ҳеч бир бойликка, мартабага тенглаб бўлмайди. Одамнинг биргина дўсти бўлсин, ҳеч қачон аросатда қолиб кетмайди.
Бироқ орамизда шундайлар борки, улар дўстликни сира тап тортмасдан ахлатга булғаб, ўз манфаати йўлида ундан қўғирчоқ каби фойдаланишга тайёр туришади. Шундай воқеа бундан бир неча йиллар олдин шаҳримиздаги кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлганди…
* * *
Бозорвой илк бор ўн олти ёшида ўғирликка қўл урган эди. Нима қилсин? Мактабдошларининг чўнтаги пулга тўлиб юриши, хоҳлаган вақтда барларга кириб кайф-сафо қилиши кўзини куйдирарди. Аммо отаси бунча пулни Бозорвойнинг чўнтагига солиб қўя олмасди. Заводда қоровулчилик қилиб топгани рўзғорни зўрға қопларди. Бозорвой эса ич-ичдан афсусланиб, қоровулнинг боласи эканидан пушаймон ерди. Ана шу нарса кунларнинг бирида уни ўғирлик сари етаклади.
— Менинг бошқалардан қаерим кам? Нега ўртоқларим каби ароқ ичиб сархуш бўла олмайман? Нима учун қизларни қаҳвахоналарга олиб кириб хурсанд эта олмайман? — деган саволлар исканжасида тиқилинч автобусга чиқиб кимнингдир киссасига қўл солиб катмонини олди. Биринчи гал иши ўнгидан келди. Катмон эгаси пайқамади. Бу пулларни азалий орзуси йўлида сарфлаган Бозорвой чўнтак қуригач, иккинчи, кейинроқ учинчи, тўртинчи марта бировларнинг ҳамёнига қўл солаверди.
«Кўза кунда эмас, кунида синади» деган мақол тўппа-тўғри чиқди. Серсоқол, барваста эркакнинг бир даста пулини олаётганда, қўлга тушиб қолди.
Аксига олгандек, эркак милицияда ишларкан. Қаматиб юборди.
Мана, йигирма учга етгандагина бугун қамоқдан чиқди. Бироқ ўзгармади. Бозорвой ҳануз ёнида қат-қат пуллар бўлишини, яхши яшашни, кайф-сафо қилишнигина хоҳлайди. Зонада ҳам ёмон бўлмади. Ўғирликнинг боши берк кўчасида улғайган аристонлардан кўп нарсаларни ўрганди, ўрганганларини амалда кўрсатиб бериб, уларнинг ишончига кирди. Ана энди бошқа қўлга тушмаслиги аниқ. Чунки, қаерда қандай иш тутиш, кимга қандай муомала қилиб, сувдан қуруқ чиқиб кетишни оби-тобида ўзлаштириб олган. Буёғи насиб бўлса, фақат маишатлардангина иборат бўлади…
* * *
Бозорвой шаҳар кўчаларини беписандлик билан айланиб автобус бекатига келди. Лекин негадир кўнгли ғаш тортиб ортига қайтди ва бозорга кириб қаҳвахоналардан бири томон юрди. Шу пайт ярқираган «Жип»дан тушиб ўзи тарафга қараб юра бошлаган йигитни кўриб таққа тўхтади.
"Ие, Шерзодми? — ўйлади йигитга яхшироқ разм солиб. — Ҳа, худди ўзи! Оббо баччағар-ей, кучайиб кетибди-ку!”
Шерзод ҳам уни таниб қулочини ёйганча яқинлашиб келарди.
— Ў, ўртоқ, ўзингмисан? — қувониб кетган Бозорвой Шерзодни маҳкам қучоқлаб бир-икки кўтариб ташлади. — Танимайдиган бўлиб кетибсан-ку, хумпар!
— Ўзинг ҳам ўзгарибсан, Бозор! — деди кулиб Шерзод. — Намунча озиб кетдинг?
— Э, сўрама, — қўл силтаб қўйди Бозорвой. — Муаммо кўп, оғайни, муаммо кўп! Яхшиси ўзингдан гапир! Манавинақанги машиналарда юрибсан.
Бозорвой «Жип»га ишора қилди.
— Зўр-ку, Шер!
— Бизнес қиляпман. — жавоб қилди Шерзод. — Фирмам бор. Чет элдан «мол» опкелиб улгуржи ўтказаман.
— Қанақа «мол»? Билсак бўладими?
— Унисини уйда гаплашамиз. Қара-я, орадан қанча йил ўтиб кетди. Бир партада ўтириб ўн йил ўқибмиз-а! Одам соғинаркан.
— Ҳа энди… Ҳаёт шунақа, дўстим! — деди Бозорвой. — Сен боплабсан ишни. Мана, мен бўлсам, турманинг адабини беришдан нарига ўта олмадим. Лекин афсусланмайман. Ҳаётни кўрдим, оқ-қорани танидим. Ишонасанми, бу дунёда дўстдан кўра душман кўп. Ҳаммагаям ишониб кетавериш керакмас. Шундайлар борки, эпини топса кўзингни ўйволиб, қорачиғингни пуллашгаям тайёр туради.
— Файласуф бўлиб кет-э! — деди Шерзод. — Нега қамалдинг? Биронтасини…
— Сўрама! Кейин айтарман…
— Хўп, кечир!.. Хўш, нима қиламиз? Шу ерда тураверамизми?
— Билмадим… Бойвачча нима деса шу-да! — ҳазиллашган бўлди Бозорвой. — Биз кичкина одам бўлсак!
— Опқоч-э, юр, уйимга олиб бораман сени! Зўр ароғим бор.
— Мана бу эркакча гап бўлди. Би-ир «Жип»да катайса қиларканмиз-да!
— Қизиқмисан? Машина сендай дўстимдан ортиқмиди? Юр!
* * *
Шерзод икки қават қилиб қурилган сароймонанд ҳовлида яшаркан. Шундай бадавлат бўлишига қарамай, ҳали уйланмабди. Оёққа туриб олиши керакмиш.
Бу гапни эшитиб Бозорвойнинг энсаси қотди. Егани олдида, емагани кетида бўлган Шерзоднинг оёққа туриши қандай бўлишига тушуна олмай боши қотди.
Улар иккинчи қаватдаги Шерзоднинг хос хонасига кирдилар. Хона кенг ва шинам эди. Айланасига чет эл мебеллари териб чиқилган. Дид билан ўрнатилган ҳарир пардаларни Бозорвой фақат киноларда кўрган.
— Қани, дўстим, манави оромкурсига ўтир! — уни қўлтиғидан олиб ўтқазди Шерзод. — Сендай синфдош дўстимни кўрганимдан хурсанд бўлиб кетдим. Кел, бугун мактабдаги ҳаётни эслаб бир ўтирайлик. Нима дейсан?
— Сен нима десанг шу. — бурчакдаги савлат тўкиб турган темир сандиқдан кўз узмай жавоб қилди Бозорвой.
— Ҳа, сандиқ ёқдими сенга? — сўради унинг ҳолатини пайқаган Шерзод.
— Чакана эмассан, Шер! — деди Бозорвой. — Биронтаям ўзимизда чиққан буюм йўғ-а уйингда!
— Албатта-да! Ҳаммасини чет эл фирмаларидан олганман. Мана шу сандиқни-чи, бир оғайним Кореядан олиб келиб берган.
— Йўғ-э! — ҳайрати ошиб Шерзодга бақрайди Бозорвой. — Шунча жойдан келтириш шартмиди? Ўзимиздаям яхшилари кўп-ку!
— Йўқ, бунақаси бизда чиқмайди. Сандиқ эгасининг қўлини танийди.
— Демак, бошқа одам очолмайди. Шунақами?
— Топдинг. Ҳаётда очолмайди… Хўш, қиттай-қиттай оламизми?
— Олдин очиб кўрсат-чи сандиғингни! — атайин Шерзодни тезлади у. — Кароматини кўрайлик-да!..
— Гап йўқ. — Шерзод секин бориб сандиқни очди.
Сандиқнинг ичкарисига кўзи тушган Бозорвой адойи тамом бўлаёзганди. Даста-даста долларлардан кўз узолмай, анграйганча қотиб қолган Бозорвойни Шерзод туртиб ўзига келтирди.
— Нима бало? Ҳушингдан айрилдингми?
— Пулинг шунча кўпми? — сўради кўзлари ола-кула бўлиб. — Шунча пулни нима қиласан?
— Оббо, шуниям тушунмайсанми? Бу пулларни янги «мол» олишга йиғиб қўйганман. Бир ҳафтадан кейин қарасанг, сандиқ қуп-қуруқ бўлади.
— Шунақа дегин? Қара-я!.. Кучайибсан, Шер, кучайибсан!..
Шундай дерди-ю, Бозорвойнинг нияти бузилганди. Ичи қизиб, юраги типирчилар, шу пулларнинг эгаси ўзи бўлишини орзулай бошлаганди.
— Кел, қиттай-қиттай олайлик! — Бозорвойнинг хаёлини бўлди Шерзод. — Қачон ичгим келса, мана шу ароқдан опкелтириб ичаман. Жуда ютими зўр! Эртасига бошниям оғритиб, гаранг қилмайди.
— Э, жа мақтадинг-да ароғингни! Қуй-чи! Кўрайлик-чи!
* * *
Бозорвой шом маҳали уйи рўпарасида «Жип»дан тушиб қолгач, ичкарига киришга шошилмади. Кўз ўнгида сандиқ ичидаги кўкимтир қоғоз пуллар гавдаланиб, тамшанаверди ва Шерзод ҳадя қилган бир дона юзталик долларни чўнтагидан олиб бир муддат тикилиб турди-да, бир қарорга келгандек, пулни қайтадан чўнтакка урди.
— Ҳа, — деди ўзига ўзи. — Садақани фақат ичиб тугатиш керак. Бошқа нарсага сарф қилиб бўлмайди. Ирими шунақа. Ҳезалак-ей, ўзича қўрсайди-да бу билан! Пули кўплигини намойиш қилмоқчи бўлди. Тупурдим бойлигинггаям, ўзинггаям!..
У шахдам қадамлар ташлаганча икки бекат наридаги қаҳвахона томон жўнади.
Ўша ернинг ўзида сотувчига долларни майдалатиб, энг қиммат турадиган ароқдан бир шишасини олди-да, ярмини кабоб билан паққос туширди.
"Мана буни кайф дейдилар, Шервачча! — хаёлан сўзланарди синфдошининг уйи тарафга таксида кетиб бораётиб. — Яхшиям бугун бошқа шаҳарга кетаётган экансан. Айни муддао. Шунча пулни бошингга урасанми? Ярмисини бизам ишлатайлик-да! Ажабмас бойлигинг юқиб, бизлар ҳам кучайиб кетсак! Савоб бўлар, ахир!..”
Ана таниш бўлиб қолган ҳашаматли ҳовли. Дарвоза ёпиқ. Демак, Шерзод жўнаб кетган.
Бозорвой уёқ-буёққа разм солди. Ҳеч ким кўринмаётганига амин бўлгач, бир сакраб баланд девордан ошиб ўтди.
Ичкари хоналар қулфланмаган экан.
— Довдир-ей! — кулди Бозорвой темир сандиқ тепасига келиб. — Шунча пул топибди-ю, ақл топмабди. Лақма-да ўлгудай! Мактабдаям ҳамма чув тушириб юрарди манқани. Нимаймиш, сандиғи эгасининг қўлини танирмиш. Кўрамиз ҳали!..
Бозорвой эҳтиёт шарт яна бир карра деразадан ташқарига кўз ташлаб олди-да, қўлидаги фонарни ёқиб, гиламнинг бир четини кўтарди. Калитни Шерзод шу ерга беркитаётганига кўзи тушганди.
Аммо калит ҳадеганда қулфни оча қолмади. Ўн, йигирма, ўттиз марта буради. Очилмади.
— Энди ўзидан кўрсин! — Бозорвой ўзича ғудрана-ғудрана ташқарига чиқиб қаердандир болта топди. Ва куч билан сандиқнинг эшигига ура бошлади.
Чамаси ўн дақиқача уринишлардан сўнг ниҳоят қулф синиб эшик қия очилгандек бўлди.
— Мана бу бошқа гап. — кула-кула тахланган долларларни олиб халтага жойлай бошлади Бозорвой. — Қўрқма, Шервачча, ярмисини оламан холос. Мен инсофли ўғриман. Ҳар ҳолда синфдош деган номинг бор.
— Ҳаммасини олаверсанг бўларди!
Бу овозни эшитган Бозорвой турган жойида бақа бўлиб қолди.
Секин-секин орқасига ўгирилди-ю, бўшашган кўйи қўлидаги халтани полга ташлади.
Остонада Шерзод икки милиционер билан ёнма-ён турарди.
— Сен аҳмоқни қамоқ ҳам тузата олмабди-да! — деди аста бориб уй чироғини ёқаркан Шерзод. — Яқин дўстим деб уйимга олиб келсам, сен бу қандни ебсан-да!
Бозорвойга унинг келиб қолгани жуда алам қилганди. Бир сандиққа, бир полда сочилиб ётган пулларга қараб олди-да, беихтиёр бақириб юборди.
— Нима, менинг бой бўлишга ҳақим йўқми? Нега энди сенинг шунча пулинг бўлиши керак? Нимага?..
Шу орада милиционерлар югуриб келиб унинг икки қўлтиғидан олишди ва қўлларига кишан солиб, ташқарига судрай бошлашди.
Бозорвойни Шерзод кечира олмади. Жиноятчи суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|